Солиқчилар ҚҚС бўйича практикум ўтказдилар

preview

13 март куни Давлат солиқ қўмитаси ҚҚС тўловчиларда юзага келаётган амалий масалалар ҳамда вазиятлар юзасидан семинар-тренинг ўтказди.

 

Семинар-тренингда корхоналар директорлари, бош бухгалтерлари ва юристлари қатнашди.

 

Семинарнинг биринчи қисмида сўзга чиққан маърузачилар, ДСҚ мутахассислари кўп учраётган саволлар ва ҚҚСни ҳисоблашда йўл қўйилаётган хатолар ҳақида сўз юритдилар.

 

Солиқ кодексининг 204-моддаси 6-қисми нормасини қўллаган ҳолда, импорт қилинган товар реализация қилинаётганда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базани қандай қилиб тўғри аниқлаш кераклиги тушунтирилиб, мисол ёрдамида кўрсатиб берилди. Шунингдек ҚҚС бўйича ҳисобга олиш механизмлари, ҳисобга олиш механизмини қўлламаган ҳолда соддалаштирилган ҚҚСни ҳисоблаш қоидалари иштирокчиларга тушунтириб берилди.

 

Семинарнинг иккинчи қисмида иштирокчиларнинг амалий вазиятларига доир савол-жавоблар фаол муҳокама қилинди.

 

Қуйидаги саволларга жавоб берилди:

  • туризм соҳасида ҚҚС бўйича имтиёзлар қандай қўлланилади;
  • ун ишлаб чиқарувчи корхоналар учун преференцияни қўллаган ҳолда ҚҚСни қандай қилиб тўғри ҳисоблаш мумкин;
  • ҚҚС бўйича имтиёзни қўллаётган корхона ҳисобварақ-фактура ва ҚҚС ҳисоб-китобини қандай қилиб тўғри тўлдириши мумкин. 

 

Шунингдек солиқ солинадиган оборот амалга оширилган санани аниқлашга мисол келтирилди. Вазият: корхона жорий йилнинг январь ойидан ҚҚС тўлашга ўтди. Ушбу корхона товарлар, ишлар, хизматларни 2018 йилда юклаб жўнатган, пул маблағлари эса 2019 йилда келиб тушган. Тегишинча, бу ҳолда ҚҚС тўлаш мажбурияти юзага келмайди ва тўланмайди, сабаби корхона юклаб жўнатиш амалга оширилган ва ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган 2018 йилда ҚҚС тўловчиси ҳисобланмаган.

 

Семинар-тренинг якунларига кўра маърузачилар амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни талаб қилувчи масалалар ва таклифларни инобатга олиш ва кўриб чиқишга ваъда бердилар, хусусан:

  • хизматлар таннархини аниқлаш тўғрисида услубият (Низом) ишлаб чиқиш;
  • коммунал хизматлар (газ, электр энергияси, сув) томонидан ҳисобварақ-фактуралар кечикиб олинмаслиги учун уларнинг тақдим этилишини автоматлаштириш жараёнини тезлаштириш, бу ўз навбатида ҚҚС ҳисоб-китобидаги – харид қилинган товарлар, ишлар, хизматлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестридаги ахборот нотўғри акс эттирилишига олиб келиши мумкин;
  • амалий вазиятлар бўйича ҚҚС ҳисоб-китоби шаклини тўлдиришга мисолларни чоп этиш, солиқ ҳисоботининг барча шаклларини тўлдиришга доир кўргазмали видеороликлар яратиш ва б.

 

ДСҚ мутахассислари амалда учрайдиган ва кўп бериладиган саволларга жавоблар билан ДСҚнинг soliq.uz сайтида, мунтазам янгилаб туриладиган «Солиқ концепцияси бўйича долзарб саволларга жавоблар» бўлимида танишиш мумкинлигини маълум қилдилар. Бундан ташқари, ДСҚ сайтининг ушбу бўлимида барча қўшма хатлар ва расмий тушунтиришлар ҳам жойлаштирилган. 

 

Татьяна Лимарева.