Фойда солиғи ҳисоб-китобида узоқ муддатли контрактларни ҳисобга оламиз

preview

2020 йилдан бошлаб солиқ солиш мақсадида узоқ муддатли контрактлар бўйича даромадлар ҳисоб маълумотлари асосида даромадни тенг маромда тан олиш принципини инобатга олган ҳолда аниқланади. II чоракда ишлар ҳажми қисқартирилган ёки тўхтатиб қўйилган бўлса, ушбу норма қандай қўлланилади? «Норма» эксперти Наталья МЕМЕТОВА вазиятга ойдинлик киритди:


– Мазкур норма қуйидаги контрактларга тааллуқли:

  • улар бўйича ишлар узоқ муддат давомида бажариладиган;
  • контракт шартларида уларни босқичма-босқич топшириш назарда тутилмаган .

ҚҚСни ҳисоб-китоб қилиш учун СКда узоқ (1 ойдан ортиқ) муддатли шартномалар бўйича айланмани ҳар бир календарь ойнинг охирги кунида аниқлаш мажбурияти белгиланган .

Ушбу талабни ҳисобга олган ҳолда қилинган харажатларнинг контракт бўйича умумий харажатлар суммасидаги салмоғидан келиб чиқиб даромадни ҳар ойда аниқланг .

Бир ойдаги узоқ муддатли контракт бўйича даромад суммасини аниқлаш учун:

1) контракт бажарила бошлаганидан буён ҳақиқатда қилинган харажатларнинг уни бажариш учун умумий харажатлар суммасидаги салмоғини ҳисобланг;

2) қилинган харажатларнинг ҳисобланган салмоғини контракт бўйича умумий даромад суммасига (контракт нархига) кўпайтириш йўли билан ой охиридаги даромадни аниқланг;

3) ушбу контракт бўйича илгари ҳисобга олинган даромадларни айиринг .


Бир ойдаги даромадни қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:


До = Хб : Хк х Дк – Диҳ
, бунда: 


До – ойлик даромад;

Хб – контракт бажарила бошлаганидан буён ҳақиқатда қилинган харажатлар;

Хк – контрактни бажариш учун қилинган харажатлар, жами;

Дк – контракт бўйича даромад;

Диҳ – контракт бўйича илгари ҳисобга олинган даромадлар.

 

Контракт бўйича даромад – ҚҚС чегирилган ҳолда шартнома қиймати.

Контрактни бажариш учун қилинган харажатларни лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқланг.

Бир ойдаги харажатларни аниқлаш учун 2010-счёт «Асосий ишлаб чиқариш» дебети бўйича ишлаб чиқариш таннархини шакллантиринг. Унга ёрдамчи (2310-счёт) ва умумишлаб чиқариш харажатларини (2510-счёт) киритинг.

Диққат

Ишлар ҳажми қисқарганда харажатлар ҳам қисқаради. Демак, солиқ солиш мақсадида тан олиниши лозим бўлган даромадлар ҳам ўтган даврларга қараганда унча кўп бўлмайди.

Бундай контрактлар бўйича ишлар тўхтатиб қўйилган бўлса, 2010-счёт дебетида улар бўйича харажатлар ҳам бўлмаслиги керак. Бу ҳолда узоқ муддатли контрактлар бўйича даромад тан олинмайди

Узоқ муддатли контрактлар бўйича ишлар тўлиқ тўхтатиб қўйилган тақдирда олдини олиб бўлмайдиган умумишлаб чиқариш тусидаги харажатларни бошқа операцион харажатларга киритинг ва 9430-счёт бўйича акс эттиринг. Масалан, – ишлаб чиқариш қувватларининг амортизация ёки ижара харажатларини. Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг.

Мисол
Узоқ муддатли контракт бўйича даромадни аниқлаш
Корхона 15% ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 2 300 млн сўмлик суммадаги узоқ муддатли контракт бўйича ишларни бажаради.
Ишларни бажариш муддати – 20 ой.
Смета бўйича умумий харажатлар суммаси – 1 600 млн сўм.
Контракт бажарилган I чоракда 2010-счёт дебети бўйича харажатлар 200 млн сўмни ташкил этган.
I чоракда контракт бўйича даромад (соф тушум):
200 : 1 600 х (2 300 : 1,15) = 250 млн сўмни ташкил этган.
ҚҚС:
250 х 15% = 37,5 млн сўм.
II чоракда контракт бўйича ишлар тўхтатиб қўйилган.
2010-счёт дебети бўйича акс эттириладиган ишлаб чиқариш харажатлари бўлмаган.
Корхона ишлаб чиқариш қувватлари билан боғлиқ 30 млн сўмлик суммадаги олдини олиб бўлмайдиган харажатларни бошқа операцион харажатларга киритиб, 9430-счёт дебети бўйича акс эттирган.
Корхона I ярим йиллик учун Фойда солиғи бўйича ҳисоб-китобда I чоракдаги суммаларни такроран қайд этади:
  • 1-илованинг 021-сатрида – реализация қилишдан даромад 250 млн сўм;
  • 2-илованинг 020-сатрида – реализация қилинган маҳсулот (товарлар, хизматлар) таннархи 200 млн сўм.
Корхона 2-илованинг 070-сатрида ишлаб чиқариш қувватлари билан боғлиқ бўлган II чоракдаги олдини олиб бўлмайдиган харажатларни ҳисобга олган ҳолда I ярим йилликдаги бошқа харажатларни акс эттиради, 30 млн сўм.

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text160953_foyda_soligi_hisob-kitobida_uzoq_muddatli_kontraktlarni_hisobga_olamiz