Онлайн-кассани захирада сақлаш ва ундан фойдаланмаслик мумкинми

preview

«Корхонамиз номига онлайн-НКМ ва виртуал касса рўйхатдан ўтказилган. Биз учун қулайроқ бўлгани учун фақат онлайн-НКМдан фойдаланамиз, виртуал кассани ҳар эҳтимолга қарши ушлаб турамиз. Биздаги онлайн-НКМ русуми бир неча кун ишламаганда уни сотиб олганмиз. Бироқ, солиқчилар нима учун чекларни виртуал касса орқали урмаслигимизни сўрайвериб қийнаб юборишди. Важларимизга жавобан ё ундан воз кечишимиз, ёхуд тушумнинг бир қисмини у орқали ўтказишимиз кераклигини айтадилар. Битта тадбиркорлик субъектига нечта онлайн-НКМ рўйхатдан ўтказилиши мумкин? Кассани захирада сақлаб, ундан фойдаланмаслик мумкинми?».

Buxgalter.uz илтимосига кўра «Онлайн касса трейд» МЧЖ техник хизмат кўрсатиш маркази директори Рустам ЁҚУБОВ вазиятга ойдинлик киритди:

 

– Ҳеч қайси қонун ҳужжатида битта тадбиркорлик субъекти номига рўйхатдан ўтказилиши мумкин бўлган онлайн-НКМ сони бўйича чекловлар белгиланмаган. Кассалар сонини аниқлаётганда тадбиркор бизнесининг ўзига хос хусусиятларидан, харидорларга хизмат кўрсатиш учун қулай шароитлар яратиш заруратидан келиб чиқади.

Тадбиркор ёдида сақлаши керак бўлган ягона жиҳат:

  • унга берилган ҳар бир фискал модуль учун фискал маълумотлар операторига йилда бир марта 1 БҲМ миқдорида ҳақ тўлайди ;
  • шартномага мувофиқ ТХКМ хизматлари ҳақини тўлайди (кўпинча у ҳар бир жиҳоз учун белгиланган ойлик ҳақ бўлади)

Онлайн-НКМга хизмат кўрсатиш соҳасидаги ташкилот раҳбари сифатида тадбиркор фойдаланилаётган жиҳоз бут сақланиши учун жавобгар эканлигига эътибор қаратмоқчиман. Бевосита онлайн-НКМ ва виртуал касса мулкингиз бўлса, улар йўқотилган ва бузилган тақдирда – бу сизнинг муаммоингиз бўлади , жиҳозингизга ўрнатилган фискал модуль ҳақида эса бундай деб бўлмайди.

Тадбиркорлик субъекти тугатилган, модуль яроқсиз ҳолатга келган, амал қилиш муддати тугаган, фискал модуль хотираси маълумотлар билан тўлган ёки бошқа ҳолларда уни ТХКМга қайтаришингиз лозимлигини унутманг . Йўқотилган тақдирда эса унинг қийматини қоплашингизга тўғри келади.

Ҳеч қайси қонун ҳужжатида онлайн-НКМ ёки виртуал касса орқали муайян суммани ўтказиш даврийлигига оид талаб ҳам белгиланмаган.

Низомда айтилганидек, аҳоли билан ҳисоблашиш чоғида албатта онлайн-НКМ чеки берилиши керак. Ҳисоб-китоб қилинмаса, онлайн-НКМ чекини бериш учун асос ҳам бўлмайди.

Тадбиркорлик субъекти номига бир нечта касса рўйхатдан ўтказилган бўлса, бироқ барча кассаларни бир вақтнинг ўзида ишлатиш учун мижозлар оқими унча катта бўлмаса, қайси кассада чек уришни тадбиркорлик субъектининг ўзи ҳал қилади.

Сўнгги вақтда солиқчилар назорат ўтказиш чоғида касса орқали тўлов ўтказилмаётганига эътибор қаратаётганликлари ҳақида тадбиркорлардан хабарлар келиб тушмоқда. Қонун ҳужжатларини бузмаган бўлсангиз, ҳеч қандай санкциялар ёки бошқа таъсир кўрсатиш чоралари қўлланмайди. Солиқчиларга вазиятни тушунтиришга, назорат-касса техникаси орқали ўтказилиши лозим бўлган бутун тушум тадбиркорлик субъектингиз номига рўйхатдан ўтказилган муайян касса орқали ўтказилганини ҳужжатлар билан тасдиқлашга тайёр бўлиш керак.

Вариант сифатида – талаб қилинмайдиган кассани вақтинча ҳисобдан чиқариш мумкин. Бироқ, бунда фискал модулингизни фискал маълумотлар операторига топширмасликлари учун ТХКМни бу ҳақда огоҳлантиринг. Бироқ, бу ҳолда захирадаги кассада ишни тиклаш учун вақт керак бўлади (ТХКМга мурожаат қилиш ва кассани активлаштиришга).

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.


B
Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ /uz/publish/doc/text185665_onlayn-kassani_zahirada_saqlash_va_undan_foydalanmaslik_mumkinmi