Валютани тартибга солиш тўғрисидаги янги қонун: асосий ўзгартиришлар

preview

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди (22.10.2019 йилдаги ЎРҚ-573-сон Қонунга қаранг).

Шу тариқа, бу ҳужжатнинг учинчи версияси бўлди: биринчиси 1993 йилдан 2004 йилгача, иккинчиси – 2004 йилдан 2019 йилгача амал қилган.

Асосий ўзгартиришлар назаримизда қуйидагилардан иборат.

Биринчидан, резидентлар ҳисобланадиган шахслар рўйхати кенгайтирилди. Уларга қуйидагилар киритилди:

  • хориждаги Ўзбекистон фуқаролари;
  • юридик шахсларнинг Ўзбекистонда ва ундан ташқарида жойлашган филиаллари ва ваколатхоналари;
  • Ўзбекистоннинг савдо ваколатхоналари, шу жумладан хориждаги савдо 
    ваколатхоналари;
  • қароргоҳлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотлар.

Иккинчидан, мамлакат ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланиши тақиқланади (валютага оид шарҳ).

Резидентлар ўртасида амалга оширилиши рухсат этилган валюта операциялари рўйхатига ҳам айрим ўзгартиришлар киритилди. Уларнинг рўйхати энди тўлиқ бўлади (илгари «қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда» жумласи мавжудлиги туфайли очиқ бўлган, таҳр. изоҳи). Бундан ташқари, энди қонунда резидентлар ўртасидаги қуйидаги кўринишдаги валюта операциялари қайд этилган:

  • жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига хизмат сафарлари амалга оширилиши билан боғлиқ харажатларини тўлаш ва уларнинг ўрнини қоплаш бўйича операциялар, шунингдек хизмат сафарлари муносабати билан берилган, сарфланмай қолган бўнакни қайтаришга доир операциялар;
  • Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналарига, консуллик муассасаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро ёки ҳукуматлараро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхоналарига ҳисоб-китобларни ва ўтказмаларни бажаришни назарда тутувчи операциялар;
  • жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон банкларида очилган ҳисобварақлардан  носавдо операциялар бўйича ўтказмалари;
  • транспорт ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида турган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахсларнинг филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа бўлинмалари ўртасида йўловчилар ташишга оид шартномалар бўйича ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операциялар;
  • мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида валюта қимматликларидан фойдаланиш, шунингдек уларни ундириш билан боғлиқ операциялар.  

Эслатиб ўтамиз, умумий қоидага кўра – Ўзбекистонда барча тўловлар ва ҳисоб-китоблар миллий валютада амалга оширилади.

Учинчидан, резидентларга чет эл валютасида ҳисобварақлар очиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Жисмоний шахсларга осонроқ бўлади, чекловлар олиб ташланди (илгари фақат хорижда бўлиш даври учун ҳисобварақлар очиларди). Юридик шахслар учун эса, аксинча, энди фақат Президент ёки Ҳукуматнинг бундай ҳисобварақлар очиш ва улардан фойдаланиш мақсадлари назарда тутилган қарорлари ёхуд халқаро шартномалар мавжуд бўлса, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ҳамда улардан фойдаланишга йўл қўйилади. Бундан ташқари, ташкилотлар рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органларини ҳамда МБни ҳисобварақлар очилганлиги (ёпилганлиги) тўғрисида ва ҳисобварақларнинг реквизитлари ўзгарганлиги ҳақида, ушбу ҳисобварақлардаги қолдиқлар ва айланмалар тўғрисида хабардор қилиши керак. Буни ҳар чоракда, ҳисобот чораги тугаганидан кейин бир ойдан кечиктирмасдан амалга ошириш лозим.

Тўртинчидан, ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилиш белгиланди. Бу норезидент мажбуриятларининг қуйидагилар орқали тўлиқ ёки қисман бажарилишидир:

  • норезидентнинг мажбуриятлари бўйича пул маблағлари ёки товар келиб тушиши (ишлар бажарилиши, хизматлар кўрсатилиши);
  • норезидентнинг мажбуриятини бир турдаги қарши талабларни ҳисобга олиш йўли билан тугатиш;
  • норезидентнинг томонлар ўртасидаги мавжуд дастлабки мажбуриятини худди ўша шахслар ўртасидаги бошқа предметни ёки бажариш усулини назарда тутувчи ўзга мажбурият билан алмаштириш йўли билан тугатиш;
  • суғурта тўловларини олиш.  

Агар резидент норезидентга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа резидент фойдасига воз кечса, репатриация қилиш тўғрисидаги талабнинг бажарилишини таъминлашга доир тегишли мажбурият талаб қилиш ҳуқуқини қабул қилган резидентга ўтади. Резидент (норезидент) ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг репатриация қилинишини таъминлаши шарт, бироқ репатриация қилиш муддати норезидентнинг мажбуриятлари юзага келган санадан эътиборан 180 кундан ошиб кетса, мазкур операция капитал ҳаракатининг операцияси сифатида баҳоланади.

Бешинчидан, валюта операцияларининг янги турлари киритилди ва уларнинг рўйхати кенгайтирилди. Валюта операциялари ички (мамлакат ҳудудида ўтказиладиган) ва халқаро (трансчегаравий) операцияларга бўлинади, улар ўз навбатида, жорий халқаро операцияларга ва капитал ҳаракати операцияларига бўлинади.  

Жорий халқаро операциялар деб эътироф этиладиган кредитни (қарзни) сўндириш ҳисобига тўланадиган сумма тўлаш даврида қарзнинг олинган, шартномада кўрсатилган тўлаш даврлари сонига нисбати сифатида ҳисоб-китоб қилинган қисмининг 2 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланган ҳолда аниқлаштириб олинди.

Носавдо тусидаги пул ўтказмалари (булар ҳам жорий халқаро операцияларнинг бир тури, таҳр. изоҳи) рўйхати энди тўлиқ бўлди (илгари МБ қандайдир операцияларни ҳам улар жумласига киритиши мумкин эди, таҳр изоҳи). Унга қўшимча равишда қуйидагилар киритилди:

  • жисмоний шахслар ўртасида 100 млн сўм эквивалентигача бўлган миқдордаги пул ўтказмалари;
  • шахсий эҳтиёжлар учун товарларга (хизматларга, ишларга) ҳақ тўлаш.

Резидентлар томонидан Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган ўз филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш, интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқни тўлиқ олиш ёки сотиш ҳам капитал ҳаракати операциялари жумласига киритилди.

Олтинчидан, миллий ва хорижий валютани чегарадан олиб ўтиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.   

Валюта

Аввалги тартиб

Янги тартиб

олиб кириш

олиб чиқиш

олиб кириш

олиб чиқиш

Миллий (сўм)

Декларациялаш ва рухсат олиш:

  • 50 ЭКИҲ/БҲМ (11 150 000 сўм) доирасида – декларацияланмайди ва МБ рухсати олинмайди;
  • кўрсатилган суммадан юқори бўлганда – жами сумма декларацияланади ва МБ рухсати асосида.

Олиб кириш суммаси чекланмайди.

100 млн сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада амалга оширилади, белгиланган эквивалентдан ортиқ суммада олиб чиқиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади. 

Қонуности ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилганидан кейин батафсил (декларациялаш, рухсатнома олиш зарурати ва уни олиш тартиби) аниқлаштирилади (бу ерда, бу ерда ва бу ерда қаранг).

Хорижий

Декларацияланади:

  • $2 000 эквивалентидаги миқдорда, ушбу сумма ҳам ҳисобга киради – декларацияланмайди;
  • ундан ортиқ бўлса – жами сумма декларацияланади.

Олиб кириш суммаси чекланмайди.

Декларацияланади:

  • $2 000 эквивалентидаги миқдорда, ушбу сумма ҳам ҳисобга киради – декларацияланмайди;
  • ундан ортиқ бўлса – жами сумма декларацияланади.

Рухсат этилган:

  • $5 000 эквивалентидаги сумма, ушбу сумма ҳам ҳисобга олинади – рухсатномасиз;
  • ундан ортиқ сумма – МБ рухсатига (резидентлар) ёки  олиб киришда тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси (норезидентлар) асосида.  

Еттинчидан, мазкур соҳадаги валютани назорат қилувчи органлар – МБ, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, ДСҚ, ДБҚнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланди. Хусусан, улар валюта операциялари бўйича текширувларни амалга ошириши ҳамда фақат ўтказилаётган валюта операциясига бевосита тааллуқли бўлган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиши мумкин.

Ўз навбатида, текширилаётганлар текширув материаллари билан танишишга, назорат қилувчи органларнинг ҳаракатлари устидан шикоят қилишга ва етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақлидирлар. 

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 23.10.2019 йилдан кучга кирди.

Олег Заманов.