Реализацияни тан олиш муддатлари нима учун қайта кўриб чиқилиши керак

preview

Тадбиркорлар реализация қилиш далилини контрагент ҳисобварақ-фактурани имзолаган пайтдан бошлаб тан олиш ҳақидаги нормани солиқ қонунчилигига қайтаришни таклиф этмоқдалар. Бу тақдим этилган ЭҲФларнинг узоқ кўриб чиқилиши юзага келтираётган муаммоларнинг бир қисмини ҳал қилиш имконини беради. Buxgalter.uz ушбу таклифни таҳлил қилиб, унга қўшилди.    


– Бугунги кунда реализация қилиш далили ҳисобварақ-фактура тақдим этилган пайтдан бошлаб тан олинмоқда. Бу тадбиркорларнинг ушбу ҳужжатга нисбатан ўз мажбуриятларига виждонан ёндашмасликлари учун замин яратмоқда. Тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни кўриб чиқиш асоссиз равишда чўзилмоқда. Битим иштирокчиларидан лоақал биттаси айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлса, бу масала янада долзарб тус олади.

Буюртмачи ҳисобварақ-фактурани имзолашдан манфаатдор бўлган ҳолатларда одатда бундай муаммолар юзага келмайди. Масалан, иккала тараф умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлган битимлар бўйича – ўз вақтида имзоланмаган ҳисобварақ-фактуралар билан боғлиқ муаммо бунчалик кескин тус олмаган. Сабаби буюртмачи фақат имзолаган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиши мумкин. 

Ҳисобварақ-фактураларни имзолашни чўзиш билан боғлиқ турфа хил, баъзида ғайритабиий воқеаларни амалиётдан мисол қилиб келтириш мумкин. Бунда барча ҳолларда иккала тараф ўз манфаатларидан келиб чиқади: буюртмачи тежаб қолишни, янада сифатли хизматлар ва товарларни олишни, тўловларни кечиктиришни истайди, ижрочи (етказиб берувчи) эса, аксинча, тезроқ пулни олиб, харажатларини қоплашни, пул ишлашни кўзлайди.

Мисол учун, буюртмачи аввалига карантин сабабли деярли ишламаганини рўкач қилиб, ҳар ойда тўлов тўлаш назарда тутилган узоқ муддатли шартнома бўйича март ойидан июнь ойигача техник хизмат кўрсатиш учун тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни рад этиб, фақат июль ойи учун ҳисобварақ-фактураларни имзолади. Энди эса – ижрочи билан олиб борилган узоқ музокаралардан сўнг – ижрочи ҳақиқатда ўз шартномавий мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажаргани сабабли у апрель – июнь ойлари учун ҳисобварақ-фактураларни имзолашга рози бўлди, уларни қайта тақдим этишни сўрамоқда. 

Имзоланмаган ёки айтилган муддатда рад этилмаган ҳисобварақ-фактура имзоланган деб ҳисобланиши ҳақидаги шартномаларда қайд этилган шарт ҳам доим иш бермайди. Буюртмачи ёзма эътирозларга муносабат билдирмайди, у шартномавий мажбуриятларини бажаришига суд орқали эришиш учун эса кўп ҳаракат ва харажат талаб этилади. Баъзан суд чиқимлари шартнома бўйича тўланиши лозим бўлган суммадан кўп бўлиб чиқади. Суд сизнинг фойдангизга қарор чиқарганидан кейингина уларни даъво бўйича жавобгар зиммасига юклаш мумкин бўлади.

Низоли вазият қандай якун топмасин, бухгалтер ЭҲАдаги ҳужжатларга тузатиш киритишига ва ҳисоботларни қайта топширишига тўғри келади.

Шунингдек бухгалтерияда:

  • имзоланмаган ҳисобварақ-фактуралар доирасида бажарилган ҳажмлар бўйича иш ҳақини ҳисоблаш ва харажатларни қоплаш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келади. Тадбиркорлар тўланмаслиги мумкин бўлган харажатларни қоплашни истамайдилар;
  • ҳисоботлар кўп бор камайтириш томон қайта топширилганда қочиб қутулиб бўлмайдиган солиқ текширувлари ўтказилади.

Тадбиркорларнинг фикрича, реализация қилиш далилини тан олиш муддатини ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш пайтидан уни имзолаш пайтига кўчириш бундай ҳолатлар камайишига сабабчи бўлади.

 

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА:

– «Тадбиркорлар имзоланмаган ЭҲФлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга оид турли хил ташаббуслар билан чиқмоқдалар. Реализация қилиш далилини тан олиш муддатларини қайта кўриб чиқиш – ана ўшалардан бири.

Буларнинг бари мамлакатимиз электрон ҳисобварақ-фактураларга ўтганига ярим йил бўлганига қарамай, ЭҲФни қўллаш жараёнида вазиятларни тартибга солувчи ҳужжат ҳанузгача йўқлиги сабабли юз бермоқда. Буларнинг бари низоли вазиятларни ҳал қилишни жуда қийинлаштирмоқда.

Реализация қилиш далилини тақдим этилган ҳисобварақ-фактура контрагент томонидан имзоланиши далилига кўра тан олиш ҳақидаги норма солиқ қонунчилигимиз учун янги эмас. У 2020 йил таҳриридаги СК қабул қилингунига ва электрон ҳисобварақ-фактуралар жорий этилгунига қадар амал қилган. Ҳозир эса тақдим этилган ЭҲФни имзолаш билан боғлиқ масаланинг ечими тўлалигича битим тарафлари ихтиёрига топширилган. Солиқ органларини эса ҳисобварақ-фактура тақдим этилганлиги далилининг ўзи қизиқтиради.    

Вазирлар Маҳкамаси қарор қабул қилиши билан, хусусан, у билан ҳисобварақ-фактуралар бўйича янги низом тасдиқланади, тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни ўз вақтида имзолаш масаласини ечиш йўлида катта қадам қўйилган бўлади. Мазкур ҳужжат ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинган, ҳозир ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Бошқа нормалардан ташқари, унда тақдим этилган пайтдан бошлаб 10 кун ичида имзоланмаган ва рад этилмаган барча ҳисобварақ-фактуралар имзоланган деб тан олиниши ҳақидаги норма мавжуд.

Бунда реализация қилиш далилини тан олиш муддатларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар даражасида қайта кўриб чиқиш ҳақида ҳозирча сўз бормаяпти. Аслида, фикримча, ушбу таклиф эътиборга ва келгусида кўриб чиқишга лойиқ. Тегишли қарорнинг қабул қилиниши имзоланмаган ЭҲФлар билан боғлиқ муаммони ҳал қилишда яна бир дастак бўла олади. Нафақат тадбиркорларнинг ишини, балки солиқ маъмуриятчилигини ҳам қийинлаштирувчи ҳисобварақ-фактураларга тузатиш киритиш ва ҳисоботларни қайта топшириш ҳоллари камаяди. 

Реализация қилиш далилини ҳисобварақ-фактурани имзолаш пайтида тан олиш ҳақида қарор қабул қилинса, қабул қилинаётган нормалар нуқтаи назаридан тақдим этилган ҳисобварақ-фактура бўйича 10 кунлик муддат келгуси солиқ даврида тугаган ҳолда низоли вазият юзага келмайди.

Имзоланмаган ҳисобварақ-фактуралар билан боғлиқ муаммо ечими нафақат норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилишини, балки тадбиркорларнинг ҳужжатларга бўлган муносабатларини ўзгартиришларини ҳам талаб қилишини таъкидлаб ўтмоқчиман. Ишбилармон доиралар вакиллари контрагентлар уларга тақдим этган ҳужжатларни тезкор кўриб чиқишга ўрганишлари лозим. Бу ҳамкорларини ҳурмат қиладиган тадбиркорнинг виждонан иш юритишидан далолат беради».


Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

 

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /uz/publish/doc/text161433_realizaciyani_tan_olish_muddatlari_nima_uchun_qayta_kurib_chiqilishi_kerak