Келгуси йил ҳосили учун харажатлар бўйича ҚҚС қачон ҳисобга олинади

preview

Buxgalter.uz молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВНИНГ ўқувчиларнинг саволларига берган жавобларини чоп этишда давом этади.

– ҚҚС тўловчи фермер хўжалиги 2020 йилги буғдой ҳосили учун 2019 йил октябрда харажат қилган (уруғлик, минерал ўғитлар ва ҳ.к. харид қилган). Ушбу харидга доир ҚҚС қачон ҳисобга олинади – 2019 йил октябрдами ёки 2020 йилда буғдой сотилаётгандами?

– Харид қилиш пайти – 2019 йил октябрда.

ҚҚС бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартлар бажарилганда ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммасида ҳисобга олинади :

  • товарлардан (хизматлардан), шу жумладан – ноль даражали ставкада ҚҚС солинадиган реализация қилиш оборотларида фойдаланилган бўлиши керак;
  • олинган товарлар (хизматлар) учун ҳисобварақ-фактура ёки етказиб берувчи тақдим этган, ҚҚС суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган бошқа ҳужжат расмийлаштирилган ва товарни (хизматни) етказиб берувчи ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлиши;
  • товарлар импорт қилинган бўлса, бюджетга ҚҚС тўланган бўлиши;
  • товарлар (хизматлар) чет эллик шахслардан сотиб олинган, бунда уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, солиқ агенти бюджетга ҚҚС тўлаган бўлиши;
  • ноль даражали ставкада солиқ солинадиган товарлар экспорт қилинаётганда чет эллик харидор (тўловчи) экспорт қилинаётган товарлар ҳақини тўлаганини тасдиқловчи банк кўчирмаси бўлиши.