Онлайн-касса билан боғлиқ муаммолар камайиши учун нима қилиш керак

preview

2019 йил якунлари бўйича йиллик айланмаси (тушуми) 5 млрд сўмдан ошган тадбиркорлар 2020 йил 1 августгача онлайн-кассаларга ўтишни якунига етказишлари керак. Унга ўтиб бўлган айрим хўжалик юритувчи субъектлар иш жараёнида турли ноқулайликларга тўқнаш келдилар. Буни қандай ўнглаш мумкин? Вuxgalter.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритди.

Касса сотиб олдик, бироқ у тўғри келмаяпти

Сотиб олинган касса маъқул келмай, реестрда талабларингизга кўпроқ даражада жавоб берадиган бошқа модель борлигини билиб қолсангиз, ўрнатилганидан воз кечиб, бошқасини сотиб олишингиз ва ўрнатишингиз мумкин.

Бунда онлайн-кассани биринчи бор ўрнатаётгандагидек барча босқичлардан ўтишингизга тўғри келади. Батафсил йўриқнома – бу ерда. Онлайн-НКМ ёки виртуал кассани ҳисобдан чиқариш учун ДСИга эмас, балки техник хизмат кўрсатиш марказига (ТХКМ) мурожаат қилиш лозим.

Бунда бир маромда ишлаётган, сиз бошқасига алмаштирмоқчи бўлган онлайн-НКМни нима қилиш керак, деган савол юзага келади. Уни сотувчига қайтариш мумкинми? Бу саволга жавобни ўзингиз тузган олди-сотди шартномасидан излашингиз лозим.

Бир қатор касса техникасини ишлаб чиқарувчилар ва ТХКМ қайтариш билан боғлиқ масалани қандай ҳал қилишлари билан қизиқдик. Улардан шундай жавоб олдик: жиҳоз яроқсиз эканлиги ёки айтилган талабларга номувофиқлиги аниқланиб, ушбу далил исботланса, ишлаб чиқарувчилар пулни қайтариб, жиҳозни қайтариб олишга тайёрлар. Бироқ сифати лозим даражада бўлган онлайн-касса ҳақида сўз бораётган бўлса, ишлаб чиқарувчи уни қайтариб олмайди ва, табиийки, пулини қайтармайди. Қўшимча тўловни қабул қилиб, бошқа жиҳозга ҳам алмаштириб бермайди. ТХКМ эса бевосита ишлаб чиқарувчидан олинган янги НКМ билан ишлашни афзал кўради, сабаби қайтарилган жиҳоз носоз бўлиб чиқиши эҳтимоли катта.

Янги онлайн-НКМ ёки виртуал касса ўрнатаётганда 06.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон Фармонда назарда тутилган имтиёздан фойдаланиш имкони ҳам бор. ДСҚнинг солиқ солиш бўйича маслаҳат бериш бошқармаси катта инспектори Евгения ГУСАКОВА тадбиркорлик субъектларига онлайн-НКМдан фойдаланишга ўтган тақдирда уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн-НКМни 2021 йил 1 январга қадар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарти билан, унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин БҲМнинг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилишини тасдиқлади. Ушбу имтиёзни қандай қўллаш ҳақида бу ерда ўқинг.

Бунда имтиёзни қўллаган ҳолда ўрнатилган онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан воз кечган тақдирда маблағларни бюджетга қайтариш керакми, деган савол очиқлигича қолмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда норма белгиланмаган, демак, бу саволнинг аниқ жавоби ҳам йўқ.


«Базавий қисмни» ололмаяпмиз

Тадбиркорларни ПФ-5813-сон Фармонга мувофиқ ДСҚ бепул тақдим этиши керак бўлган виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисмини қаердан олиш, шунингдек – унинг имкониятларидан фойдаланиш мумкинлиги қизиқтирмоқда. ДСҚ вакилининг айтишича: «Бугунги кунда виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисмини тақдим этиш ва рўйхатдан ўтказиш билан «Soliq Servis» ДУК шуғулланмоқда, унинг туман филиаллари туман инспекцияларида жойлашган. «Soliq Servis» ДУКга 71-202-32-82 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин. Виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисмида қуйидаги имкониятлар мавжуд:

  • маҳсулот ҳисобини юритиш;
  • чекларни шакллантириш;
  • фискал модуль билан интеграцияланиш;
  • фискал маълумотлар операторига онлайн режимда чекларни юбориш;
  • Z-ҳисоботларни шакллантириш;
  • фойдаланувчиларни бошқариш;
  • оффлайн режимда ишлаш;
  • товарлар номенклатурасини юритиш;
  • умумий ҳисоботларни тузиш.

Мухбир кўрсатилган телефон орқали қўнғироқ қилди. Дастлаб call-операторлар қандай бепул дастур ҳақида сўз бораётганини тушунмай, ДСҚ сайтида жойлаштирилган реестрдаги исталган ТХКМга мурожаат қилишни тавсия этдилар. Оператор фақат онлайн-НКМ ўрнатувчилар учун имтиёз борлигига ишонтирмоқчи бўлди. Бироқ биз гапимизда туриб олиб, 06.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон Фармоннинг аниқ бандини кўрсатдик, оператор бир муддат маслаҳатлашиб олгач, – ҳа, бундай версия мавжуд, уни олиш учун ДУКнинг туман бўлимларига мурожаат қилиш керак, дея маълум қилди.

Бироқ бундай имкониятни ҳисобга олганда ҳам ҳанузгача виртуал касса ўрнатиш онлайн технологияга ўтишнинг энг серчиқим варианти бўлиб қолмоқда, чунки унинг учун алоҳида компьютер, штрихли кодлар учун сканер, чекларни қоғозга босиб чиқариш учун принтер олишга тўғри келади.

Виртуал кассани танлаганлар, онлайн-НКМга ўтаётганлар сингари, фискал модуль ва унга хизмат кўрсатилиши учун «Янги технологиялар» ИАМга йилига 223 минг сўм тўлашлари керак. ТХКМ билан техник хизмат кўрсатиш шартномаси тузилганда ойига яна 100 минггача, ишга тушириш-созлаш учун эса ТХКМ нархлари бўйича ҳақ тўлашга тўғри келади. Бунда ҳозирча фақат онлайн-НКМга ўтаётганлар учун ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини камайтириш бўйича имтиёз татбиқ эилмоқда.

Бугунги кунга келиб онлайн-касса ўрнатиш жараёни йўлга қўйилган, у илгаригидан кўра анча кам вақтни олаяпти. Ўз вақтида ҳақини тўласангиз, бунга умуман олганда 1–2 кундан бир ҳафтагача вақт кетади.


Товарлар номенклатураси билан боғлиқ ишдаги қийинчиликлар

Онлайн-касса унга ҳар бир номенклатура бирлигини савдо шохобчангиздаги бошқа товарлар орасида осон идентификациялайдиган қилиб киритишни талаб этади. Ҳозирча буни қўлда киритишга тўғри келмоқда.

«Марон» ТХКМ мутахассиси Рустам ЁҚУБОВ ишнинг бу жиҳатини қандай қилиб мақбуллаштириш мумкинлиги ҳақида гапириб берди:

  1. Ассортиментингизни тез-тез ўзгартириб ёки тўлдириб турсангиз, ТХКМ ва ишлаб чиқарувчи ходимининг иштирокисиз номенклатура базасини алмаштириш имконини берадиган онлайн-НКМ моделини ёки виртуал кассани танланг. Шундай моделлар борки, улар билан ишлаётганда сиз қайд этган рўйхатни келгусида кассага киритиш учун ТХКМ ходимларига мажбурий равишда топшириш керак бўлади. Бу ҳамма учун ҳам қулай усул эмас…
  2. ТХКМ ёрдамида товарларнинг номланишлари кассага киритилиши учун жавобгар бўладиган ходимни ўқитинг .
  3. Иш бошлаётганда ассортиментингизда бўладиган товарларнинг имкон қадар тўлиқ базасини яратишга ҳаракат қилинг. Бунда ТХКМ ходимлари тузган мавжуд рўйхатлардан фойдаланиш мумкин.
  4. База тўлиб кетган, янги номланишдаги товарларни киритиш лозим бўлган ҳолдагина илгари киритилган позицияларни кассадан чиқариб ташланг. Бу пайтгача эса уни фақат тўлдириб боринг. Бугун талабгир бўлмаган позициялар келгусида асқотиши мумкин.
  5. Ўзингиз тузган товарлар рўйхатини флешка ёки бошқа ахборот ташувчида сақланг, НКМ ёки виртуал касса бузилиб қолганда уни бошқатдан тузишингизга ҳожат қолмайди.

Яна бир маслаҳат: кўпинча ўрамни очиб сотишга тўғри келса (масалан, дорихонада дори воситаларини алоҳида блистерларда ёки донабай сотишга рухсат берилса), сиз оладиган онлайн-НКМ моделида ёки виртуал кассада бундай имконият бор-йўқлигига эътибор беринг. Бугунги кунда барча онлайн-НКМ ва виртуал кассаларда бундай имконият бор деб бўлмайди.


Бизнес турига қараб касса танланади…

«Гаров тараққиёт» МЧЖ муассиси Владимир ГИБЕЛЬ муайян моделни танлаётганда қуйидагиларни инобатга олишни тавсия этади:

  • «планшетли онлайн-кассалар – бугунги кунда русум бўлган ечим. Бироқ уларни таъмирлаш қимматга тушади, кўпинча эса умуман тузатиб бўлмайди. Улар техник тавсифларига кўра харидорлари сони нисбатан озчиликни ташкил этадиган ва аяб ишлатиш учун шароити бўлган бутикларга кўпроқ мос келади;
  • тугмачали онлайн-кассалар – тежамкор ва эскиришга чидамли вариант, деярли ҳар қандай шароитда ишлайверади. Бундан ташқари, уларни таъмирлаш мумкин. Таъмирлаш қимматга тушмайди, сабаби ушбу НКМ анча арзон, алмаштириб бўладиган блок ва узеллардан ташкил топган;
  • виртуал кассаларэлектрон тижорат ҳамда ассортименти катта, кўп чек уриладиган йирик дўконлар учун мақбул ечим. Ишлаб чиқарувчилар кассаларни бухгалтерия ва омбор ҳисобини юритиш дастурлари билан интеграциялаш бўйича ечимлар устида ишлашмоқда. 

Аслида виртуал касса серчиқим вариант эканлиги инобатга олинса, ДСҚ томонидан яратилган бепул «база» мақбул ечим бўла олади. Бироқ бугунги кунда фақат битта ТХКМ – «Soliq Servis» ДУК уни тарқатиш билан шуғулланмоқда. Бошқа ТХКМ ҳам у билан шуғулланганларида, у тадбиркорлар учун янада жозибадор ва арзон бўларди. Бироқ бизнинг ТХКМ ушбу маҳсулотга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар рўйхатига киритишни сўраб ишлаб чиқувчи «Янги технологиялар» ИАМга ва ДСҚга ёзма равишда мурожаат қилганда, бизга рад жавобини бердилар».

Олег ГАЕВОЙ.

Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб /uz/publish/doc/text161106_onlayn-kassa_bilan_bogliq_muammolar_kamayishi_uchun_nima_qilish_kerak