Банкларнинг мижозлар билан ўзаро муносабатларида нима ўзгаради

preview

Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга банк мижозларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Асосий ўзгартиришлар тўғрисида батафсил - norma.uz портали шарҳида :

  • Банк хизматини кўрсатиш шартномаси ўзбек тилида тузилади, истеъмолчи ва банкнинг ўзаро келишувига мувофиқ шартнома бошқа тилда ҳам тузилиши мумкин (илгари - ўзбек ёки рус тилида).
  • Истеъмолчи ўзининг веб-сайтидаги ёки  интернет-банкинг тизимидаги шахсий кабинети орқали  нафақат кредит шартномаси тўғрисидаги, балки банк омонат шартномаси тўғрисидаги ахборот олиши мумкин.
  • Судгача ҳал қилиш бўйича талабномага истеъмолчи ўз мажбуриятларини бажариши лозим бўлган минимал муддат тўғрисидаги банд киритилди - 10 кун. У ўтгач банк тегишли талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлган 30 кунлик муддат чиқариб ташланди.
  • Банк томонидан истеъмолчига тақдим этиладиган ахборотнинг минимал ҳажми қайта кўриб чиқилди. Банк қуйидагиларни жойлаштириши керак:

- ўзининг расмий веб-сайтида: банк хизмати бўйича намунавий шартномаларни;

- банкнинг ахборот стендларида ва расмий веб-сайтида: чет эл валюталарини сотиш/сотиб олиш курслари, алмаштириш курслари, шунингдек валюта айирбошлаш операциялари учун ундириладиган воситачилик ҳақи миқдорларини (агарда мавжуд бўлса).

  • Энди банкларга қуйидагилар тақиқланди:

- микроқарз шартномалари бўйича йиллик қарз суммасининг ярмидан кўп миқдорида фоизлар ҳисоблаш, комиссия ва неустойка (жарима, пеня) ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш;

- кредит буюртмаларини кўриб чиқиш, ссуда ҳисоб рақамларига хизмат кўрсатиш, кредитлар ажратиш учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар (микроқарзлар)ни муддатидан илгари қоплаш учун неустойка (жарима, пеня) ундириш.

  • Банк хизматлари истеъмолчисига мавжуд қарзлар ҳақида оғзаки эслатмалар қилишга йўл қўйилмайдиган вақт оралиғи белгиланди - маҳаллий вақт билан соат 20:00 дан 8:00 гача.
  • Шунингдек, қуйидаги бандлар киритилди:

- гаров шартномасида банкнинг гаров таъминотига қўйилган талаблардан келиб чиққан ҳолда қарз олувчининг кредитнинг қопланмаган қисмидан ортиқ суммада гаров таъминоти суммасини камайтириш ҳуқуқини мажбурий киритиш ҳақида;

- банк бўлимида терминал орқали тўловларни амалга ошириш ёки банк картасидаги пул маблағини нақдлаштиришда банк карта эгаси (ёки ваколат берилган шахс)нинг ушбу картанинг "PIN-код"ини мустақил териш ҳуқуқи ҳақида;

- банкнинг омонатчига унинг пул маблағлари омонатга қабул қилинганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатни ёзма шаклда ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали электрон тарзда тасдиқлаб бериш мажбурияти ҳақида;

- банкнинг ўз ходимининг хизмат вазифасини бажариши давомида йўл қўйган ножўя хатти-ҳаракатлари натижасида омонатчига етказилган зарарлар бўйича жавобгарлиги ҳақида.

Бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам назарда тутилган.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.04.2021 йилдан кучга киради.

Norma.uz материаллари асосида