Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Сиз ҳеч қаерда ишламаётганлигингизни қандай исботлаш мумкин?
Агар охирги иш жойида инсон 2020 йил 1 январдан кейин қабул қилинган ва ишдан бўшатилган бўлса, унинг ҳеч қаерда ишламаслиги ҳолатини қандай тасдиқлаш мумкин? Яъни – қачонки меҳнат шартномалари тўғрисидаги маълумотлар фақат ЯММТда қайд қилинса ва иш берувчи жисмоний шахс билан шартномани бекор қилгандан кейин у тўғрисидаги ахборотга кириш имкониятига эга бўлмаганда. Хусусан, бундай тасдиқнома ишдан бўшатилгани учун МКнинг 67-моддасига асосан – штатлар қисқартирилганда ёки корхона тугатилганда ўртача иш ҳақини тўлаш учун зарур.
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Давлат меҳнат инспекцияси ҳуқуқий инспектори Раҳимжон РАҲМОНОВ жавоб берди:
- Ҳақиқатан, Президентнинг 31.10.2019 йилдаги ПҚ-4502-сон қарори ва 05.12.2019 йилдаги 971-сон ВМҚга мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб асосий иш жойи бўйича иш ҳақидаги барча маълумотлар ЯММТда рўйхатдан ўтказилиши керак. Шу жумладан – меҳнат шартномасини тузиш ва бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар. Ушбу маълумотлар асосида тизим автоматик равишда электрон меҳнат дафтарчасини шакллантиради. Иш стажининг ҳисоби 01.01.2020 йилдан бошлаб ЯММТ тизими маълумотлари асосида юритилади.
Бунда МКнинг 67-моддаси нормалари ўзгармаган. Ўзининг собиқ иш берувчисидан МКнинг 67-моддасига асосан тўлов олиш учун жисмоний шахс ишга жойлашмаганлигини тасдиқлаши керак. Бунинг учун у меҳнат дафтарчасини тақдим этиши зарур. ЯММТ шароитларида – электрон меҳнат дафтарчасининг қоғозга чоп этилган вариантини.
Агар инсон илгариги иш жойи бўйича ишламаётган бўлса, янги иш жойи эса ҳали мавжуд бўлмаса, у ўзининг электрон меҳнат дафтарчасини мустақил равишда чоп этиши мумкин. Бунинг учун my.mehnat.uz даги жисмоний шахснинг шахсий кабинетига кириш зарур. Дастлабки ҳолатда у маълумотлар тизимга киритилган барча жисмоний шахсларда мавжуд.
Агар жисмоний шахс my.mehnat.uz да шахсий кабинетга биринчи марта кираётган бўлса, аввал у ерда рўйхатдан ўтиши керак. Скриншотлар билан қадамма-қадам йўриқномалар - бу ерда.
Электрон меҳнат дафтарчаси фирма бланкасида чоп этилади. Ушбу чоп этилган ҳужжат меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлаш учун етарли ҳисобланади.
Олег ГАЕВОЙ