Нон учун компенсация олувчиларни талабнома ва реестрда кўрсатинг

preview

Ягона ижтимоий тўловни тақсимлаш, шунингдек харажатларни қоплаш бўйича суммаларнинг тўланишини ҳамда ташкилотлар томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар учун харажатлар амалга оширилиши тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди (рўйхат рақами 2836-4, 18.10.2019 йил).

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 октябрдан ун ва қолипли нон бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун ҳар ойлик компенсация жорий этилган эди. Бир йил ўтиб, 2019 йил 1 октябрдан:

биринчидан, компенсация олувчилар доираси кенгайтирилди. Уларнинг тўлиқ рўйхати қуйидагича:

  • ёшга доир, ногиронлик нафақаси, боқувчисини йўқотганлик нафақаси ва пенсиясини олувчилар (ҳар бир боқимонда учун), 16 ёшдан ошган болалигидан ногиронлар учун нафақа, ногиронлиги бўлган 16 ёшгача болалар учун нафақа, шунингдек белгиланганидан кам миқдорда ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали 2 ёшгача болани парваришлаш бўйича нафақа олувчи оилалар, шунингдек моддий ёрдам оладиган кам таъминланган оилалар;
  • 14 ёшгача бўлган болалари учун нафақа олувчи оилалар;
  • энг кам ёшга доир пенсия миқдорида пенсия олувчилар;

иккинчидан, компенсация бошланғич ЭКИҲнинг 10%и миқдоридан 50 000 сўмгача оширилди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ ташкилот томонидан Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига молиялаштириш мақсадида маблағлар олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларда компенсация тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади:

  • Пенсия жамғармасидан тегишли ой учун харажатларга тўлаш учун маблағ олишга талабномада (қоғоз кўринишида) компенсация олувчилар сони ва ҳақиқий харажатлар, шу жумладан олдинги давр учун шундай маълумотлар сўмда кўрсатилади;
  • электрон талабномада – жорий ва олдинги даврлар учун компенсация суммаси (талабнома танлов бўйича: қоғоз кўринишида ёки электрон шаклда тақдим этилади, таҳр. изоҳи);
  • Пенсия жамғармасидан тегишли ой учун пенсия ва нафақаларни тўлаш мақсадида маблағлар олиш учун ташкилот ходимлари реестрида компенсация тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади, реестр мажбурий тартибда талабномага илова қилинади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.10.2019 йилдан кучга кирди. 

Олег Заманов.