Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
МЧЖ таъсисчиси ўз улушини совға қилиши мумкинми
Ягона таъсисчи - жисмоний шахс МЧЖдаги ўз улушини бошқа жисмоний шахсга совға қилиши мумкинми? Ҳадя қилиш жараёни қандай қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган ва у қандай тартибда амалга оширилади? Бунда солиқ оқибатлари юзага келадими?
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан юрист Икром АБДУЛҚОДИРОВ тушунтирди:
- Ҳа, жисмоний шахс ўз улушини бошқа жисмоний шахсга совға қилиши мумкин. МЧЖ иштирокчисининг (шу жумладан - ягона иштирокчисининг) ҳадя қилиш йўли билан ўз улушидан воз кечиш ҳуқуқи Фуқаролик кодекси ва “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинган.
Мол-мулк, шу жумладан мулкий ҳуқуқлар фуқаролик ҳуқуқлари объектларига киради . Фуқаролик ҳуқуқларининг объектлари эркин суратда бошқа шахсларга берилиши ёки универсал ҳуқуқий ворислик (мерос қилиб олиш, юридик шахсни қайта ташкил этиш) тартибида ёхуд бошқа усул билан, агар улар муомаладан чиқарилмаган ёки уларнинг муомалада бўлиши чеклаб қўйилмаган бўлса, бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиши мумкин ().
Ўз улушини (улушнинг бир қисмини) учинчи шахсларга сотиши ёки ўзга тарзда воз кечишига йўл қўйилади, башарти бу жамият уставида тақиқланмаган бўлса .
Улушнинг уни сотишга қараганда ўзгача тарзда воз кечиш йўли билан ўтказиш тушунчаси ФКнинг 502-моддасида бириктирилган ҳадя шартномасининг юридик конструкциясига мувофиқ келади. Хусусан, ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.
Улушни сотишга қараганда ўзгача тарзда воз кечишни (ҳадя қилиш) расмийлаштириш тартиб-таомили “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасида ёзилган .
Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушдан (улушнинг бир қисмидан) бошқа шахснинг фойдасига воз кечиш, агар уни нотариал шаклда амалга ошириш тўғрисидаги талаб жамиятнинг уставида назарда тутилмаган бўлса, оддий ёзма шаклда амалга оширилиши керак. Улушдан (улушнинг бир қисмидан) воз кечишга доир битимнинг шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келади .
Улушдан воз кечилгандан кейин МЧЖ иштирокчиларининг таркиби ўзгариши боис, уставнинг янги таҳрири тасдиқланган кундан эътиборан 30 кун ичида МЧЖни қайта рўйхатдан ўтказиш зарур .
Солиқ оқибатлари
УФдаги улушни бепул олган жисмоний шахсда даромад юзага келади. Жисмоний шахслардан бепул олинган мол-мулк ва мулкий ҳуқуқлар (шу жумладан - ҳадя шартномалари бўйича) жисмоний шахсларнинг бошқа даромадларига киради .
Ушбу даромадга декларация асосида ЖШДС солинади .
Агар МЧЖ иштирокчиси УФдаги улушни яқин қариндошига (ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-укалари ёки опа-сингиллари, эри (хотини), фарзандлари, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобоси, бувиси, неваралари, шунингдек эрининг (хотинининг) ота-онаси ҳадя қилса, ҳадя олувчи ЖШДС бўйича имтиёздан фойдаланиши мумкин . Солиқ бу ҳолда тўланмайди”.
Мавзуга доир материаллар: