Агар раҳбар КПКдан шахсий мақсадларда фойдаланган бўлса, нима қилиш керак

preview

Ходимлар қасддан ёки эътиборсизлик оқибатида КПКдан шахсий мақсадларда фойдаланишлари мумкин. Баъзан раҳбарнинг ўзи бухгалтерга ўзининг қайсидир харажатлари учун тўловни амалга оширишни топширади: фарзанди учун болалар боғчаси, ресторанда оилавий кечки овқат ва ҳ.к. Агар барибир бу рўй берса, бухгалтер  нима қилиши кераклигини “Норма” эксперти Виктория БЕЗГИНА тушунтирди:


КПК сақловчиси учун умумий қоидалар

- 2021 йил 3 апрелда юридик шахслар томонидан корпоратив пластик карталардан фойдаланиш тартибини тартибга солувчи янги 3294-сон Низом кучга кирди.

КПКдаги пул маблағларидан фақат корхонанинг хўжалик фаолияти билан боғлиқ қатъий муайян мақсадларда фойдаланиш мумкин . КПКнинг сақловчиси корпоратив банк картасини ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмаган ҳолда корпоратив банк карталари воситасида ишлатилган маблағлар тўғрисида юридик шахснинг бухгалтериясига - тўлов терминаллари квитанциялари, электрон чеклар ва ҳ.к.ни илова қилган ҳолда ҳисобот тақдим этади.

Низом КПК сақловчиси билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузишни талаб қилмайди. Бироқ корхона локал ҳужжат билан (масалан, жамоа шартномаси) уни тузиш зарур бўлган ходимлар рўйхатини назарда тутиши мумкин.

Хусусан, Меҳнат кодексига асосан бевосита пул қимматликлари билан муомала қилаётган ходим махсус ёзма шартнома асосида унга ишониб топширилган қимматликларнинг сақланиши учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади . Бундай шартнома КПК сақловчисининг мажбуриятлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини белгилайди.

Агар ходим билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилган бўлса, белгиланиши бўйича сарфланмаган маблағларни қоплашига тўғри келади. Қоплаш тўғрисида қарор қабул қилинишидан олдин келтирилган зарар миқдорини белгилаш ва унинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш учун комиссия тузиш ва текширув ўтказишни маслаҳат берамиз.

КПК сақловчисидан тушунтириш хатини талаб қилинг. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бўйин товлаши уни етказилган зарар учун моддий жавобгарликка тортишга моне бўла олмайди .

Иш берувчи ходимдан қандайдир сабабга кўра қарздан воз кечишга ҳақли . Бу ҳолда КПКдан сарфланган пул маблағлари моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади  ва ЖШДС солиниши керак . Бундай харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайдиган харажатлар бўлади . Агар корхона айланмадан солиқ тўласа, унда бундай харажатлардан солиқ оқибатлари бўлмайди.

Эътибор беринг!
Корпоратив банк картасига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва дивидендларни ўтказиш мумкин эмас. Шунингдек, КПК воситасида нақд пул берилиши ёки чет эл валютасини сотиб олиш мумкин эмас.


Агар пулни таъсисчи (директор) сарфлаган бўлса

Барча юқорида санаб ўтилганлар корхонанинг таъсисчиси (раҳбари)га ҳам тааллуқли. Агар КПК сақловчиси ҳақиқатда директор ҳисобланса, у билан ҳам умумбелгиланган тартибда тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилган бўлиши керак.

Агар раҳбар сарфланган пулларни қайтаришни рад этса, ушбу суммага ЖШДС солинг ва корхонанинг чегириладиган харажатларига киритманг. Ҳар қандай ҳолда раҳбардан бухгалтерия номига тушунтириш хатини сўраб олинг ва албатта КПК воситасида амалга ошириладиган битимларнинг қонунийлиги учун у жавобгар бўлишини эслатиб ўтинг. Ўз-ўзидан равшанки, бу истисно тариқасида қандайдир бир марталик вазият бўлиши мумкин, бироқ бу мунтазам содир бўлиши мумкин эмас.


Корхонани чегирилмайдиган харажатлардан сақлаш учун

1) локал ҳужжат (жамоа шартномаси ёки буйруқ) билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш зарур бўлган шахслар рўйхатини назарда тутинг;

2) КПК сақловчилари билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузинг;

3) КПКдан фойдаланиш қоидалари тўғрисида буйруқ чиқаринг (унда КПК сақловчиси учун ҳисобдорлик муддатлари, ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик ва ҳ.к.ни мустаҳкамланг);

4) буйруқ билан КПКга ўтказиладиган маблағлар лимитини белгиланг, агар имконият бўлса - КПКга харидларга мутаносиб равишда пул ўтказинг.