Давлат кўчмас мулкини қандай ижарага олиш мумкин

10.11.2025
author avatar

Гулнора НИЗАМУТДИНОВА

Солиқ қўмитаси бошқармаси бошлиғи
author avatar

Ирина АХМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– давлат мулкини ижарага олиш учун сўров юбориш;
– давлат мулкининг ижара шартномасини тузиш;
– давлат кўчмас мулки бўйича ижара тўловини белгилаш;
– давлат кўчмас мулки ижараси учун ҳисоб-китоблар;
– давлат мулки ижарага берилганда ҚҚС тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари;
– давлат кўчмас мулки ижарага берилганда имтиёз ва преференциялар бериш.

Эътибор беринг

Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ қўшимчалар киритилган:

  • 19.06.2024 йилдаги ЎРҚ-933-сон Қонун;
  • Президентнинг 20.12.2024 йилдаги ПФ-223-сон Фармони;
  • ВМнинг 11.01.2025 йилдаги 8-сон қарори;
  • Тошкент шаҳар ҳокимининг 30.01.2025 йилдаги
    54-14-0-Қ/25-сон қарори;
  • Президентнинг 21.04.2025 йилдаги ПФ-70-сон Фармони;
  • 09.06.2025 й. АВ рўйхат рақами 2652-4 -сон Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг буйруғи;
  • ВМнинг 30.06.2025 йилдаги 400-сон қарори;
  • ВМнинг 31.07.2025 йилдаги 478-сон қарори;
  • Президентнинг 19.08.2025 йилдаги ПФ-138-сон Фармони;
  • ВМнинг 21.10.2025  йилдаги 662-сон қарори.

Давлат мулкини ижарага бериш тартиби махсус Низом билан белгиланган. 

Эътибор беринг

Ушбу Низомнинг амал қилиши қуйидагиларни ижарага беришга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • чет элдаги давлат мулкини;
  • ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятларини олган ҳолда моддий маданий мерос объектлари ва уларга туташ ҳудудларни;
  • касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг таълим жараёнидан бўш бўлган ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналари (асбоб-ускуналари билан бирга) ҳамда бошқа бино ва иншоотларини;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг алоҳида тартиб ўрнатилган ёпиқ ҳудудларида жойлашган бино ва иншоотларини;
  • театр-томоша корхоналарининг томоша кўрсатиш заллари ва майдонларини;
  • давлат ташкилотларининг хизмат турар жойларини;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, умумий фойдаланишдаги ерлар (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ерлари), давлат ташкилоти балансида бўлмаган ерлар ва захира ерларни;
  • ер ости бойликларини;
  • интеллектуал мулк объектларини;
  • Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида ижарага беришнинг ўзгача тартиби белгиланган давлат мулкларини.

Ўрта ва ўрта махсус, касбий таълим ташкилотлари ошхоналари ижарага олувчиларга E-auksion тизимида ўтказиладиган танлов асосида ижарага берилади. Таълим ташкилотлари ошхоналарини ижарага бериш тартиби Низомнинг 5-бобида белгиланган.

2025 йил 1 мартдан бошлаб ҳудуди 10 минг кв. метрдан, баҳоланган қиймати БҲМнинг 5 минг бараваридан ошмаган ҳамда 6 ой давомида сотилмаган маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли кўчмас мулк объектлари (Тошкент шаҳри туманлари ва вилоят марказлари бундан мустасно) 2 йил ичида янги лойиҳани ишга тушириш ва иш ўринлари яратиш шарти билан берилади :

  • тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри 10 йил муддатга ижарага бериш ҳамда давлат мулки учун 4 йил давомида узлуксиз ижара тўловларини амалга оширган ва ижара шартномаси шартларини бажарган тадбиркорга – хусусийлаштириш ёки баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиш учун;
  • халқаро тан олинган хорижий тил ва малака сертификатларини олишга ўқитадиган маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар ёки ташкилотларга – дастлабки биринчи йили ижара тўлови ундирмасдан 5 йил муддатга кейинчалик унинг муддатини узайтириш шарти билан ижарага бериш учун.

2025 йил 1 октябрдан бошлаб умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектларига ўзига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ бўлган, давлат органлари ва ташкилотларига доимий фойдаланишга берилган аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ер участкаларидан (соғлиқни сақлаш, таълим ва мактабгача таълим ташкилотларига тегишли ер участкалари бундан мустасно) мавсумий фаолиятини амалга ошириш учун берилади . Ушбу ер участкаларидан фойдаланиш тартиби махсус Низом билан белгиланган. Бунда ижара қуйидагича расмийлаштирилади:

  • ijara.soliq.uz ижара шартномаларини ҳисобга олиш электрон тизимида ижарага берувчига олдиндан ариза юборган ҳолда;
  • аукцион савдоларисиз;
  • узайтириш имконияти билан 1 календарь йилга;
  • ҳар йилги ер солиғини тўлаш учун белгиланган муддатларда тўланадиган ер солиғи ставкасининг 3 бараваригача миқдорида ижара тўлови билан.

Давлат кўчмас мулки қуйидагиларнинг ташаббусига кўра ижарага берилиши мумкин:

  • ижарага олувчи – ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахснинг;
  • балансда сақловчи – ушбу кўчмас мулк балансида ҳисобга олинган давлат ташкилотининг.

Давлат мулкини ижарага олиш учун сўров қандай юборилади

Давлат кўчмас мулкини ижарага олиш учун ижарага берувчи – Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг ҳудудий бошқармасига (gov.uz/uz/davaktiv) ариза билан мурожаат қилинг. ДАБА сайтида ижарага берилаётган давлат кўчмас мулки объектлари рўйхати ва улар ҳақидаги тўлиқ ахборот билан танишиш мумкин (davaktiv.uz/uz/rent).

Аризада ижарага олмоқчи бўлган кўчмас мулк объектини тавсифланг, унинг жойлашган жойини, шунингдек бундай маълумотларга эга бўлсангиз, балансда сақловчини кўрсатинг.

Аризани online-ijara.uz тизими орқали қоғоз кўринишида ёки электрон шаклда тақдим этиш мумкин.

Марказ аризангиз асосида 2 кун муддатда балансда сақловчига сўров юборади.

Қуйидаги ҳолларда балансда сақловчи ижарага олиш учун сўровни рад этишга ҳақли:

  • ўзида сақланаётган кўчмас мулкни ижарага бериш унинг ишлаб чиқариш ва (ёки) молиявий кўрсаткичлари ёмонлашишига олиб келадиган бўлса. Бунда тахмин қилинаётган салбий оқибатларни юқори турувчи ташкилот ёки муассислар маъқуллаган ҳужжатлар билан асослантириши лозим;
  • ушбу объектдан ўз эҳтиёжларини ёки аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш мақсадида фойдаланмоқчи бўлса.

Балансда сақловчида рад этиш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, у сўров келиб тушган кундан бошлаб 3 кун ичида Марказга давлат кўчмас мулки объектини ижарага бериш учун ариза тақдим этади. Аризада объект бўйича қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

  • номи, тавсифи ва жойлашган жойи;
  • умумий ва ижарага бериладиган майдони, қурилган йили (мавжуд бўлса);
  • объектнинг коммуникациялар (сув, газ, электр энергияси, канализация тармоғи) билан таъминланганлиги тўғрисида маълумот;
  • объектнинг ижарага бериладиган майдонини кўрсатган ҳолда кадастр ҳужжати нусхаси;
  • давлат мулкининг 4 та фотосурати;
  • фойдаланиш мақсади (амалга ошириладиган фаолият тури);
  • объектни ижарага беришнинг бошқа шартлари (мавжуд бўлса).

Балансда сақловчининг аризаси келиб тушгандан кейин Марказ 2 кун муддатда ижарага берилаётган объектни онлайн-аукцион савдосига чиқаради.

Давлат мулкининг ижара шартномаси қандай тузилади

Давлат мулки қуйидагича ижарага берилади:

  • E-auksion савдо платформасида ўтказиладиган онлайн-аукцион савдолари орқали

ёки

  • Президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида.

E-auksion  платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби махсус Низом билан белгиланган. Шунингдек алоҳида Низом давлат мулкини электрон онлайн-аукцион орқали нодавлат юридик ва жисмоний шахсларга ижарага бериш учун материалларни тайёрлаш тартибини ҳам белгилайди.

Эътибор беринг

Шуни эътиборга олингки ДАБА директори буйруғи, 

  • ким ошди савдосининг ташкилотчиси сифатида кўчмас мулк мулкдори, мулкий ҳуқуқ эгаси ёки ихтисослашган ташкилот қатнашиши мумкин. Ихтисослашган (риэлторлик) ташкилот мулкдор (мулкий ҳуқуқ эгаси) билан тузилган шартнома асосида фаолият юритади ва уларнинг номидан ёки ўз номидан иш кўради;
  • устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахсларнинг кўчмас мулкларини реализация қилиш «E-auksion» платформасида амалга оширилади (бундан аукционда сотилмасдан қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига олинган мол-мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотиш мустасно).
  • қонунда белгиланган қоидалар бузиб ўтказилган аукцион ёки танлов манфаатдор шахс талаби билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Аукцион ёки танловни ҳақиқий эмас деб топиш аукцион ёки танловда ғолиб чиққан шахс билан тузилган шартноманинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.

Давлат мулки ижарасининг энг кўп муддати битта шартнома доирасида 6 йилни ташкил этади. Нодавлат профессионал таълим ташкилотлари ҳамда кичик тадбиркорлик субъектлари, ш.ж. хусусий тиббиёт ташкилотлари учун ушбу муддат 10 йилни ташкил этади.

Давлат мулки объекти аукционга чиқарилганда ижарага бериш муддати 3 йил этиб белгиланади. Балансда сақловчи ушбу объектдан келгусида ўз эҳтиёжлари учун фойдаланмоқчи бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури, объектдан самарали фойдаланиш бўйича тармоқ жадвали) тақдим этган тақдирда, ижарага берувчи ижарага бериш муддатини ундан кам этиб белгилаши мумкин.

Ижара шартномаси шартларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажарсангиз, ижара муддати яна 3 йил муддатга узайтирилиши мумкин.

Давлат мулкининг ижара шартномаси онлайн-аукцион ёки танлов натижаларига кўра расмийлаштирилган QR-кодли баённома асосида ижарага берувчи ва ижарага олувчи ўртасида тузилади. Бунда E-ijara кўчмас мулкнинг ижара шартномаларини ҳисобга олиш тизимида шартномани алоҳида рўйхатдан ўтказиш керак эмас. Солиқ қўмитаси ва ДАБА ўртасида ахборот айирбошлаш бўйича ўзаро электрон ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланган. Унинг доирасида ДАБА давлат мулки ижарага берилиши (сотилиши) ҳақидаги ахборотни солиқ органларига тақдим этади. Шу тариқа, ДАБА томонидан тақдим этилган, барча тузилган давлат мулкининг ижара шартномаларига оид маълумотлар E-ijara тизимида автоматик равишда акс эттирилади.

Коммунал хизматлар, шунингдек электр энергияси, сув, газ ва иссиқлик таъминоти учун балансда сақловчи ёки хизмат кўрсатувчи ташкилот билан алоҳида шартнома тузинг.

Давлат кўчмас мулки камида бир йил муддатга ижарага берилса, ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим . Рўйхатдан ўтказувчи орган – Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси .

 Давлат кўчмас мулкининг ижара шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш ижарага берувчи ва Давлат кадастрлари палатаси ўртасида электрон маълумот айирбошлаш воситасида амалга оширилади. Ижаранинг энг кўп муддати (6 ёки10 йил) ўтгач, давлат мулки умумий асосларда ижарага берилади.

Ижара шартномаси шартларини бажармасангиз, ижарага берувчи унинг муддати тугашидан камида 1 ой олдин сизга ижара муддати келгуси давр учун узайтирилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш хатини юборади.

Ижара шартномасининг муддати тугаганидан кейин ҳам давлат мулкидан фойдаланишни давом эттирмоқчи бўлсангиз ва ижарага берувчи бунга эътироз билдирмаган бўлса, ижара муддати келгуси давр учун узайтирилган, шартнома эса қайтадан тузилган деб ҳисобланади.

Ижарага берувчи қуйидаги ҳолларда ижара шартномасини бекор қилади:

  • ижарага олинган давлат мулкини ёки унинг бир қисмини субижарага бериш, гаровга қўйиш ёки бошқача тарзда учинчи шахсларга ўтказиш фактлари аниқланганда;
  • ижарага берилган давлат мулки хусусийлаштирилганда. Бу ҳолда ижара шартномаси у хусусийлаштирилган кундан бекор қилинади;
  • ижарага олувчи шартнома шартларини бажармаганда.

Ижара шартномаси бекор қилинган тақдирда, ижарага берувчи 10 кун ичида балансда сақловчининг розилигини талаб қилмасдан давлат мулки объектини ижарага бериш учун аукционга чиқаради.

Шартномага киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлар, қўшимчалар, шунингдек унинг бекор қилиниши фақат Е-ijara ахборот тизими орқали амалга оширилади. Қоғоз шаклида расмийлаштириш тақиқланади.

Давлат кўчмас мулки бўйича ижара тўлови қандай белгиланади

Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдори қуйидаги формула ёрдамида ҳисоблаб чиқилади:

Тс = Эс х Кз х (Кқ + Кҳ + Ко),

бунда:
Тс – давлат кўчмас мулкининг 1 кв. м учун ижара тўловининг энг кам йиллик миқдори;
Эс – давлат кўчмас мулкининг 1 кв. м учун ижара тўловининг энг кам йиллик ставкаси;
Кз – ҳудудий зона коэффициенти;
Кқ – қурилиш тури бўйича коэффициент (алоҳида турган бино, қўшимча қурилган бино, бинонинг юқори қисми, чордоқ, болохона, ертўла, ярим ертўла);
Кҳ – туташиб кетган ҳудудлардан фойдаланиш коэффициенти;
Ко – тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (асосий автотранспорт йўллари бўйлаб жойлашиш, иккинчи даражали автотранспорт йўлларига чиқишда жойлашиш ва б.).

Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам йиллик ставкалари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қарорлари билан ҳар йили тасдиқланади (2025 йил учун бу ерда қаранг, 2024 йил учун бу ерда қаранг).

Эътибор беринг
2026 йилдан давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдори ҳудудда шаклланган ижара тўловининг энг кам бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади .

Кқ, Кҳ ва Ко коэффициентларининг йиғиндиси 1 бирликдан кам бўлган тақдирда, кўрсаткич 1 бирликкача яхлитланади. Ушбу коэффициентларнинг қийматлари ҳам энг кам ижара ставкаларини тасдиқловчи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатларининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қарорларида келтирилган.

Мисол
2025 йилда давлат кўчмас мулки бўйича энг кам ижара тўлови қандай ҳисоблаб чиқилади 

Давлат кўчмас мулки – 3 йилга ижарага берилган бино онлайн-аукционга қўйилган. Майдони
1 362 кв. метрни ташкил этган бино Тошкент шаҳар Юнусобод туманида (2-зона) жойлашган.

Объектнинг паспортида кўрсатилган фаолият турига мувофиқ 2025 йилда энг кам йиллик ижара ставкаси ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 1 кв. м учун 26 806 сўмни ташкил этади.

Иккинчи зонага мувофиқ келадиган ҳудудий зона коэффициенти (Кз) – 2,17.

Бинонинг ички қисмида жойлашган иморатга ва (ёки) қўшимча қурилган бинога мувофиқ келадиган қурилиш тури бўйича коэффициент (Кқ) – 0,8.

Ер участкаси мавжуд бўлганда қўлланиладиган туташиб кетган ҳудудлардан фойдаланиш коэффициенти (Кҳ) – 0,3.

Асосий автотранспорт йўллари бўйлаб жойлашган биноларга (иншоотларга) мувофиқ келадиган тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (Ко) – 0,7.

Шу тариқа, йиллик ижара ставкаси коэффициентларни ҳисобга олганда ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда
1 кв. м учун 104 704,24 сўмни ташкил этади (26 806 х 2,17 х (0,8 + 0,3 + 0,7)).

E-auksion платформасида ушбу бино бўйича қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

  • бошланғич нархи (йиллик ижара тўлови) – 142 607 174,88 сўм (104 704,24 х 1 362);
  • закалат суммаси (10%) – 14 260 717,49 сўм (142 607 174,88 х 10%);
  • бир ой учун бошланғич ижара ставкаси – 11 883 931,24 сўм (142 607 174,88 : 12).

Давлат мулкининг ижара шартномасида қуйидагилар учун ижара тўлови белгиланмайди:

  • иситиш, совитиш, электр энергияси, (совуқ ва иссиқ) сув таъминоти воситалари;
  • ёнғин хавфсизлиги ва қўриқлаш (ҳисоблагич, дизель генератори, совитиш машинаси, ш.ж. чиллер, фанкойл ва б.) ускуналари;
  • тортиш вентиляторлари, насослар, трансформатор ва тақсимлаш кичик станциялари;
  • кўтариш механизмлари (ш.ж. лифтлар), зинапоя панжаралари, зинапоялар, лифт шахталари ва бошқа шахталар;
  • бинолар ва хоналарни эксплуатация қилишда фойдаланиладиган муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялар, механик, электр, санитария-техник асбоб-ускуналар ва бошқа асбоб-ускуналар, қурилмалар;
  • шунингдек балансда сақловчи ва ижарага олувчиларнинг ходимлари ва (ёки) ўқувчилар ошхоналар ва буфетларда овқатланиш учун фойдаланадиган майдонлар бўйича.

Ижарага олинган объектда фаолият юритмайдиган (таълим олмайдиган) шахсларнинг ушбу асбоб-ускуналардан, қурилмалардан ва майдонлардан фойдаланиш ҳоллари бундан мустасно.

Турли спорт, маданий, ўқув, тиббий ва бошқа ижтимоий тадбирлар (тўгараклар) ташкил этиш мақсадида фойдаланиладиган айрим ижара объектларини (масалан, спорт заллари ва иншоотлари) балансда сақловчилар кунлик иш вақти ҳисобидан келиб чиқиб, ижара тўловининг соатбай ставкасини ҳисоблаган ҳолда ижарага беришлари мумкин.

Амал қилиш муддати навбатдаги йилга ўтадиган давлат кўчмас мулкининг ижара шартномаси бўйича ушбу давр учун тўловнинг миқдори энг кам миқдорларда қайта ҳисобланади. Ижара тўлови суммасининг ўзгартирилишини ижара шартномасига қўшимча келишув билан расмийлаштиришади.

Навбатдаги йил учун ижара тўловини қуйидаги формула ёрдамида ҳисоблаб чиқишади:

Тс2 = (Эс2 / Эс1) х (Ас / Им),

бунда:
Тс2 – келгуси йилга 1 кв. м учун ижара тўловининг миқдори;
Эс1 – аввалги йилга 1 кв. м учун ижара тўловининг энг кам миқдори;
Эс2 – келгуси йилга 1 кв. м учун ижара тўловининг энг кам миқдори;
Ас  аукцион натижалари бўйича белгиланган йиллик ижара тўлови;
Им – шартнома бўйича ижарага олинган майдон.

Ижарага олувчи давлат кўчмас мулкининг ижара тўловини қандай ҳисоблайди

Ижарага олувчи шартнома бўйича ижара тўлови миқдоридан ва ижаранинг қолган муддатидан келиб чиққан ҳолда тенг миқдордаги даврий тўловлар билан ҳисоблайди. Тўлов даврийлигини (чорак ёки ой) ижарага берувчи билан келишган ҳолда ижара шартномасида белгиланг.

Эътибор беринг
Шартнома тузилган пайтдан бошлаб давлат мулкини ижарага олувчи йиллик ижара тўловларини бир ой давомида тўлаган тақдирда, унга йиллик ижара суммасидан ҳисобланган мазкур шартнома тузилган санадаги МБнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма берилади. Бундан чегирма қўлламаслик шарти билан ижарага берилган ҳамда бир йилдан кам муддатга тузилган ва бошқа имтиёзлар қўлланган ижара шартномалари мустасно .

Ижарага олинган кўчмас мулкда тиклаш ёки капитал таъмирлаш ишларини бажарсангиз, сарф-харажатларингиз балансда сақловчига ўтказиладиган ижара тўловини камайтириш ҳисобидан қопланади. Бундай ишларни бажаришдан олдин балансда сақловчининг ёзма розилигини (унинг юқори турувчи ташкилотини хабардор қилган ҳолда), шунингдек Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосасини олинг. Давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектлари бундан мустасно.

Балансда сақловчи ижарага олувчининг давлат мулкини тиклаш ёки капитал таъмирлаш учун қилган сарф-харажатларини ижара муддати давомида тўлиқ қопламаган тақдирда, сарф-харажатларнинг қопланмаган қисми балансда сақловчининг бошқа маблағлари ҳисобидан қопланади. Ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно.

Ижара тўловини Солиқ қўмитаси E-ijara электрон тизими орқали ундирилади. 

Коммунал хизматлар, электр энергияси, сув, газ истеъмоли ва иссиқлик таъминоти учун тўлов алоҳида шартномалар асосида ё балансда сақловчи, ё тегишли хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан – ким билан шартнома тузишингизга қараб ундирилади.

Давлат мулки ижарага берилганда ҚҚС тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат мулкини ижарага бериш хизматларига ҚҚС
солинади
 . Бу ҳолда солиқни солиқ агенти – давлат мулкини ижарага бериш бўйича ваколатли орган (ижарага берувчи), яъни ДАБА ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази ҳисоблайди ва тўлайди  .

ҚҚС солиқ ҳисобга олинган ҳолда давлат мулкининг ижара шартномасида белгиланган ижара тўловидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Ижарага берувчи ҳар ой ижарага олувчига ҳисобварақ-фактура тақдим этади, унда қуйидагиларга ўтказиладиган суммаларни алоҳида кўрсатади :

  • давлат мулкини балансда сақловчига;
  • маҳаллий бюджет даромадига;
  • ижарага берувчига.

Тўланган ҚҚС суммасини ижарага олувчи – ҚҚС тўловчи, у давлат кўчмас мулкидан ҚҚС солинадиган фаолиятда фойдаланса, ҳисобга олишга ҳақли .

Мисол
Ижарага олувчи ижарага олинган давлат кўчмас мулкини қандай ҳисобга олиши керак
Онлайн-аукцион ўтказилганидан сўнг ҚҚС тўловчи корхона баённома асосида ижарага берувчи – ДАБА ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази билан ишлаб чиқариш биносини 3 йил муддатга ижарага олиш шартномасини тузди. Шартномада бино қиймати – 500 000 минг сўм, йиллик ижара тўлови – ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 40 320 минг сўм белгиланди. Тузилган шартнома шартларига кўра, ижарага олувчи ҳар ойда 3 360 минг сўм миқдорида 100% олдиндан тўлов тўлаш йўли билан ижара тўловини тўлайди.

Ижарага олувчи бинодан ҚҚС солинадиган ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланади.

Ижарага олувчи бинони олишни ва ижара тўловини бухгалтерия ҳисобида шундай акс эттиради:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни 

Сумма,
минг сўм 

Ҳисобварақлар боғланиши 

дебет 

кредит 

Ижара шартномасига кўра бино олинди

500 000

001


Бир ой учун бўнак шаклида ижара тўлови ўтказилди

3 360

4330

5110

Бир ой учун ижара бўйича харажатлар акс эттирилди
(3 360 : 1,12)

3 000

2010
2510

6910

Ижара бўйича ҚҚС акс эттирилди
(3 360 : 112 х 12)

360

4410
6410

6910
4410

Ижара бўйича тўланган бўнак ҳисобга олинди

3 360

6910

4330

Давлат кўчмас мулки ижарага берилганда қандай имтиёз ва преференциялар назарда тутилган 

Президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ижара тўловини пасайтириш, ноль даражали ставка ёки тўловдан озод этиш кўринишида имтиёз ва преференциялар берилиши мумкин.

Қуйидагиларни оширувчи коэффициентларни қўлламаган ҳолда ижара тўловининг энг кам ставкалари бўйича ижарага берилади:

  • ишлаб чиқариш майдонлари ва офис хоналари – Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази резидентларига ;
  • касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналари, шунингдек бошқа бино, иншоотлари ва ер участкаларининг бўш турган қисми – ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан маҳсулотларни ишлаб чиқариш, хизматларни кўрсатиш ёки енгил конструкцияли ўқув хоналари ва ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига ;
  • ҳудудларда бўш турган ва 1 йилдан буён аукцион савдоларида сотилмасдан турган бино-иншоотлар, шунингдек касб-ҳунар коллежларининг фойдаланилмасдан бўш турган бинолари – ўз ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш ҳамда «амалий мономарказ» ташкил қилиш учун «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига (Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказилганларидан
    ташқари)  . Талабгор ягона бўлганда тўғридан-тўғри ижара шартномасини тузишга (аукцион ўтказмасдан) йўл қўйилади;
  • Ҳудуди ўн минг квадрат метрдан, баҳоланган қиймати БҲМнинг беш минг баравари миқдоридан ошмаган ҳамда олти ой давомида сотилмаган маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тегишли бўлган муниципал кўчмас мулк объектлари (Нукус шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) марказлари ҳамда Тошкент шаҳри туманлари бундан мустасно) икки йил ичида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва янги иш ўринларини яратиш шарти билан ижара тўловининг энг кам ставкалари асосида тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри ўн йил муддатга ижарага берилади .

Корхоналар давлат мулки объектлари бўйича белгиланган миқдорнинг 50% миқдорида ижара тўловини тўлайдилар:

  • уларда :

– ҳисобот даврининг якуни бўйича ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини сотишдан тушган тушумининг умумий ҳажмида камида 30%ини ногиронлиги бўлган шахслар учун протез-ортопедия буюмлари ва инвентарлар ишлаб чиқариш, уларга ортопедик протезлаш, протез-ортопедия буюмлари ва инвентарларини таъмирлаш хизматларини кўрсатишдан тушган тушум ташкил этади;
– ҳисобот даврининг якуни бўйича ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини сотишдан тушган тушумининг умумий ҳажмида камида 20%ини Брайль алифболи китоб ва бошқа босма материаллар, имконияти чекланган болаларга ўқув ва бадиий адабиётларни чоп этиш, ишора тилини қўллаган ҳолда аудио китоб ҳамда видеоматериаллар яратишдан тушган тушум ташкил этади;

– меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимларининг камида 30%ини ногиронлиги бўлган шахслар, 16 ёшга тўлмаган болалари ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз шахслар, жазони ижро этувчи муассасалардан озод этилган шахслар, одам савдоси қурбонлари, ўқишни тугатгандан кейин 3 йил ўтмаган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари, «Меҳрибонлик» уйларининг 30 ёшга етмаган битирувчилари ташкил этади;

  • давлат муассасаларида фитобарларни ташкил этган . Фитобарларда вендинг автоматларидан фойдаланилса, давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўлови ҳисобланмайди;
  • «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз ёшларни ишга қабул қилган . Ижарага олинган давлат мулки объектининг имтиёз қўлланиладиган энг кўп майдони ишга жойлаштирилган ёшлар сонига ва давлат мулки жойлашган жойга боғлиқ ;
  • «Аёллар дафтари»га киритилган камида беш нафар ишсиз хотин-қизларни касаначилик асосида ишга қабул қилган . Ижарага олинган давлат мулки объектининг имтиёз қўлланиладиган энг кўп майдони ишга жойлаштирилган хотин-қизлар сонига ва давлат мулки жойлашган жойга боғлиқ ;
  • 3 ойдан ортиқ муддатга 30 нафардан зиёд касаначиларни жалб қилган ва касаначилик асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни (кўрсатилган хизматларни) реализация қилишдан олган даромадлари жами даромадининг 60%дан кўпроғини ташкил этган . Ижарага олинган давлат мулки объектининг имтиёз қўлланиладиган энг кўп майдони давлат мулки жойлашган жойга боғлиқ . Имтиёз 2023 йил 1 мартдан 2026 йил 1 январга қадар берилади;
  • жисмоний тарбия ва спорт хизматларини кўрсатиш учун бино ва иншоотларни ижарага оладиган нодавлат спорт-таълим муассасалари . Имтиёз 2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар берилади;
  • маҳаллаларда бўш турган бино ва иншоотларда спорт тўгаракларини ташкил этган .

Моддий маданий мерос объектларини инвестиция киритиш шарти билан ижарага олган тадбиркорлик субъектлари улар билан шартнома тузилган кундан бошлаб 5 йил муддатга ижара тўловининг ҳисоблаб чиқилган қийматининг 80% миқдорида ижара тўловини тўлашдан озод этилади .

Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан давлатнинг кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг минимал ставкасини ҳар йили белгилаш чоғида соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан давлат мулки учун ижара ҳақининг минимал ставкаси 20%га камайтирилади .

4 ва 5-тоифаларга кирадиган туманлар ва шаҳарлар ҳудудида фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари учун давлат мулки объектларини ижарага беришда аукционга чиқариладиган бошланғич нархга нисбатан 50%га камайтириш назарда тутилган .

2022 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 январга қадар меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларининг реестрига киритилган ҳудудларда фаолият юритувчи кичик тадбиркорлик субъектларига қуйидаги шартларда давлат мулки объектлари ижарага берилганда ижара тўловини 90%га пасайтириш кўринишида имтиёз берилади :

  • ходимларнинг умумий сони – камида 10 нафар;
  • хотин-қизларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50%ни ташкил этса.

Бунда давлат мулки истисно тариқасида электрон савдоларни ўтказмасдан ижарага берилган. Ижарага олинган давлат мулки объектининг имтиёз қўлланилган энг кўп майдони тадбиркорлик субъекти ходимлари сонига боғлиқ бўлган 

Қуйидагилар ижара тўловининг ноль даражали ставкасини қўллайдилар:

  • қуйидагиларни ижарага олган ёш тадбиркорлар – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари :

– ёшлар тадбиркорлик кластерлари ҳудудидаги ишлаб чиқариш майдонлари – корхона ташкил топгунига қадар, аммо 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга;
– фойдаланилмаётган, ш.ж. эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудида жойлашган, Ёшлар иттифоқининг шаҳар ҳамда туман кенгашларининг илтимосига кўра 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга ижарага берилаётган давлат мулки;

  • инвесторлар банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш нодавлат марказлари ва билим ҳамда кўникмаларни баҳолаш марказларини ташкил этиш учун фойдаланилмай турган бинолар ва иншоотлар бўйича .
Эътибор беринг
2023 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар маъмурий биноларида тижорат ташкилотларини ноль даражали ставкада ёки тўғридан-тўғри (онлайн-аукцион ўтказмасдан) жойлаштиришга йўл қўйилмайди .

Тадбиркорлик субъектлари ижара тўловини тўлашдан озод этилади:

  • ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган ва ходимлар умумий сонининг камида 70% «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар бўлган . Ушбу хўжалик юритувчи субъектларга давлат мулки электрон савдоларни ўтказмасдан ижарага берилади. Ижарага олинган давлат мулки объектининг имтиёз қўлланиладиган энг кўп майдони ишга жойлаштирилган ёшлар сонига ва давлат мулки жойлашган жойга боғлиқ ;
  • ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган ва ходимлари умумий сонининг камида 70% «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар бўлган касаначиликни ташкил этган ва имтиёз берилган даврда уларнинг бандлигини сақлаб қолган. Имтиёз 2027 йил 1 октябрга қадар амал қилади . Ижарага олинган объектнинг имтиёз қўлланиладиган энг кўп майдони ишга жойлаштирилган хотин-қизлар сонига ва давлат мулки жойлашган жойга боғлиқ ;
  • давлат мулки объектларида ва ҳудудлардаги ёшлар марказларида аҳоли учун шахмат тўгаракларини ташкил этувчи хусусий шахмат клублари. Бунда коммунал тўловларни тўлаш мажбуриятлари сақланади .
Эътибор беринг

Давлат мулкини ижара шартномасини тузмасдан ижарага берганлик, ижарага олинган давлат мулкини қабул қилиб олишда, ижара муносабатларининг объекти ҳудудига киришда ва ундан фойдаланишда ижарага олувчига асоссиз равишда тўсқинлик қилганлик ёки давлат мулкининг параметрларини ижара шартномасида нотўғри кўрсатган ҳолда давлат мулкини ижарага берганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан қуйидаги миқдорларда жарима кўринишида маъмурий жавобгарлик назарда тутилган :

  • БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача;
  • БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача – худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда.
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг