Ўзбекистонда электрон ҳужжатлар айланиши тизимидаги 4 муаммо

preview

Ўз вақтида қоғоздаги ҳисоботларни ва бошқа ҳужжатларни топшириш учун елиб-югурганлар бухгалтер учун электрон ҳужжатлар айланиши – бу катта ютуқ эканлигини тасдиқлашлари аниқ. Бироқ, бундай ютуққа эришилганига қарамай, ушбу масала борасида бухгалтерларда мураккабликлар юзага келиб турибди. 

Buxgalter.uz илтимосига кўра амалиётчи бухгалтер Алия МУХАМЕДОВА электрон ҳужжат айланишида мавжуд муаммолар ва камчиликлар ҳақида сўзлаб берди:

1. Ишончномалар

– «Амалдаги қоидаларга биноан ТМҚ олиш учун берилган ишончномага асосан товар берилади .

Ишончнома – бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан бошқа шахсга (ишонч билдирилганга) учинчи шахсларга тақдим этиш учун бериладиган ёзма шаклдаги ваколат .

4-сон БҲМСнинг янги таҳририга мувофиқ электрон ишончномада масъул шахсларнинг электрон имзоси қўйилган бўлиши лозим, бунда ишончли шахснинг электрон имзоси намунаси бўлиши талаб этилмайди.

Масъул шахс – бу ишончномада маълумотлар тўғри кўрсатилганлиги юзасидан жавобгар ҳамда ишонч билдирилган шахс номидан товарларни олиш учун ваколатли бўлган шахс ҳисобланади. Моҳиятига кўра ишончноманинг мақсади ва мазмуни харидор номидан ким товар олиши ҳақида етказиб берувчини хабардор қилишдан иборат. Ушбу фактни шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган ҳолда тасдиқлаш мумкин. Товар берувчига маълум қилиш мақсадида товар-юк ҳужжатларида қандай имзо тўғри эканлиги тасдиғи сифатида ишончноманинг қоғоздаги шаклига имзо қўйилади.  

Ишончли шахс томонидан электрон ишончномани имзолашдан маъно йўқ, чунки электрон имзо намунаси қўйилиши мумкин эмас, Фуқаролик кодекси нуқтаи назаридан ишончли шахс ҳужжатни тасдиқлашга ваколатли бўлмайди .  


Амалиётда
:

Роуминг-оператор ишончли шахснинг имзосисиз электрон ишончномани қабул қилмайди. Натижада омборлари сони ва моддий жавобгар шахслари кўп бўлган йирик компаниялар, улар орасида тез-тез ротация юз бериши сабабли, ишончли шахслар томонидан ишончномаларнинг электрон тарзда «тасдиқланиши»ни оператив назорат қилиш имкониятига эга бўлмайдилар ва уларни қоғоз шаклида тузишга мажбур бўладилар.

Бундан ташқари, ишончнома беришда ЭҲФ ишонч билдирилган шахснинг номига юборилиши сабабли ЭҲФ имзоланишини назорат қилишда муаммоларга дуч келинмоқда. Ишончли шахс ҳисобварақ-фактурани қабул қилиб олмагунига қадар бухгалтерия уни кўра олмайди. Бу солиқ тўловчилар учун иккинчи катта муаммо ҳисобланади.


Халқаро тажриба

Хорижий мамлакатлар амалиётида хусусий корхоналар учун ишончномаларни расмийлаштириш тартиби шартномавий муносабатларнинг предмети ҳисобланади. Корхоналар битимлар тузишда етказиб беришни расмийлаштириш ва назорат қилиш тартибини мустақил белгилайдилар. Ўзбекистонда ишончномани тақдим этиш зарурати хусусий мулкчилик мавжуд бўлмаган ва давлат мулкини талон-торож қилишга қарши курашиш масаласига жиддий эътибор қаратилган «режали иқтисодиёт давридан қолган мерос» ҳисобланади.

Етказиб берувчи аниқ кўрсатилган манзилдаги харидорнинг омборига товарни олиб келадиган ҳолатларда ТМҚ бут сақланишини назорат қилиш воситаси сифатида ишончномани расмийлаштиришнинг фойдаси йўқ, деб ўйлайман. Масалан, РФда товар харидорнинг омборига жўнатилаётган бўлса, ишончнома керак бўлмайди.


2. Ҳисобварақ-фактураларни ЭРИ билан имзолаш

Электрон ишончномаларни имзолашдан ташқари масъул шахснинг ҳисобварақ-фактураларни имзолашга ҳақли эканлигини белгилашда мураккабликларга дуч келинмоқда. 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга мувофиқ ҳисобварақ-фактурада мажбурий тартибда ишончноманинг реквизитлари кўрсатилиши лозим. Шунингдек ҳисобварақ-фактуралар моддий жавобгар шахслар томонидан имзоланиши назарда тутилган.

Эслатиб ўтаман, ҳисобварақ-фактура – бу товар-юк ҳужжати эмас, юкхат ҳисобланмайди. Бу солиқ ҳисоботи бланки бўлиб, улар моддий жавобгар шахслар кўпинча етарлича малакага эга бўлмаганлиги ҳамда товарларнинг миқдор жиҳатидан қабул қилиб олиниши учун жавобгар эканлигини эътиборга олган ҳолда, корхонанинг молиявий/бухгалтерия хизмати томонидан қабул қилиб олинади ва текширилади. Моддий жавобгар шахслар, одатда, товарлар ва уларнинг турига қараб қиймати, чегирмалар ва бошқалар тўғри акс эттирилганлигини текшириш учун етарли даражада билимларга эга бўлмайдилар. Моҳиятига кўра, ЭҲФ молиявий функцияни бажаради (етказиб берувчи олдидаги қарзни тан олиш, ҚҚСни ҳисобга олиш имконияти ва бошқалар). Жавобгарлик ва назорат нуқтаи назаридан бундай ҳужжатлар омбор мудири томонидан корхона номидан имзоланишига йўл қўйилмаслиги лозим.

Товарларни қабул қилиш бўйича операциялар сони кўп бўлганда ҳисобварақ-фактураларни имзолаш устидан назорат қилиш анча мушкул бўлади. ЭҲФга номига ишончнома ёзиб берилган моддий жавобгар шахснинг имзоси қўйилиши талаб этилган тақдирда, бу молия хизматининг солиқ ҳисоботи ҳужжати сифатида ЭҲФнинг тўғри имзоланганлигини назорат қилиш қисмидаги имкониятларини сезиларли даражада чеклаб қўяди.

Таъкидлаш жоизки, МДҲ давлатлари (РФ, Қозоғистон) амалиётида ҳисобварақ-фактура бланкида, қоидага кўра, ишончли шахсларнинг имзоси ва ишончноманинг реквизитлари назарда тутилмайди, сабаби ҳисобварақ-фактура товар-юк ҳужжати ҳисобланмайди. Ўзбекистонда ЭҲАни ташкил этишда молиявий ҳужжатлар ва товар-юк ҳужжатлари бир-бирига тенглаштирилмоқда.


3. ЭҲФни имзолаш муддатлари

Жорий йил 1 ноябрдан бошлаб ЭҲА тартибига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ ЭҲФни тақдим этиш ва қабул қилиш муддатлари чекланди – 10 кунлик муддат белгиланди  .

Мазкур тартибнинг ижобий жиҳатлари билан бир қаторда камчиликлари ҳам мавжуд, улар СК ҳамда шартномавий муносабатларни тартибга соладиган қонун ҳужжатларида тақдим этилган солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўймоқда.

Солиқ тўловчи томонидан аввал топширилган солиқ ҳисоботидаги маълумотлар тўлиқ эмаслиги ва (ёки) ҳисобланган солиқ суммасининг камайишига (ўзгаришига) олиб келадиган хатоликлар аниқлаганда, у ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши шарт. Сўнгра аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши лозим .

Киритилган янги қоидаларга мувофиқ, солиқ тўловчи томонидан тақдим этилмаган ҳисобварақ-фактуралар аниқланган тақдирда, уларни зарур саналар билан юбориш ва тегишли даврдаги ҚҚС ҳисоботига киритишнинг техник жиҳатдан имкони бўлмайди. Бинобарин, у аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини топшириш ҳуқуқини амалга ошира олмайди (ва мажбуриятини бажара олмайди).

Бунда тушумни кейинги даврларга кўчириш тушумни яшириш деб эътироф этилади . Яъни солиқ тўловчига автоматик тарзда солиққа оид ҳуқуқбузарлик белгиланади.

Ҳисобварақ-фактура солиқ ҳисоботи бланкаси сифатида одатда бухгалтерияга тақдим этилади. Товар-юк ҳужжатлари – юкхатлар, товар-транспорт юкхатлари (ТТЮ), қабул қилиш-топшириш далолатномалари эса моддий жавобгар шахслар томонидан расмийлаштирилади. Айтайлик, товар олисда жойлашган омбордан жўнатилган, ҳужжатлар (ТТЮ) муайян даврийликда марказлаштирилган бухгалтерияга келиб тушади. Мазкур ҳолатда ЭҲФ тақдим этилган санани товарларни юклаб жўнатиш санаси билан мувофиқлаштириш имконияти бўлмайдиган вазият юзага келиши мумкин.

Кўпчилик корхоналар товарларни молия хизмати ишламайдиган дам олиш кунида ҳам юклаб жўнатадилар. Мазкур ҳолатда ҳам ЭҲФ тақдим этилган сана амалда товар юклаб жўнатилган санага мос келмайди, сабаби товар-юк ҳужжатлари – ТТЮ, юкхатлар, қабул қилиш-топшириш далолатномалари моддий жавобгар шахслар томонидан амалда товарни юклаб жўнатиш чоғида расмийлаштирилади.

Юқорида айтиб ўтилганлардан ташқари шуни таъкидлаш жоизки, алоҳида турдаги ишларнинг (хизматларнинг) ўзига хос жиҳатлари шартнома бўйича бажарилган ишлар (хизматлар) узоқ муддат давомида қабул қилинишини тақозо этиши мумкин. Масалан, қурилишда шартнома шартларига мувофиқ иш ҳажмига қараб 10 кундан ортиқ муддат давом этадиган назорат ўлчаш ишлари натижалари ҚМИ шартномаси бўйича сифатли ва тўлиқ бажарилганлиги ҳолати буюртмачи томонидан етарли далил деб ҳисобланиши мумкин. Мазкур ҳолатда  тарафлар ҚМИни бажаришга оид шартномада ишларни қабул қилиш тартибини олдиндан келишиб оладилар. Шу билан бирга пудратчи даромад эътироф этилган сана билан ЭҲФни тақдим этиши шарт. Солиқ органлари томонидан ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари бўйича белгиланган чекловлар хўжалик шартномаси иштирокчиларининг ҳуқуқларини сезиларли даражада чеклаб қўйиши мумкин, бунга йўл қўйилмаслиги лозим.


4. Товарлар КПК бўйича сотилганда ЭҲФни расмийлаштириш

Кундалик ҳаётда юридик шахслар корпоратив пластик картадан (КПК) фойдаланган ҳолда ўз эҳтиёжлари учун товарлар харид қиладилар. Чекни оладилар, унда товарлар рўйхати ва ҚҚС суммаси кўрсатилган бўлади. Бунда кассир учун тўлов корпоратив ёки шахсий картадан тўланиши аҳамиятсиз. КПК алоҳида идентификаторга эга бўлмайди.

Сотувчи терминал орқали юридик шахсларга реализация қилинган товарлар тўғрисидаги маълумотга эга бўлмайди, сабаби банк кўчирмаларида ушбу маълумотлар кўрсатилмайди. Хўжалик шартномалари тузилмайдиган контрагентлар бўйича алоҳида ҳисоб юритилмайди. Яъни, КПК бўйича харидни идентификациялаш учун харидор чекларнинг асл нусхасини кўрсатган ҳолда сотувчига мурожаат қилишига тўғри келади.

СКга мувофиқ юридик шахслар касса чеки тақдим этилганда ҳисобварақ-фактурани ёзиб бермасликка ҳақлидирлар . Бироқ корпоратив пластик карталардан тўлов тўланганда, яқин кунларгача харидорларда сотувчидан ЭҲФни олмасдан туриб чек бўйича ҚҚСни ҳисобга қабул қилиш имконияти бўлмаган.

Ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш мажбурияти 30.10.2018 йилдаги ПФ-5564-сон Фармоннинг 1-бандида назарда тутилган эди, у ҳозирга қадар бекор қилинмаган. ПФ-5564-сон Фармонда КПКдан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган ҳисоб-китобларда ҳисобварақ-фактура тақдим этилиши лозимлиги назарда тутилган. Бироқ бу юридик жиҳатдан тўғри бўлмайди, сабаби «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Солиқ кодекси мақомига кўра Президент фармонидан юқори ўринда туради.  Тегишли равишда, СК қабул қилиниши билан аввал қабул қилинган ПФ-5564-сон Фармонга ўзгартириш киритилиши керак эди.

Солиқ тўловчилар талаблар фармонда кўрсатилганига қарамай, Солиқ кодексига амал қилишга ҳақлидирлар. Шундай ҳуқуққа эга бўлсалар-да, улар негадир таваккал қилишни маъқул кўрмайдилар…

Яна 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚда СКга зид ҳолда КПКдан тўлов тўланганда ЭҲФни тақдим этиш мажбурияти белгиланган – ушбу қонуности ҳужжати Кодексга зид ҳисобланади.

Сўнгги ойда солиқ тўловчининг шахсий кабинетида чекларни рўйхатдан ўтказиш учун махсус хизмат жорий қилинди. Энди харидор корпоратив картадан товарлар ёки хизматлар учун ҳақ тўлаганда онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекини мустақил равишда рўйхатдан ўтказиши мумкин.

Рўйхатдан ўтказилаётган онлайн-НКМ чекида фақат корпоратив карта бўйича харид қилинган товарлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим. Нақд пул тўлаб олинган, жисмоний шахснинг картаси орқали ёки аралаш тўлов усулида (нақд пул + корпоратив карта ёки жисмоний шахснинг картаси) олинган  харидлар акс эттирилган чеклар автоматик тарзда рўйхатдан ўтказилмайди.

Сотувчи хатоликка йўл қўйиб онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекида харид учун нақд пул тўланганлигини кўрсатган тақдирда ҳам чек рўйхатдан ўтказилмайди. Мазкур ҳолатда қайта расмийлаштириш учун сотувчига мурожаат қилиниши лозим.

Яъни, объектив жиҳатдан банк карталари шахсий ва корпоратив карталарга бўлинишига ҳамда ушбу ахборот молия-банк тизимида сақлаб қолинишига қарамай, чекни рўйхатдан ўтказиш кассир томонидан кассада уриб бериладиган чекда тўлов тури тўғри кўрсатилган ёки нотўғри кўрсатилганлигига боғлиқдир. Бунда кассир томонидан жўнатилган нотўғри маълумотларни тузатиб бўлмайди.

Мазкур ҳолатда юридик шахс ҳисобланган харидорларга чекларни тўлов турига бириктирилмаган ҳолда рўйхатдан ўтказиш имкониятини бериб, ушбу масалани солиқ назорати ўтказиш чоғида текшириш учун қолдириш мақбул ҳисобланади.