ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш учун даромад олинган санани қандай аниқлаш керак

17.06.2022
author avatar

Умид Хамроев

МВ департаменти директорининг биринчи ўринбосари
author avatar

Дилором САИДОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– даромад олинган сана нима учун аниқланади;
– пул шаклида даромадлар олинган сана;
– натура шаклида даромадлар олинган сана;
– моддий наф тарзида даромад олинган сана;
– бошқа ҳолатларда даромад олинган сана.

 

Даромад олинган сана нима учун аниқланади

ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш учун даромад олинган сана – бу даромад ҳисобланадиган ва солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун солиқ солиш базасига киритиладиган сана. Бу сана пуллар ҳақиқатда тўланган санага тўғри келмаслиги мумкин .

Гап шундаки, солиқ солиш мақсадларида даромад олинганлиги ва даромаднинг ҳақиқатда тўланганлиги – битта нарса эмас. Солиқ тўловчи – жисмоний шахсдан даромад олинганда, ундан солиқ ҳисобланадиган солиқ солиш базаси пайдо бўлади. Ҳисобланган даромад ЖШДСни ўз ичига олади.

Даромаднинг ҳақиқатда тўланиши инсон ўзи ишлаб топганини олганлигини англатади. Масалан, иш берувчи ходимга ЖШДСни чегириб ташлаган ҳолда иш ҳақи беради. Даромад олинган сана қуйидагилар учун аниқланиши керак:

  • солиқ солинадиган даромадларга, улар ўзгарган ҳолларда қандай қоидалар қўлланилишини билиш;
  • солиқ солинадиган базани тўғри ҳисоб-китоб қилиш.
Мисол
Хорижий валютадаги мукофот бўйича даромад олинган санани аниқлаш
Жисмоний шахс – Ўзбекистон резиденти ФҚТ шартнома бўйича кўрсатилган маслаҳат хизматлари учун хорижий компаниядан 3 000 АҚШ доллари миқдорида мукофот олади.
Маслаҳат хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома 15.05.2022 йилда, бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатнома – 03.06.2022 йилда имзоланган.
Пул маблағлари жисмоний шахснинг валюта ҳисоб рақамига 06.06.2022 йилда жўнатилган, 07.06.2022 йилда эса унга келиб тушган. Бунда банклар – алоқачилар ўз хизматлари учун 15 АҚШ долларини ушлаб қолишган.
03.06.2022 йил ҳолатига 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси – 10 994,67 сўм, 06.06.2022 йил ҳолатига – 11 012,06 сўм, 07.06.2022 йил ҳолатига – 11 031,70 сўм.
ЖШДС ҳисоб-китоби учун солиқ солинадиган базани аниқлаш керак.
1-қадам. Даромад олинган санани аниқлаймиз.
Чет эл валютасида ифодаланган даромадлар ҳақиқатда даромадлар олинган санадаги МБнинг курси бўйича миллий валютага қайта ҳисоб-китоб қилинади . Солиқ кодексига мувофиқ бу – даромадни солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақларига ўтказиш куни . Бинобарин, жисмоний шахс томонидан валютада даромад олинган сана – 06.06.2022 й.
2-қадам. 06.06.2022 йил ҳолатига Марказий банк курсидан фойдаланамиз. У 1 доллар учун 11 012,06 сўмни ташкил этади.
3-қадам. Солиқ солинадиган базани аниқлаймиз. Бунинг учун тўланган маблағлар ҳажмини (3 000 АҚШ доллари) доллар курсига кўпайтирамиз. Натижа:
3 000 х 11 012,06 = 33 036 180 сўм.
Бу солиқ солиш мақсадларида жисмоний шахс – резидентнинг солиқ солиш базасига киритиладиган, у томонидан олинган даромаддир.
Агар биз даромад олинган санани нотўғри аниқлаган бўлганимизда, унда солиқ солинадиган базани ҳисоблаб чиқаришда янглишган бўлар эдик:
    

Сана

Даромад,
АҚШ долл.

Курс

Солиқ базаси

Фарқ

ЖШДС учун бу қандай омил

03.06.2022 й.

3 000

10 994,67

32 984 010

–52 170

пасайтириш

06.06.2022 й.

3 000

11 012,06

33 036 180

0

тўғри

07.06.2022 й.

3 000

11 031,7

33 095 100

58 920

ошириш

Мисол
Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича даромад олинган санани аниқлаш
2018 йилда ЖШДС битта қоида бўйича ҳисобланар эди, 2019 йилдан бошлаб улар сезиларли даражада ўзгарди. Ходим 2018 йил декабрь ойи учун иш ҳақини 2019 йил 5 январда олади.
Солиқни қайси қоидалар бўйича ҳисоблашни аниқлаш зарур: 2018 йил ёки 2019 йил қоидалари.
Даромад 2018 йилда ҳисобланган, шунинг учун ушбу даромадга солиқ солишда 2018 йил қоидаларини қўллаймиз. Агар 2019 йил 5 январни танласак, биз ЖШДСни нотўғри ҳисоб-китоб қиламиз.

Пул шаклида даромадлар олинган сана

Пул шаклида даромадлар олинганда даромадлар олинган сана – бу қуйидаги кунлар:

  • даромадни тўлаш;
  • даромадни солиқ тўловчининг ёки унинг топшириғига кўра учинчи шахсларнинг ҳисобварақларига ўтказиш .

Ҳар бир даромад тўланганда солиқ агентида ЖШДСни ушлаб қолиш ва даромадни тўлаш билан бир вақтда солиқни бюджетга ўтказиб бериш мажбурияти пайдо бўлади .

Мисол
Дивидендларни тўлаш
Корхона 5 августда дивидендларни таъсисчининг ҳисоб рақамига ўтказади. Дивидендлар ўтказилган сана даромад олинган сана бўлиб ҳисобланади.
5 августда дивидендлар кўринишидаги даромаддан бюджетга солиқ, дивидендлар эса солиқ чегирилган ҳолда таъсисчининг ҳисоб рақамига ўтказилади.
Бу қоида иш қидириш даври учун компенсация тўланганда ҳам амал қилади.
Мисол
Иш қидириш даври учун компенсация тўланган сана
Ходим янги меҳнат шароитларида ишлашни давом эттиришдан бош тортганлиги учун корхона у билан меҳнат шартномасини бекор қилди. Ушбу ҳолатда ходимнинг ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олинган ҳолда иш қидириш даврида 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади .
5 августда корхона ишдан бўшатилган ходимга компенсация тўлади.
Солиқ солиш мақсадларида 5 август даромад олинган сана бўлиб ҳисобланади.

Бу қоидага иккита истисно мавжуд.

1-истисно. Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромад олинганда бундай даромаднинг олинган санаси деб унга даромадлар ҳисобланган ойнинг охирги куни эътироф этилади .

Эътибор беринг
Даромад олинган санани у тўланган сана билан адаштирманг. Даромад олинган сана – бу солиқ солиш мақсадида даромад ҳисобланган, у тан олинган сана. Даромад тўланган сана – бу жисмоний шахс томонидан даромад ҳақиқатда олинган сана.
Мисол
Мукофот тўланган сана
I чоракдаги иш натижаларига кўра март ойида ходимларга мукофот ҳисобланиб, апрель ойида иш ҳақи билан бирга тўлаб берилди.
Мукофотлар рағбатлантириш тусидаги тўловларга тегишли ҳисобланади ва меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киритилади. Шунинг учун солиқ солиш мақсадларида мукофотлар олинган сана бўлиб, у ҳисобланган ойнинг охирги куни, яъни 31 март ҳисобланади.
ЖШДС солиқ агенти томонидан даромадларни тўлаш билан бир вақтда тўлаб берилиши боис, ушбу мисолда солиқ бюджетга апрель ойида тўлаб берилади.

2-истисно. Календарь ой тугагунига қадар ходим бўшатилганда, солиқ тўловчи томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида олинган даромаднинг ҳақиқатда олинган санаси деб унга даромад ҳисобланган охирги иш куни эътироф этилади .

Мисол
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда иш ҳақи тўланган сана
5 августда иш берувчининг ташаббуси билан ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. У шартнома бекор қилинган кунга қадар, шу кун ҳам ишлаган .
Шу куннинг ўзидаёқ корхона унга тегишли иш ҳақини тўлаб бериши лозим .
Ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар – 5 августгача ишлаганлиги сабабли, ушбу кун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад олинган сана бўлиб ҳисобланади.

Натура шаклида даромадлар олинган сана

Натура шаклида даромад олингандаги сана бу даромад олинган кундир.

Эътибор беринг
Даромадлар натура шаклида амалга оширилганда ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси натура тарзидаги тўлов амалга оширилган ой тугаганидан кейин 5 кун давомида тўланади .
Мисол
Ходимга совға сифатида унинг юбилейига телевизор сотиб олиш
Корхона ходимнинг юбилейига қимматбаҳо совға сифатида телевизор харид қилди. Ходим учун бу натура шаклида олинган моддий наф тарзидаги даромаддир.
5 августда телевизор юбилярга топширилди. Бу солиқ солиш мақсадларидаги даромад олинган санадир.
Натура тарзидаги тўлов амалга оширилган ой – август тугаганидан кейин 5 кун мобайнида совға қийматидан ЖШДС тўланади .
Мисол
ФҚТ шартнома бўйича хизматларни кўрсатувчи, бажарувчига авиачипта харид қилиш
Корхона бошқа шаҳарда хизмат кўрсатилиши учун ФҚТ шартномани имзолади. Шартномага кўра буюртмачи бажарувчининг нафақат хизматларига ҳақ тўлайди, балки унинг бориши ва келиши учун авиачипта ҳам харид қилади.
Шартнома бўйича бажарувчи корхонанинг ходими бўлиб ҳисобланмаганлиги боис авиачиптанинг қийматини хизмат сафари харажатларига киритиш мумкин эмас. Шунинг учун авиачипта бажарувчининг натура шаклида олинган моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади.
5 августда авиачиптани бажарувчига топширишади. Бу солиқ солиш мақсадларидаги даромад олинган санадир.
Натура тарзидаги тўлов амалга оширилган ой – август тугаганидан кейин 5 кун мобайнида авиачипта қийматидан ЖШДС тўланади .

Моддий наф тарзида даромад олинган сана

Жисмоний шахс томонидан товарлар (хизматлар), қимматли қоғозлар харид қилинган ҳолда моддий наф тарзидаги даромад олинганда даромад олинган сана бўлиб, улар сотиб олинган кун ҳисобланади.

Ушбу ҳолатда жисмоний шахс томонидан харид қилинган нарх ва корхонанинг ўзи харид қилган нарх (ёки таннарх) ўртасидаги салбий фарқнинг ҳисобидан даромад юзага келади.

Мисол
Корхона маҳсулотларини таннархдан паст нарх бўйича харид қилиш
Корхонанинг ходимларни рағбатлантириш тўғрисидаги низомида корхонанинг маҳсулотларини уларнинг таннархидан паст нархда харид қилиш имконияти назарда тутилган.
Ходим корхонанинг таннархи 1 000 сўм бўлган маҳсулотини 800 сўмга харид қилади. Ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади қуйидагини ташкил этади:
1 000 – 800 = 200 минг сўм.
Даромад олинган сана – маҳсулот харид қилинган сана.
Эътибор беринг
Агар жисмоний шахс қимматли қоғозларга ҳақ тўлашни ушбу қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқи унга ўтганидан кейин амалга оширса, даромад олинган сана қимматли қоғозларнинг қийматига тегишли тўловни тўлаш куни сифатида аниқланади .
Мисол
Корхона ходимлари томонидан қимматли қоғозлар харид қилиниши
Хизмат кўрсатган ходимга корхона ўз акцияларини номиналдан паст нархда реализация қилади.
Акцияларни харид қилиш қиймати – 5 000 минг сўм. Акцияларнинг номинал қиймати – 7 000 минг сўм.
Харид қилиш шартларига кўра ходим уларни харид қилганидан кейин бир ой мобайнида тўлаб беради.
Ушбу ҳолатда ходим қуйидаги моддий наф тарзидаги даромадни олади: 7 000 – 5 000 = 2 000 минг сўм.
Аммо, солиқ мақсадларида даромад олинган сана акцияларга эгалик ҳуқуқи ўтган пайтда эмас, балки уларга ҳақ тўлаш санасида тан олинади.

Бошқа ҳолатларда даромад олинган сана

Бир турдаги қарама-қарши талабларни ҳисобга олишда даромад олинган сана – ҳисобга олиш куни .

Мисол
Бир турдаги қарама-қарши талабларни ҳисобга олиш
Корхона таъсисчисининг (резидентнинг) фирма олдидаги қарзи мавжуд: 100 млн сўм олинган қарз. Фирманинг эса ўз навбатида таъсисчи олдида қарзи мавжуд: 150 млн сўм миқдорида тўланмаган дивидендлар.
21 май куни 100 млн сўмлик ўзаро ҳисобга олиш далолатномаси тузилди.
21 май кунидаги ҳисобга олиш санаси 100 млн сўм суммада дивидендлар кўринишида даромад олинган сана бўлиб ҳисобланади.
Ушбу куннинг ўзида мазкур суммадан қуйидаги солиқни ушлаб қолиш ва бюджетга ўтказиб бериш лозим бўлади:
100 х 5 % = 5 млн сўм.

Солиқ агенти томонидан умидсиз қарз ҳисобдан чиқарилганда даромад олинган сана – ҳисобдан чиқарилган кун .

Мисол
Умидсиз қарзни ҳисобдан чиқариш
Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги битим шартларига кўра ходим корхонага етказилган зарар учун 3 000 минг сўм суммада жарима тўлаши лозим. Ходим жаримани тўламади. У билан алоқа узилиб қолди. Натижада даъво муддати тугагандан сўнг (3 йилдан кейин) корхона ушбу суммани умидсиз қарз сифатида ҳисобдан чиқарди.
Қарз ҳисобдан чиқарилган сана собиқ ходим томонидан 3 000 минг сўм суммада моддий наф тарзида даромад олинган сана бўлиб ҳисобланади .
Даромад олувчи билан алоқа йўқолганлиги сабабли солиқ агенти сифатида корхона ўзининг ҳисобидан, ушбу суммадан бюджетга ЖШДС тўлаб бериши лозим бўлади. Бунда корхона томонидан тўланган солиқ суммаси ҳам собиқ ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади бўлиб қолади .

Ходим сафардан қайтганидан кейин бўнак ҳисобот тасдиқланган ойнинг охирги куни даромад олинган сана ҳисобланади .

Мисол
Хизмат сафарида бўлган ходимнинг даромадини тан олиш
Ходим 3 августда хизмат сафаридан қайтади ва 5 августда бухгалтерияга бўнак ҳисоботини топширади. Ҳисобот 6 августда тасдиқланади.
Раҳбарият қарорига асосан ходимга қонунчиликда белгиланган нормадан ортиқча 500 минг сўм суммадаги бўнак ҳисоботида акс эттирилган кунлик ҳақ (суткалик пул) тўланади.
Белгиланган нормалардан ортиқча кундалик харажатлар учун ҳақ (суткалик пуллар) ходимнинг даромади ҳисобланади ва компенсация тўловлари жумласига киритилади .
Ушбу даромад олинган сана деб, бўнак ҳисоботи тасдиқланган ойнинг охирги куни, яъни 31 август эътироф этилади.
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг