Солиқларни тўлаш муддатлари қандай кечиктирилади?

preview

Вазирлар Маҳкамасининг 11.12.2020 йилдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 776-сон қарори қабул қилинди. Norma.uz портали шарҳловчиси Лола АБДУАЗИМОВА ҳужжатнинг мазмунини тушунтирди:

- Низом СКнинг 100 ва 101-моддаларига мувофиқ қабул қилинган, юридик ва жисмоний шахсларга қуйидаги солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тартибини назарда тутади:

  • мол-мулк солиғи;
  • ер солиғи;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
  • айланмадан олинадиган солиқ.

Шу жумладан:

  • солиқ тўловчи томонидан солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида ариза бериш тартиби;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тегишли қарорни қабул қилиш тартиби.

Солиқларни тўлаш муддатларини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти молиявий аҳволи ушбу солиқни тўлашга имкон бермайдиган шахсга тақдим этилиши мумкин. Бироқ кўрсатилган солиқ тўловчида бундай солиқни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун берилган муддат мобайнида тўлаш имконияти юзага келади  деб тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлган тақдирда берилади.

Солиқларни тўлаш муддатларини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилиши учун асослардан бири манфаатдор шахслар томонидан товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш мавсумий хусусиятга эга бўлишидир . Бундан келиб чиққан ҳолда (ҳамда СКнинг 101-моддасига мувофиқ) Низом билан Мавсумий хусусиятга эга бўлган тармоқлар ва фаолият турлари рўйхати тасдиқланди:

  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
  • балиқ овлаш ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
  • қурилиш материалларини ишлаб чиқариш;
  • пишлоқ ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
  • пиво ва вино маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
  • пахта тозалаш саноати;
  • ўғитлар ва азотли бирикмалар ишлаб чиқариш;
  • аҳолининг дам олишини таъминлаш ва соғломлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш;
  • УКХ иссиқлик таъминоти.

Бунда корхонанинг умумий даромадларида унинг мавсумий хусусиятга эга бўлган фаолиятдан олинган даромадларининг улуши камида 50%ни ташкил қилганда солиқларни тўлаш муддатларини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилади.

Ариза ва бошқа зарур ҳужжатлар тадбиркорлик субъекти томонидан тегишли ваколатли органга электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тақдим этилади. 

Солиқларни тўлаш муддатларини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан 30 кун мобайнида қабул қилинади. Қуйидагилар солиқларни тўлаш муддатларини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш бўйича ваколатли органлар ҳисобланади: Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари. 

Солиқларни тўлаш муддатларини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси ваколатли орган томонидан манфаатдор шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органига ҳамда манфаатдор шахсга ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 иш куни мобайнида юборилади.

Ушбу қарор қабул қилингач, Вазирлар Маҳкамасининг 25.11.2019 йилдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 951-сон қарори ўз кучини йўқотади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.12.2020 йилдан кучга кирди.

Norma.uz материаллари асосида