Солиқ аудити тўғрисида низомда қандай қизиқарли янгиликлар мавжуд

preview

Давлат солиқ қўмитаси томонидан Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида низом тасдиқланди . СКга мувофиқ, солиқ назоратининг ушбу тури бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш йўли билан муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг ҳисобланиши ҳамда тўланишининг тўғрилигини текшириш мақсадида қўлланилади. Батафсил – norma.uz шарҳловчиси шарҳида.

Янги Низомга мувофиқ, солиқ аудити қуйидаги солиқ тўловчиларда ўтказилади:

  • «таҳлика-таҳлил» хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган ахборот тизими орқали аниқланган, юқори даражадаги солиқ хавфи тоифасига мансуб бўлган;
  • камерал солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ органининг талабномасига жавобан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган (шу жумладан, аниқлаштирилган талабномадан кейин), аниқланган тафовутлар бўйича асос келтирмаган ёки тақдим қилинган асосномалар етарли эмас деб топилган;
  • ихтиёрий тугатилаётган;
  • жиноий иш қўзғатилган;
  • аввал ўтказилган солиқ аудити чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган. 

Солиқ аудити:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ДСБ томонидан ўз ҳудудида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган солиқ тўловчиларда;
  • йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро ДСИ томонидан йирик солиқ тўловчиларда;
  • ДСҚ томонидан юқори даражадаги солиқ хавфи тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда ўтказилади. 

Низомда назарда тутилишича, солиқ аудити:

  • солиқ органининг буйруғига асосан тасдиқланган аудит дастурига мувофиқ ўтказилади;
  • солиқ тўловчига аудит ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборганидан кейин 30 календарь кун ўтгач ўтказилиши мумкин;
  • солиқ тўловчига (солиқ агентига) солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ топширилган кунда бошланади;
  • ўтказилган текширув тўғрисида далолатнома имзоланган кунда тугайди;
  • 30 иш кунидан ортиқ давом этиши мумкин эмас. Солиқ аудитини ўтказиш муддати СК 142-моддасига мувофиқ узайтирилиши мумкин;
  • фақат даъво қилиш муддати ўтмаган охирги солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олади;
  • солиқ тўловчида айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ ўтказилмайди. Истисно -  янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар;
  • солиқ тўловчининг Текширувларни рўйхатга олиш китоби тўлдирилганидан сўнг ўтказилади.

Солиқ аудити натижалари текширув тамомлангандан кейин 3 кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

Шунингдек, янги Низомда қуйидагиларни амалга ошириш тартиби белгиланган:

  • солиқ органи томонидан солиқ аудитини ўтказиш доирасида, аудитни ўтказишдан олдин солиқ тўловчига ҳужжатларни юбориш;
  • солиқ аудитини тайинлаш, ташкил этиш ва ўтказиш;
  • ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш;
  • текширилаётган солиқ тўловчидан ва учинчи шахслардан ахборотни талаб қилиб олиш;
  • ҳужжатларни ва электрон ахборот жисмларини олиб қўйиш.
  • солиқ аудити натижаларини расмийлаштириш.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.06.2020 йилдан кучга кирган.

 

Баҳодир ҚАЮМОВ