“Иш ҳақи сақланмаган” таътил муносабати билан иш йили қандай кўчирилади

preview

Агар ходим иш йили давомида иш ҳақи сақланмаган таътил олган бўлса, унинг иш йилининг тугаши кўчириладими? Агар “ҳа” бўлса, аниқ қанча кунлар сонига? Ходимнинг иш йилини ҳисоблаб чиқариш тартиби қандай?

Саволларга “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:


- Энг аввало келинг “иш йили” нима эканлигини аниқлаб олайлик. Бу давомийлиги бўйича календарь йилга (12 ой) тенг бўлган, бироқ шахсан ҳар бир ходим учун у ишга қабул қилинган кундан ҳисоблаб чиқариладиган вақт оралиғи. Яъни бу ходим сифатида битта иш берувчида меҳнат шартномаси бўйича иш бошланган кундан ҳисоблаб чиқариладиган иш йили.

Иш йилини тўғри ҳисоблаб чиқариш нима учун керак? Хусусан, ходимларга меҳнат таътилларини тўғри аниқлаш ва бериш учун. Масалан, ходим йиллик асосий меҳнат таътилини биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан олишга ҳақли . Иш берувчи таътилни шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар бериши шарт .

 Эътибор беринг!
Жорий иш йили тугаши вақти, тегишинча, навбатдаги иш йилининг бошланиши вақти кўчирилиши мумкин. Бу айрим вақт даврлари ҳақ тўланадиган йиллик таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшилмаслиги билан боғлиқ. Хусусан - болани парваришлаш таътилида бўлиш вақти (МК 234-м. 6-қ.) ва иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган муддати 2 ҳафтадан кўп бўлган таътил .

Иш йили давомида фойдаланилган “ҳақ тўланмаган” таътиллар кунларининг умумий сони икки ҳафтадан кўп бўлиши мумкин. Шунда бундай таътилларнинг 14 календарь кундан ортиқ бўлган қолган кунлари иш стажига кирмайди. Айнан ушбу кунлар сонига иш йилининг тугаш санаси кўчирилади.

1-мисол. Ходимнинг навбатдаги иш йили 2020 йил 3 августда бошланди. Ушбу иш йилида ходим иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилда 20 календарь кун бўлди. Ҳақ тўланадиган йиллик таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига “ҳақ тўланмаган” барча таътилларнинг  фақат 14 календарь куни қўшилиши боис, ушбу иш йилининг тугаши “таътил” стажидан чиқариб ташланган кунлар сонига кўчирилади. Яъни 6 календарь кунга. Бинобарин, навбатдаги иш йилининг тугаш санаси 2021 йил 2 август эмас, балки 2021 йил 8 август бўлади. Ходим учун янги иш йили 2021 йил 9 августдан бошланади.

2-мисол. Ходимнинг иш йили 2020 йил 1 августдан бошланди. Умумий қоидага кўра, ушбу ходимда иш йили 2021 йил 31 июлда тугаши керак. Бироқ иш йили давомида ходим икки маротаба иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилдан фойдаланган: 2020 йил ноябрда - 12 календарь кун ва 2021 йил апрелда - 10 календарь кун. “Иш ҳақи сақланмаган” таътилларнинг умумий давомийлиги 22 календарь кунни (12 + 10) ташкил қилди.

Шу боис ходимнинг иш йилининг тугаши 8 календарь кунга кўчирилади (22 – 14) = 8. Кейинги иш йили ушбу ходимда 2021 йил 1 августдан эмас, балки 2021 йил 9 августдан бошланади ва 2022 йил 8 августда тугайди.

3-мисол. Ходимда иш йили 2020 йил 9 июлда бошланди. Тегишинча, у 2021 йил 8 июлда тугаши керак. Бироқ иш йили давомида ходимга 60 кун (2 ой) муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда  таътил берилган. Шу муносабат билан унда иш йилининг тугаши 46 календарь кунга (60 - 14) кўчирилади ва 2021 йил 23 августда тугайди. Тегишинча - кейинги иш йили 2021 йил 9 июлдан эмас, балки  2021 йил 24 августдан бошланади.

Эътибор беринг!
Жамоа шартномаси, корхонанинг бошқа локал ҳужжатида, меҳнат шартномасида сиз ушбу муддатни узайтиришингиз мумкин. Масалан, ҳақ тўланадиган йиллик таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига 4 ҳафтагача бўлган “ҳақ тўланмаган” таътил қўшилишини кўрсатиш.

 

Навбатдаги таътилларни бериш тўғрисидаги маълумотлар ходимнинг Т-2 шаклдаги шахсий варақасида кўрсатилади . Агар иш йили давомида ходимда “таътил” стажига қўшилмайдиган даврлар мавжуд  бўлса, ҳар бир аниқ давр ҳақида варақанинг бешинчи бўлимида тегишли белгини қўйиш лозим (Қўшимча маълумотлар).

Айрим корхоналар, Т-2 да ёзувлардан ташқари, иш йилининг тугашини кўчириш тўғрисидаги маълумотларни  иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътиллар ёки 2 ёшга тўлмаган болани парваришлаш таътилини бериш тўғрисидаги буйруқларда кўрсатадилар.

Buxgalter.uz тавсия қилади
Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилни қандай шартларда бериш мумкинлиги ва ҳужжатлар намуналари билан бу ерда батафсил танишиш мумкин.

 

 

 

Таътил вақти Таътил вақти Таътил вақти /uz/publish/doc/text171756_ish_haqi_saqlanmagan_tatil_munosabati_bilan_ish_yili_qanday_kuchiriladi