Маъмурий жарималарни тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилмоқда

preview

Жарима суммасининг 70%ини 15 кун ичида тўлаган ҳолда қолган 30%ини сўндирмаса бўлади. Тегишли тузатишлар МЖТКга киритилди (17.03.2020 йилдаги ЎРҚ-612-сон Қонунга қаранг).

Ҳуқуқбузар жарима тўлаши лозим бўлган умумий муддат 15 кундан 30 кунгача оширилди. У жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан эътиборан ҳисоблаб чиқарилади. Бу фақат 2020 йил 18 мартдан кейин чиқарилган жарима солиш тўғрисидаги қарорларга тааллуқли.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни тўлаш қисмида ўзгаришлар йўқ. Илгаригидек, улар қарор олинган кундан эътиборан 60 кун ичида тўланиши керак.

Бир вақтнинг ўзида жарима солиш тўғрисидаги қарорларни ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилмоқда. Энди, ҳуқуқбузар жарима суммасининг 70%ини унга қарор топширилган кундан эътиборан 15 кун ичида ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда у қолган қисмидан (30%) озод этилади.

Қуйидаги ҳолларда соддалаштирилган тартиб қўлланилмайди:

  • маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун суд томонидан жарима солинганда;
  • жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест билдирилганда;
  • худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда.

Қонун “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган в а18.03.2020 йилдан кучга кирди.

Олег ЗАМАНОВ