Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Солиқ низоларида экспертиза
Агар юзага келаётган масалаларни тушунтириш учун махсус билимлар талаб этилса, солиқ назорати доирасида экспертиза тайинланади. Айниқса бу фойда солиғи ва ҚҚС бўйича текширувларда долзарбдир. Бунда бухгалтерия ҳисоби ва ҳуқуқ масалалари бўйича экспертиза тайинланмайди. Нима учун эканлигини - “Норма”нинг юридик масалалар бўйича эксперти, адвокат Элеонора МАЗУРОВА тушунтирди:
- Дастлабки ҳолатда солиқ органи ходимлари бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш ва ҳуқуқ соҳасида ўзлари, қўшимча мутахассисларни жалб қилмаган ҳолда билимга эга бўлишлари керак. Лоақал, уларнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича. Яъни эксперт солиқ органи ўзи мустақил равишда билиши ва ҳал қилиши шарт бўлган саволларга жавоб бермайди.
Экспертиза фан, санъат, техника ёки ҳунар масалалари бўйича тайинланиши мумкин.
Амалиётда йирик ва жуда йирик солиққа оид қонунбузарликларни аниқлаш имконини бериши мумкин бўлган экспертизалар афзал деб билинади. Ҳар қандай экспертизани ўтказиш - бюджет учун анча қимматга тушадиган тартиб-таомил, эксперт солиқ органи ва эксперт ўртасида шартнома асосида жалб қилинади. Шу боис майда масалалар экспертизасиз ҳал қилинади.
Солиқ тўловчининг асосий ҳуқуқларидан бири - экспертизани тайинлаш тўғрисидаги қарор билан танишиш. Бу ҳақда баённома тузилади, у текширилаётган шахсга унинг ҳуқуқлари тушунтирилганлигини тасдиқлайди.
Мазкур баённомада солиқ тўловчи:
- экспертни рад этишини билдириши;
- аниқ шахсни ёки солиқчи таклиф этаётган рўйхатдан шахсни эксперт этиб тайинлаш тўғрисида илтимос қилиши;
- қўшимча масалаларни тақдим этиши;
- экспертиза вақтида ҳозир бўлиш ҳақида ўз хоҳишини баён этиши мумкин.
Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан экспертиза тўғрисида кўпроқ нимани билиш муҳимлиги ва сиз унинг натижаларидан норози бўлсангиз нима қилиш зарурлиги ҳақида тавсияда ўқинг:
Бухгалтер солиқ назоратида экспертиза тўғрисида нимани билиши лозим.