Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ЯСТ – 2019: йиллик айланмага қараб тўланади, базавий ставка пасайтирилади
Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида (29.06.2018 йилдаги ПФ–5468-сон Фармон) ягона солиқ тўлови (ЯСТ) ўрнига айланмадан (ялпи тушумдан) солиқ жорий этилиши назарда тутилган эди. Бироқ норма ижодкорлиги борасидаги ишларни камайтириш мақсадида солиқнинг мавжуд номини сақлаб қолишга қарор қилинди, яъни айланмадан (ялпи тушумдан) солиқ илгаригидек – ягона солиқ тўлови деб номланади. 24.12.2018 йилдаги ЎРҚ-508-сон Қонун билан Солиқ кодексига киритилган тузатишлардан шу маъно келиб чиқади.
ЯСТни тўлашга ким ҳақли
2018 йилда ходимлар сони ва муайян фаолият турининг амалга оширилиши ЯСТни тўлаш учун мезон ҳисобланган. ЯСТ тўлаш имконига эга бўлиш учун йиллик айланма (ялпи тушум) миқдори ҳисобга олинмайди.
2019 йил 1 январдан бошлаб 2018 йил якунлари бўйича йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 1 млрд сўмдан ошмаган юридик шахсларгина ЯСТ тўлай оладилар. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобига ЯСТ тўловчилар доираси кенгаяди.
2019 йил 1 январдан бошлаб ЯСТ тўловчилар қуйидагилардир:
1) солиқ даврида олинган ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошмаган юридик шахслар;
2) оддий ширкат ишларини юритиш зиммасига юклатилган (ишончли шахс) шерик (иштирокчи) – солиқ даврида оддий ширкат фаолиятидан олинган ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркор;
3) солиқ даврида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми белгиланган миқдордан ошган, лекин 1 млрд сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар. Агар якка тартибдаги тадбиркор мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилса ёки Электрон тижорат субъектларининг миллий реестрига киритилган бўлса, тушуми 1 млрд сўмга етгунга қадар ЯСТ тўлаши керак бўлади;
4) солиқ даврида олинган ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошмаган оилавий корхоналар;
5) нотижорат ташкилотлар даромадларининг солиқ даврида тадбиркорлик фаолиятидан олинган қисми бўйича, улар 1 млрд сўмдан ошмаслиги шарти билан.
Йиллик айланмани (ялпи тушумни) аниқлаш хусусиятлари:
- воситачилик, топшириқ шартномаси бўйича ҳамда воситачилик хизматлари кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар учун – бу воситачи амалга оширган товар айланмаси (битим суммаси);
- қолган тижорат ташкилотлари учун – бу бошқа даромадларни ўз ичига олган ялпи тушум;
- нотижорат ташкилотлари учун – бу тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;
- якка тартибдаги тадбиркорлар учун – бу реализация қилишдан тушган тушум.
ЯСТ ставкалари
2018 йилда ЯСТ фаолият турларига қараб табақалаштирилган ставкалар бўйича тўланади. Солиқнинг базавий ставкаси 5%ни ташкил этади.
2019 йилда ЯСТнинг базавий ставкаси 4%ни ташкил этади.
ЯСТ тўловчилар яна қандай солиқларни тўлайдилар
2019 йилдан барча ЯСТ тўловчилар солиқ солиш объекти мавжуд бўлганда қуйидагиларни тўлашлари шарт:
- мол-мулк солиғи;
- ер солиғи;
- сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
- фойда солиғи, тўлов манбаида ундириладиган ЖШДС;
- Ўзбекистон норезидентлари томонидан ЯСТ тўловчи учун бажариладиган (кўрсатиладиган) ишлар (хизматлар) бўйича ҚҚС;
- марказлаштирилган молиялаштириш манбаларини жалб этган ҳолда қурилиши амалга оширилаётган объектлар бўйича ҚҚС;
- божхона тўловлари;
- ягона ижтимоий тўлов;
- давлат божлари;
- айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғимлар;
- автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) вақтинча олиб кирганлик учун йиғимлар.
ҚҚС солинадиган айланмалар мавжуд бўлганда ҚҚСни ихтиёрий асосда тўлаш имконияти улар учун ҳам сақланиб қолади.
ЯСТни ҳисоблаш хусусиятлари
2018 йилда ЯСТ тўловчилар (айримларни истисно этганда) уни қатъий белгиланган солиқ ёки ер солиғининг уч баравари кўринишида энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда тўлайдилар. Шарҳ эълон қилинган пайтгача ушбу норма бекор қилинмади.
2019 йил 1 январдан бошлаб нотижорат ташкилотлари томонидан устав фаолиятининг таъминоти ва ушбу фаолиятни амалга ошириш учун олинган, белгиланган мақсадга кўра ва (ёки) текин келиб тушган маблағларга ЯСТ солинмайди.
Тушумнинг белгиланган миқдори ошганлиги сабабли ЯСТни тўлашга ўтганда якка тартибдаги тадбиркорлар учун фойда бўйича солиқ солинадиган база қатъий белгиланган солиқни тўлаш даврида реализация қилишдан олинган тушум суммасига камайтирилади.
Умумбелгиланган солиқларга ўтказиш хусусиятлари
Йил давомида олинган ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошган ЯСТни тўловчилар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтадилар. Буни белгиланган чегаравий миқдор ошиб кетган ойдан кейинги ойнинг бошидан бошлаб амалга оширадилар. Бундай корхоналар уни тўлашга ўтган биринчи чорак учун фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашдан озод қилинадилар.
Масалан, 2019 йил 10 февралда ЯСТ тўловчининг ялпи тушуми 1 000 000 001 сўмни ташкил этди. Корхона 2019 йил 1 мартдан умумбелгиланган солиқлар тўловчисига айланади. Корхона фойда солиғи бўйича жорий тўловларни 2-чоракдан бошлаб тўлай бошлайди.
Ушбу корхона 2020 йил якунлари бўйича ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошмаган тақдирда, фақат 2021 йилда ЯСТ тўлашга қайтиш ҳуқуқига эга бўлади.
Корхоналар ЯСТ тўлашдан ихтиёрий равишда воз кечишга ҳақли. Бу ҳолда улар ёзма билдириш асосида кейинги ҳисобот давридан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтадилар. Билдириш ҳисобот даври тугаганидан сўнг ўн кун ичида ДСХОга тақдим қилинади.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 1.01.2019 йилдан кучга киради.
«Norma» профессионал ривожланиш марказида А. Тошхўжаева ўтказадиган семинарда солиқ қонунчилигидаги ўзгартиришлар билан яқиндан танишишингиз мумкин.