Баъзи қарздорларга солиқлар бўйича тўлов муддати узайтирилиши мумкин

preview

Вазирлар Маҳкамасининг 25.11.2019 йилдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 951-сон қарори қабул қилинди. Тўлаш муддати 1 ойдан 24 ойгача солиқ қарздорлигининг бутун суммасига ёки унинг бир қисмига кўрсатилган   солиқларнинг бири ёки  бир нечта турлари бўйича кечиктирилади. Уни олишнинг муайян шартлари ҳам мавжуд. Шу жумладан – кўп марта. Узайтириш тартиби қарорнинг 1-иловасида батафсил баён этилган.

  • Тўлаш муддати қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлган тақдирда узайтирилади:

1. Агар солиқлар, пенялар ва жарималарнинг бир марталик тўлови солиқ тўловчини иқтисодий ночорликка (банкротликка) олиб келса;

2. Солиқ тўловчининг ишлаб чиқариши ёки товарлар ва хизматлар реализацияси мавсумий хусусиятга эга бўлса;

3. Солиқ тўловчига табиий офат, технологик фалокат ёки енгиб бўлмайдиган кучларнинг бошқа ҳолатлари натижасида зарар етказилган такдирда.

  • Солиқни тўлаш муддати узайтирилган солиқ тўловчи биринчи узайтирилган муддат бўйича қарздорлик тўлиқ сўндирилгандан сўнг фақат 3 йилдан кейин яна бир марта узайтириш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. 3-бандда белгиланган вазият – табиий офат ва технологик фалокат натижасида етказилган зарар истисно ҳисобланади.
  • 1 ва 2-бандларда кўрсатилган ҳолларда солиқ тўловчига муддатни узайтириш санасига қадар пеня ҳисоблаб ёзилади.
  • Тўлаш муддати солиқ тўловчининг соф активлари қийматидан ошмайдиган суммага узайтирилиши мумкин.
  • Тўлаш муддати Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари асосида узайтирилади.
  • Муддатни узайтириш тўғрисидаги аризани электрон шаклда бериш мумкин.
  • Аризага қуйидагилар илова қилинади:

- кўрсатилган солиқлар турлари бўйича ДСИ билан тузилган солиштирма далолатнома. Маълумотномада ҳисоблаб ёзилган ва тўланган солиқлар, пенялар, жарималар тўғрисида ахборот бўлиши керак;

- солиқ тўловчининг ҳисобварақлари бўйича охирги 6 ой учун  пул маблағлари ҳаракати ва картотека мавжудлиги тўғрисида банкнинг маълумотномаси;

-контрагентлар рўйхати ва улар билан тузилган шартномалар нусхаси ёки дебиторлик қарзи  юзага келганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар;

- ДСИга охирги ҳисобот даври учун тақдим этилган молиявий хисобот;

- солиқ тўловчининг мавсумий хусусиятга эга бўлган фаолиятидан олган даромадлари камида 50%ни ташкил этишини тасдиқловчи ҳужжат.

  • Солиқ тўлаш муддати соддалаштирилган тартибида узайтирилиши учун солиқ тўловчи юридик шахс кафиллигини тақдим этиши мумкин. Бунда кафил қуйидагиларни тақдим этади:

- охирги 2 йилда ҳисобланган ва тўланган солиқлар бўйича ДСИнинг маълумотномаси. Бунда кафилнинг ушбу давр учун тўланган солиқлари суммаси тўлаш муддати узайтирилаётган солиқлар суммасининг 3 бараваридан кам бўлмаслиги керак.

  • Агар технологик ҳалокат ёки шунга ўхшаш бошқа ҳодисалар муддатни узайтириш учун асос бўлса, солиқ тўловчи бундай ҳодиса ҳақиқатда рўй берганлиги ва солиқ тўловчи ундан зарар кўрганлиги тўғрисида ваколатли органнинг хулосасини олиши керак.
  • Тўлашни кечиктириш тўғрисидаги қарор солиқ тўловчининг аризаси олинган кундан бошлаб 30 кун муддатда қабул қилинади.
  • Муайян вазиятларда салбий (яъни – муддатни узайтирмаслик тўғрисида) қарор қабул қилиниши мумкин.
  •  Қарор қабул қилинган санадан бошлаб 3 кун ичида унинг нусхалари ДСИ ва солиқ тўловчига тақдим этилади.

Қарор ва унинг иловаларини бу ерда юклаб олиш мумкин.