1 майдан шартнома муносабатларини тартибга солишда жиддий ўзгартиришлар кутилмоқда

preview

Адлия вазирлиги томонидан Президентнинг «Ижтимоий-иқтисодий муносабатларда шартнома институти ролини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Buxgalter.uz ҳужжат қабул қилинадиган бўлса, 1 майдан қандай ўзгартиришлар киритилишини аниқлаштирди:


Асосий янгиликларни санаб ўтамиз:

  1. Банклар маҳсулот (бажарилган ишлар, хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилади.
  2. Нотариуслар шартномаларни тасдиқлашда коммунал хизматлар бўйича қарздорликнинг мавжудлиги ёки йўқлиги тўғрисида ахборот олиш бўйича талаб бекор қилинади.
  3. Давлат улуши 50% ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектлар маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш тўғрисида шартномаларни олдиндан 15 фоиз тўловни белгиламасдан тузишлари мумкин. Ушбу масала томонларига келишувига биноан ихтиёрий равишда ҳал этилади.
  4. Жисмоний шахслар қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида қарз бериш ва қайтариб олишлари мумкин. Бунинг учун давлат божи 2 бараварга камайтирилди.
  5. Мижознинг топшириғисиз ҳисобварақда турган пул маблағларини чиқаришга фақат суднинг қарори билан ёки банк билан мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.
  6. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционда сотувга қўйиладиган мол-мулк барча қарзлардан ва тақиқлардан ҳоли бўлган ҳолда жойлаштирилади.

Санаб ўтилганлардан ташқари лойиҳада қуйидагилар ҳам назарда тутилган:

  • табиий монополия субъектлари ва истеъмолчилар ўртасида тузиладиган шартномаларни (коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда) монополияга қарши давлат органи билан олдиндан келишиш;
  • тегишли халқаро шартнома ёки аккредитация мавжуд бўлганда, бошқа чет эл давлатларининг ЭРИси калитлари сертификатларини тан олиш;
  • МЖТКга муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзи, шунингдек шартнома интизомини бузиш учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш тўғрисидаги тузатишларни ишлаб чиқиш;
  • фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига фаолият юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини «мақбуллаштириш» амалиётини бекор қилиш;
  • махсус портални жорий этиш, Адлия вазирлиги томонидан ушбу махсус ахборот порталида бепул равишда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига фойдаланиш учун намунавий шартномалар лойиҳаларини жойлаштириб бориш.

Лойиҳада шартнома муносабатлари соҳасидаги бошқа муҳим ўзгартиришлар ҳам назарда тутилган. Ушбу лойиҳага қўшимча киритилиши, ўзгартирилиши ёки рад этилиши мумкин. Бу ерда муҳокамада иштирок этиш мумкин.


Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади.

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text168142_1_maydan_shartnoma_munosabatlarini_tartibga_solishda_jiddiy_uzgartirishlar_kutilmoqda