Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Тўлов иловаси ёрдамида онлайн-НКМ орқали тўлов қандай амалга оширилади
Реализация қилинган товарлар ва хизматлар учун тўловни мобиль тўлов иловалари (Сlick, PayME, «Апельсин» ва бошқалар) орқали қабул қиладиган тадбиркорлик субъектлари харидорлардан олинадиган пулларни онлайн-НКМ орқали ўтказишлари лозим. Вuxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚнинг солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими бошлиғи Азиз УМИРЗОҚОВ ушбу жараённи қандай тўғри амалга ошириш кераклигини тушунтириб берди:
– Аввало шуни таъкидлаш жоизки, реализация қилинган товарлар ва хизматлар учун тўлов мобиль иловалар орқали харидорнинг банк картасидан жисмоний шахснинг картасига пул маблағларини ўтказиш йўли билан қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
Тадбиркорлик субъекти тўлов тизими билан тегишли шартнома тузган тақдирда, товар ва хизматлар учун тўловни мобиль тўлов иловалари орқали қабул қилиши мумкин бўлади. Одатда тўлов иловалари ёрдамида ҳисоб-китобларни амалга ошириш мумкин бўлган ташкилотлар илова интерфейсида – «Тўловлар», «Тўлов тўлаш» ва бошқа бўлимларда акс эттирилган.
Тадбиркорлик субъектларида онлайн-НКМ ёки виртуал касса мавжуд бўлиши ва ундан барча тушумлар, шу жумладан тўлов тизимлари орқали олинадиган тушумлар ҳам ўтказилиши лозим.
Тўлов иловаси орқали ўтказилган тўлов банк картаси ёрдамида амалга оширилган тўлов сифатида қаралади. Аҳоли билан пулли ҳисоб-китоблар онлайн-НКМ ва виртуал касса тизими орқали Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-НКМ ва виртуал касса тизимларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилади.
Агар харидор банк картасидан тўловни амалга оширадиган бўлса, сотувчи онлайн-НКМ ва виртуал касса чекини уриб бериши шарт .
Сотувчи тушум солиқ ҳисоботида тўғри акс эттирилиши учун онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки лозим даражада расмийлаштирилишидан манфаатдор бўлади. 2021 йил 1 апрелдан бошлаб онлайн-НКМ ва виртуал касса маълумотлари автоматик тарзда ҳисоб-китобларга киритилади.
Биринчи марта тўлов иловалари ёрдамида тўловни қабул қилиш амалиётига дуч келган тадбиркорларда шундай савол туғилади: бундай тўлов онлайн-НКМ ёки виртуал касса орқали қандай ўтказилади? Унда махсус режим мавжуд эмас-ку.
Онлайн-НКМ ва виртуал касса тизимида фақат икки турдаги – «нақд пул билан» ва «банк картаси» орқали тўлов тўлаш фарқланади ҳамда тушумлар ушбу мезонлар бўйича ҳисобга олинади. Бинобарин, мобиль иловалар ёрдамида қабул қилинган тўловларни онлайн-НКМ ёки виртуал касса орқали ўтказишда банк картаси режими танланиши керак. Бу кейинчалик ҳисобда номувофиқликлар юзага келишининг олдини олиш имконини беради.
Онлайн-НКМ ва виртуал кассанинг айрим моделларида фойдаланувчиларга қулай бўлиши учун Uzcard ва HUMO тўлов тизимлари кесимида банк карталаридан амалга оширилган тўловларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиш имконияти тақдим этилмоқда. Шунингдек улар тўлов иловалари орқали қабул қилинган тўловларни алоҳида ажратишга имконият яратади. Тегишли маслаҳатлар олиш ва созлаш ишлари учун сиз шартнома тузган ТХКМга мурожаат қилишингиз лозим. Такрор айтаман, булар онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг қўшимча имкониятлари ҳисобланади, улар солиқ ҳисоби натижаларига ва солиқ органларининг ахборот тизимлари фаолиятига таъсир кўрсатмайди.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.