Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Бензин нархи ўзгариб турса, бухгалтер нима қилиши керак
“Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси бензинни биржа орқали харид қилади, бензин нархи ҳар куни ўзгаради. Ҳисоб сиёсатида AVECO усули (ўртача нархлар бўйича) қўлланилади. Баъзан бензин таннархидан паст нархда сотилади. Бунда қандайдир солиқ оқибатлари бўладими? Агар бўлса, қандай оқибатлар?”.
Саволга “Норма” эксперти, солиқ маслаҳатчиси Татьяна БЕЛОУСОВА жавоб берди:
– «AVECO усулини қўллашда бензин келиб тушганда шакллантирилган таннарх, қоидага кўра, бухгалтерия ҳисобида унинг чиқиб кетиши (реализацияси) акс эттириладиган қийматга тенг бўлмайди.
Қонунчилик товарларни (хизматларни) таннархидан паст нархда ёки уларни харид қилиш нархидан паст нархда реализация қилишни тақиқламайди. Солиқ кодексида бундай вазият учун солиқ базасини аниқлаш тўғрисидаги нормалар мавжуд эмас.
Бунга қарамай:
- операцияларни солиқларни тўламаслик ёки тўланадиган солиқлар суммасини камайтириш тарзида асосланмаган нафга эга бўлиш мақсадида амалга оширманг;
- 2022 йил 1 январдан бошлаб битимнинг тарафларидан бири томонидан олиниши мумкин бўлган, лекин трансферт нархни белгилаш натижасида тараф олмаган ҳар қандай даромадлар солиқ солиш мақсадида битимнинг шу тарафида ҳисобга олинади .
1. ҚҚС
ҚҚС бўйича солиқ базаси акциз солиғини ҳисобга олиб, унга солиқни киритмаган ҳолда, битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан (тарифдан) келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган бензиннинг қиймати сифатида аниқланади.
Бунда, агар сиз автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси томонидан мустақил тарзда импорт қилинган бензинни реализация қилсангиз, ҚҚС бўйича солиқ базаси ушбу бензинни олиб кириш (импорт қилиш) чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган ҚҚС ҳисоблаб чиқарилган қийматдан паст бўлиши мумкин эмас.
Эътибор беринг, агар битимнинг нархи бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли. Солиқ тўловчи бундай қарор юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли .
2. Фойда солиғи
Товарни, хусусан - бензинни таннархидан паст нархда реализация қилишдан кўрилган зарар чегирилмайдиган харажатлар рўйхатига кирмайди .
Бинобарин, агар корхона уларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини асослаб берса, уларни фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириш мумкин.
Ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишга масъулият билан ёндашинг, унда қўлланилаётган AVECO усули акс эттирилган бўлиши керак. Реализация қилинаётган бензинга нарх сиёсати ҳам асосланган бўлиши керак.
Агар корхона бензиннинг бозор нархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан мустақил равишда қўшимча ҚҚС ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилса, у фойда солиғи ҳисоб-китобида қўшимча ҳисобланган ҚҚС суммасини чегиришга ҳақли”.