Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Харидорга қачон иккита чек берилиши керак
Тўлов терминаллари орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга чеклар билан бирга албатта онлайн-НКМ ёхуд виртуал касса чеки берилиши керак. Президентнинг 06.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон Фармонининг ушбу нормасини амалга ошириш билан боғлиқ юзага келаётган саволларга ДСҚ мутахассислари махсус ташкил этилган онлайн-семинарда жавоб бердилар. Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида.
1. Терминал орқали сотилган товар учун урилган касса чеки тушумнинг сунъий равишда оширилишига олиб келмайдими? Ахир бу товар учун тўлов терминали чеки берилган-ку?
– Ҳеч қандай тушумнинг сунъий равишда оширилишига йўл қўйилмайди. Назорат-касса машинаси ва терминал турли функцияларга эга, улар орқали уриладиган чеклар эса тегишли жиҳоз ёрдамида амалга оширилган операция ҳақидаги ахборотни ўз ичига олади ва уни тасдиқлайди.
Реестрга киритилган барча онлайн-НКМ ва виртуал кассаларда нақд пулга ва пластик карталар бўйича сотилган товарларнинг ҳисобини тўғри юритиш учун махсус тугмача бор. Кассир ёки сотувчи аппаратда сотишни қайд этаётганда режимни тўғри танласа, ҳеч қандай муаммо юзага келмайди.
2. Кассир тўлов турини чалкаштириб, керакли «терминал» позицияси ўрнига «нақд» позициясини танлаган бўлса, нима қилиш керак?
– Ҳаммаси қонуний бўлиши учун онлайн-НКМ ёки виртуал кассага киритилган суммаларни қайтариб, янги – тўғри! – чек уриш лозим.
Қайтариш қоидалари Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган.
Бунинг учун қуйидаги хатти-ҳаракатларни бажариш керак:
- харидордан ёзма ариза (Ф.И.О. кўрсатилган ҳолда) олинади – хўжалик юритувчи субъект кассасидан пул маблағларини 1 банк кунидан ортиқ бўлмаган вақт мобайнида қайтариш учун;
- харидордан илгари берилган чек олинади;
- икки нусхада юкхат расмийлаштирилади. Улардан бири товар ҳисоботига тикиб қўйилади, иккинчи нусхаси харидорга топширилади ва қайтарилган товар учун пул суммасини олишга асос ҳисобланади;
- қайтарилган сумма учун пул маблағларини қайтариш тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади. Далолатнома бир нусхада тузилади, масъул шахслар томонидан имзоланади ва тадбиркорлик субъектининг раҳбари томонидан тасдиқланади;
- харидор томонидан тақдим этилган касса чеклари қоғоз варағига ёпиштирилади ва далолатнома билан биргаликда бухгалтерияга топширилади;
- харидорнинг Ф.И.О. мажбурий тартибда кўрсатилган ҳолда чиқим касса ордери расмийлаштирилади;
- товарларни сотишдан олинган даромадга тузатиш киритиш пул маблағлари қайтарилган солиқ даврида амалга оширилади.
3. Харидор пластик карта орқали харид қилиб, чиқиб кетди. Сотувчи НКМ чекини уришни унутди. Ҳисоб юритишда ва солиқларни ҳисоблашда хатога йўл қўймаслик учун энди касса чекини нима қилиш керак?
– Сотувчи харидорга НКМ чекини бериши шарт, буни эса фақат харидор ҳозир бўлганда амалга ошириш мумкин. Бунда қонун ҳужжатларида сотувчининг харидор ҳозир бўлмаганда чек уришини тақиқловчи норма йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳисоб юритиш ва ҳисоб-китоб қилиш чоғида хатога йўл қўймаслик учун чек уринг. Бироқ бу қонун ҳужжатларини мунтазам бузиш ва харидорларга чек бермаслик учун баҳона бўла олмайди.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.