Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ДСҚ давлат мулкини сотишда ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилишини тушунтирди
Ўзбекистонда давлат мол-мулки сотиб олинганда ҚҚС у қўллайдиган солиқ режимидан қатъи назар харидор томонидан тўланади. Идора бу ҳолда солиқ қандай ҳисоблаб чиқарилишини тушунтирди:
СКнинг 256-моддаси 2-қисмига мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида давлат мол-мулки реализация қилинганда (берилганда) ҚҚС кўрсатилган мол-мулкнинг харидори (солиқ агенти) томонидан тўланади. Солиқ базаси сотиб олинаётган (олинаётган) давлат мол-мулкининг ҚҚС ҳисобга олинмасдан шартномада белгиланган қиймати миқдорида аниқланади.
Солиқ суммаси қуйидаги формула асосида ҳисобланади:
Шартнома бўйича нарх х 15%
Мисол учун, давлат мулкини аукционга қўйган ҳолда сотувчи унинг қийматини 500 млн сўм миқдорида белгилади.
ҚҚС = 500 млн сўм х 15 % = 75 млн сўм
Жами, харидор сотувчига 500 млн сўм ва бюджетга – 75 млн сўм ўтказиб бериши лозим.
Давлат мулкини сотиб олувчи ҚҚС суммасини ҚҚС ҳисоботи тақдим этилган ва солиқ тўлангандан сўнг ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Агар мол-мулк ҚҚС тўловчиси бўлмаган харидор томонидан сотиб олинган бўлса, ҚҚС суммаси сотиб олинган
мол-мулкнинг бошланғич қийматига киритилади.
ҚҚС ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддати, давлат мулки сотиб олинган ойдан кейинги ойнинг 20-санасига қадар белгиланган.
Манбага қаранг.
Асосий воситанинг бошланғич қийматига нимани киритиш ҳақида МФ департаменти директори ўринбосари Иброҳим АҲМАДХОНОВ ва МҲХС бўйича эксперт Кирилл ПОПАДЮКнинг тавсияларида ўқинг.