МҲХС бўйича битим баҳосини аниқлаш

21.10.2021
author avatar

Ирина АХМЕТОВА

«Норма» эксперти
author avatar

Иброҳим АҲМАДХОНОВ

МҲХС бўйича эксперт

Тавсияда:

– битим баҳосига таъсир қилувчи омиллар;
– қопланадиган ўзгарувчан сумма қандай баҳоланади;
– битим баҳосидаги молиявий компонент қандай ҳисобга олинади;
– пулсиз қоплашда нархни аниқлаш;
– харидорга қопланадиган сумманинг битим баҳосида ҳисобга олиниши.

 

Битим баҳосини аниқлаш – тушумни тан олишнинг учинчи босқичи.

Битим баҳоси – харидорга бериладиган товарлар ва хизматлар эвазига ташкилот олиши ҳақдор бўлган кутилаётган мукофот суммаси.

Битим баҳосига таъсир қилувчи омиллар 

Битим баҳосини аниқлашда қуйидаги омилларни ҳисобга олинг  :

  • шартнома бўйича ваъда қилинган қоплаш суммаси ўз ичига қатъий белгиланган ва/ёки ўзгарувчан суммаларни (бонуслар, жарималар ва ҳ.к.) олиши мумкин;
  • битим баҳосига киритиладиган қопланадиган ўзгарувчан суммани шундай баҳолаш керакки, бунда келгусида тан олинган тушум суммасини камайтиришга тўғри келмасин;
  • шартнома ўз ичига пул қийматининг вақт давомида ўзгаришини ҳисобга олувчи салмоқли молиялаштириш компонентини олиши мумкин;
  • агар шартномада пулсиз қоплаш назарда тутилган бўлса, унинг суммасини баҳолаш зарур;
  • харидорга тўланиши керак бўлган қоплаш суммасининг шартномага киритилган бўлиши.

Ўзгарувчан қопланадиган суммани баҳолаш  

Ўзгарувчан қопланадиган сумма қуйидаги ҳолларда вужудга келади:

  • қуйидагилар қўлланилганда:

– чегирмалар,
– бонуслар,
– қандайдир рағбатлантирувчи шартлар,
– рағбатлантирувчи дастурлар,
– жарима санкциялари ва ҳ.к.;

  • компания оладиган сумма, ҳолбуки сумманинг ўзи қатъий белгиланган бўлса ҳам, келгусидаги ҳодисага боғлиқ бўлса (бу ҳодиса ё содир бўлади ё бўлмайди). Масалан:

– харидор сотиб олинган товарни қайтариши мумкин;
– компания маълум натижага эришилишини таъминлаши ёки белгиланган муддатга риоя қилиши керак.

Операциянинг умумий баҳосини шартнома амал қилишни бошлаган пайтдаги ҳолатга кўра аниқланг. Сўнг ҳар бир ҳисобот санасида битим баҳосини аниқлаш санаси янгиланиши керак .

Далиллар ҳамда мавжуд вазиятга қараб, агар битим баҳосига мукофотнинг ўзгарувчан қисми киритилган бўлса, мукофот миқдорини ўзгарувчан қисмни ҳисобга олган ҳисоб-китоб йўли билан ҳолда қуйидаги усуллардан бири ёрдамида аниқланг:

  • кутилаётган қийматдан келиб чиқиб (кутилаётган қиймат усули), бунда кутилаётган суммаларни ва уларни олиш эҳтимолини чамалаган ҳолда.
Мисол
Кутилаётган қиймат усули ёрдамида ўзгарувчан мукофот суммасини аниқлаш

Ташкилот харидорга хизматларини кўрсатади. Шартнома шартларида чекланган вақт даври мобайнида эришилган муайян самарадорлик кўрсаткичлари билан боғлиқ бўлган иш натижалари бўйича бонус тўланиши назарда тутилган.

Ташкилот бонус олиш эҳтимолини қуйидагича баҳолайди:

50 % – 50 млн сўм;

25 % – 40 млн сўм;

15 % – 20 млн сўм;

5 % – 0.

Бонусга эга бўлиш билан боғлиқ бўлган тушум кутилаётган қийматдан келиб чиқиб баҳоланади:

50 х 50 % + 40 х 25 % + 20 х 15 % + 0 х 5 % = 38 млн сўм.

  • пировардида фақат икки натижа мумкин бўлганда (масалан, ташкилот натижа эвазига ё бонус олади, ё олмайди), ташкилот олишни тахмин қилаётган эҳтимоли кўпроқ бўлган суммадан келиб чиқиб.
Мисол
Ўзгарувчан мукофот суммасини эҳтимоли кўпроқ бўлган миқдор усули ёрдамида аниқлаш

Тузилган шартномага мувофиқ, корхона маълум сифат характеристикаларига эришган тақдирда, ишининг натижалари бўйича 10 млн сўм мукофотга эга бўлади. Компания бу мукофотни олиш эҳтимоллигини 80 %, олмаслик эҳтимолини эса 20 % деб баҳоламоқда.

Мазкур ҳолда мукофот олиниши билан боғлиқ бўлган тушум эҳтимоли энг кўп бўлган натижа – 10 млн сўм миқдорида тан олиниши керак.

Эътибор беринг

Ушбу усуллардан қай бири, нуқтаи назарингиздан, шартнома бўйича олинадиган қоплаш суммасини яхшироқ прогноз қилса, ўша усулни танлаш ҳуқуқига эгасиз. Бунда қўлланиладиган усул ҳисоб сиёсатини танлаш предмети бўлиб ҳисобланмайди, балки алоҳида олинган шартномага нисбатан унинг амал қилиш муддати давомида қўлланилади.

Тушум сифатида тан олинадиган ўзгарувчан мукофотни шундай баҳолангки, уни кейинги даврларда сторно қилишга тўғри келмасин.

Мисол
Ўзгарувчан мукофот суммасининг шартноманинг амал қилиш муддати давомида ўзгариши

5 февралда ташкилот харидор билан 5 млн сўмга тенг товар етказиб бериш шартномасини бир йил муддатга тузмоқда. Агар товар миқдори шартноманинг амал қилиш муддати давомида 1 000 бирликдан ошса, у ҳолда товар нархи ретроспектив равишда 4,5 млн сўмгача пасаяди. Шу тариқа, ушбу шартнома бўйича битим баҳоси ўзгарувчан мукофот унсурини ўз ичига олади.

5 май ҳолатига кўра харидор бор-йўғи 100 бирлик товар харид қилди, оқибатда ташкилотнинг берган баҳосига кўра, шартноманинг амал қилиш муддати давомидаги харидлар 0,5 млн сўмлик чегирмани қўллаш имконини берувчи бошланғич қийматдан ошмайди.

Ушбу харидор ва товарнинг мазкур тури билан иш тажрибасидан келиб чиқиб, ташкилот қуйидагича ўйлайди: 5 млн сўм баҳо бўйича тан олинган тушумнинг шартноманинг амал қилиш муддати тугагунига қадар қайтарилмаслигининг эҳтимоли катта.

Тегишинча, I чорак учун ташкилот 500 млн сўм (5 х 100) миқдоридаги шартнома бўйича тушумни тан олади. Кейинги чорак давомида харидорнинг мулкдори ўзгаради.

II чоракдаги харидлар 700 бирлик товарни ташкил қилади. Шу тариқа, шартноманинг амал қилиши давомидаги харидлар юқори эҳтимоллик билан 1 000 бирликка тенг бошланғич қийматдан ошишини баҳолаш имконини берувчи янги далиллар ва шарт-шароитлар юзага келади. Бу нархни ретроспектив равишда тушириш заруратини тақозо қилади.

II чорак учун ташкилот 3 150 млн сўм (4,5 х 700) миқдоридаги тушумни тан олади. Бундан ташқари, ташкилот бундан олдин I чорак учун тан олинган тушумни ўзгарган битим баҳоси суммасига – 50 млн сўмга ((5 – 4,5) х 100) камайтиради.

Эътибор беринг

Харидорга товарни қайтариш ҳуқуқи берилганда, компания сотувни қуйидагича акс эттиради:

1. Қайтарилиши кутилмаётган товарга нисбатан тушум тан олинади;

2. Маблағларнинг қайтарилишига нисбатан мажбурият тан олинади;

3. Қайтариш ҳуқуқи қўлланилиши мумкин бўлган захиралар, уларни қайтариш бўйича ноаниқлик ҳал бўлмагунига қадар, балансдан ҳисобдан чиқарилмайди;

4. Товарни бериш пайтида харидор у учун пул маблағларини ўтказмаган тақдирда, дебиторлик қарзи тўлиқ ҳажмда акс эттирилади.

Мисол
Қайтарилган товарларни ҳисобга олган ҳолда сотувларнинг ҳисобга олиниши

 

Шартнома шартлари бўйича харидорлар товарни сотиб олган кундан бошлаб бир ой давомида, товар чеки ва товарнинг бошланғич кўриниши сақланган ҳолда, товарни қайтариш ҳуқуқига эга.

Статистика бўйича қайтариладиган товарлар ўрта ҳисобда сотувларнинг 2 %ини ташкил қилади. Ҳисоботни тузиш пайтида ташкилот қуйидаги маълумотларга эга: 50 000 минг сўмлик товарлар сотилган, сотилган товарлар таннархи 120 000 минг сўмни ташкил қилди. Ҳақиқатда сотилган товарларнинг 0,5 %и қайтарилди.

Ҳисобда ушбу операцияни қуйидагича акс эттиринг:

 

Дебет

Сумма, минг сўм

Кредит

Сумма, минг сўм

Пул маблағлари

150 000

Маблағларни қайтариш мажбурияти

3 000
(150 000 х 2 %)

Тушум

147 000

Таннарх

117 600
(120 000 х 98 %)

Захиралар

117 600

2 400 минг сўм (120 000 х 2 %) суммага тенг захиралар балансда қолмоқда.

Қайтариш учун белгиланган давр тугаганидан кейин маблағларнинг қайтарилиши ва тушумнинг тан олишини:

Дебет

Сумма, минг сўм

Кредит

Сумма, минг сўм

Маблағларни қайтариш мажбурияти

3 000

Пул маблағлари

750
(150 000 х 0,5 %)

Тушум

2 250

600 минг сўм (0,5 % х 120 000) деб баҳоланган қайтарилган товарлар балансда қолишни давом этмоқда. Қайтарилмаган захиралар қиймати 1 800 минг сўм (2 400 – 600) суммада сотувлар таннархига ўтказилади.

Дебет

Сумма, минг сўм

Кредит

Сумма, минг сўм

Таннарх

1 800

Запасы

1 800

Битим баҳосини аниқлашда молиявий компонент қандай ҳисобга олинади

Молиявий компонент – бу ваъда қилинган мукофот миқдори билан сотувнинг «пулдаги» нархи орасидаги фарқ.

Операция баҳосини аниқлашда пулнинг вақтинчалик қийматини ҳисобга олган ҳолда ваъда қилинган қоплаш суммасига, башарти тўлов муддатлари шартнома тарафига молиялаштиришдан яхшигина наф келтирса, ўзгартириш киритишингиз керак. Тузатиш киритишдан мақсад – тушумни сотувнинг «пуллик» нархини акс эттирувчи суммада тан олиш.

Эътибор беринг
Молиялаштиришнинг салмоқли компоненти муносабати билан юзага келувчи фоизли даромад ёки фоизли харажатни харидорлар билан тузилган шартномалар бўйича тушумдан алоҳида акс эттиринг .

Фоизли даромад ёки фоизли харажатни фақатгина шартнома бўйича актив (ёки дебиторлик қарзи) ёхуд шартнома бўйича мажбурият тан олинган тақдирда эътироф этишингиз керак.

Шартнома шартлари бўйича харидорга ҳам тўловнинг кечиктирилиши, ҳам муайян вақт ичида товарни қайтариш ҳуқуқи берилиши – ушбу қоидадан истисно ҳолатдир.

Агар товарни қайтариш ҳуқуқи мавжуд бўлганидан шартнома бўйича актив (ёки дебиторлик қарзи) ушбу сотувга нисбатан тан олинмаса, салмоқли молиялаштириш компоненти бўлганда, харидор қайтариш  ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин бўлган даврга қадар фоизли даромадни ҳисоблаб ёзманг.

Эътибор беринг
Шартномани тузиш пайтида товар (хизмат)ни харидорга топшириш билан товар ҳақини тўлаш орасидаги давр бир йилдан камроқни ташкил қилиши кутилаётган бўлса, ваъда қилинган қоплаш суммасига тузатиш киритиш талаб қилинмайди .

Мукофот суммасига тузатиш киритиш мақсадида, шартномани тузиш пайтида харидор билан сизнинг ўртангиздаги алоҳида молиялаштириш операцияси учун қўлланиладиган дисконтлаш ставкасидан фойдаланинг. Бунда ушбу дисконтлаш ставкаси қатъий белгиланган бўлиб, на фоиз ставкалари ва на бошқа ҳолатлар ўзгарганда ўзгармас бўлиб қолади.

Ҳар бир харидорда кредит хатари турлича бўлиши мумкинлиги сабабли, айнан ўхшаш шартлардаги шартномалар бўйича ҳар хил харидорлар учун тушумнинг турлича суммалари эътироф этилади.

Шартноманинг молиялаштириш компоненти бор-йўқлигини ва у шартнома учун аҳамиятли ёки йўқлигини баҳолашда қуйидаги омилларни ҳисобга олинг:

  • ваъда қилинган қоплаш суммаси билан товар ёки хизматларни шу заҳоти тўлаш шартларида сотиш баҳоси ўртасидаги фарқ (агар у мавжуд бўлса);
  • қуйидагиларнинг биргаликда таъсир қилиши:

– товар ёки хизматлар харидорга топшириладиган ва уларнинг ҳақи тўланадиган пайт ўртасидаги тахмин қилинаётган вақт оралиғи;
– тегишли бозорда устун келувчи фоиз ставкалари.

Молиявий компонет юзага келганда қуйидаги икки вазиятдан бири бўлиши мумкин:

  • харидор сотувчини кредитлайди;
  • сотувчи харидорни кредитлайди.
Мисол
Харидор сотувчини кредитлайди

2 январда сотувчи компания товар туркумини 31 декабарда етказиб беришга харидор билан шартнома тузди. Тушумни тан олиш шартлари ҳам МҲХС (IFRS) 15га мувофиқ 31 декабрда бажарилади.

Шартнома шартларига кўра харидор товарнинг бутун туркумини ёки 2 январда, ёки етказиб бериш санасида, яъни, 31 декабрда тўлаши мумкин.

Товар туркуми қиймати 2 январда тўланган тақдирда 100 млн сўмни, 31 декабрда тўланганида – 110 млн сўмни ташкил қилади.

Харидор товар туркумини 2 январда тўлашни танлади.

Дисконтлашнинг қўлланилаётган ставкаси – 10 %.

2 январда харидор товарлар ҳақини тўлади ва сотувчида товарларни харидорга топшириш мажбурияти юзага келди:

Дт «Пул» – 100

Кт «Шартнома мажбурияти» – 100

Харидор етказиб берувчини молиялаштиргани сабабли, етказиб берувчи 31 декабрда фоизли харажатларни – кредитлаш ҳақини ҳисоблаб ёзиши керак:

Дт «Фоизли харажатлар» – 10

Кт «Шартнома мажбурияти» – 10

Тушум етказиб берувчи томонидан шартнома мажбурияти бажарилган вақтда тан олинади:

Дт «Шартнома мажбурияти» – 110

Кт «Тушум» – 110

Эътибор беринг

Умумий тушум суммаси олинган мукофот суммасидан кўпроқ бўлиши мумкин.

Фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботда қуйидагиларни алоҳида-алоҳида акс эттиринг

  • молиявий компонентни ҳисобга олган ҳолда тушумни;
  • ушбу молиявий компонентга нисбатан молиявий харажат.
Мисол
Сотувчи харидорни кредитлайди

2 январда сотувчи компания харидорга товар туркумини сотди. Ушбу санага тушумни тан олишнинг барча мезонлари тўлиқ бажарилмоқда.

Шартнома шартлари бўйича харидор товарнинг бутун туркумини у сотилгандан кейин, яъни 31 декабрда тўлаши керак.

Шартномага мувофиқ товар туркумининг қиймати харидор учун 110 млн сўмни ташкил қилди.

Мазкур ҳолда қўлланиладиган фоиз ставкаси 10 %га тенг. Бу ставка шуни кўрсатадики, харидорнинг прайс-варағига мувофиқ худдий шундай товар туркуми шу заҳоти пул билан тўланган тақдирда, у камроқ суммага сотилган бўлар эди.

Мазкур ҳолда сотувчи харидорни кредитлайди.

Сотувчи тушумни 2 январда тан олади, бунда товарлар харидорга берилганлиги далилини ва дебиторлик қарзини – харидордан қоплаш суммасини олишга бўлган сўзсиз ҳуқуқини акс эттиради:

Дт «Дебиторлик қарзи» – 100

Кт «Тушум» – 100

Сотувчи харидорга молиялаштиришни тақдим этишдан даромад олганлиги далилини акс эттириб, 31 декабрда даромаднинг яна бир – фоизли турини тан олиши керак:

Дт «Дебиторлик қарзи» – 10

Кт «Фоизли даромад» – 10

Дт «Пул» – 110

Кт «Дебиторлик қарзи» – 110

Мисол
Харидорнинг кредит хатаридан келиб чиқиб аниқланган молиялаштириш компонентини ҳисобга олган ҳолда тушумни аниқлаш

1 январда «А» компанияси харидор билан янги автомобиль харидини молиялаштириш ҳақида битим тузмоқда.

 «А» компанияси реклама акциясини ўтказиш доирасида барча харидорларга 2 йилга 1,5 фоизлик молиялаштириш таклиф қилинмоқда.

Шартномада кўрсатилган автомобиль нархи 100 млн сўмни ташкил қилиб, ушбу сумма 50,75 млн сўмлик иккита бадал билан ҳар йил 31 декабрининг охирида тўланиши керак.

Автомобиль устидан назорат шартномани имзолаш пайтида харидорга ўтади.

Харидорга 10 %лик ставкадаги оддий молиялаштириш қулай ва осондир.

Шартномадаги 1,5 %лик ставка эса харидорнинг кредит хатарини акс эттирмайди. Шу сабабли «А» компанияси операция нархини аниқлаш учун дисконтлашнинг 10 % ставкасини қўллаши керак.

Шартномада кўрсатилган 1,5 %лик ставкани қўллаш қонунга зид бўлар эди, зеро бу ставка маркетинг жиҳатдан рағбатлантириш ҳисобланмайди ва харидорнинг кредит хусусиятларини акс эттирмайди.

«А» компанияси тан олиши керак бўлган тушум қуйидагича ҳисобланади:

 

Йил

Тўлов

Келтирилган қиймат

Биринчи

50,75

46,14 [50,75 : (1 + 0,1)]

Иккинчи

50,75

41,94 [50,75 : (1 + 0,1)2]

Жами


88,08

Эътибор беринг

Молиялаштиришни тақдим этишдан самаранинг барча белгиларига қарамасдан, қуйидаги вазиятларда уни акс эттирманг :

  • харидор товар ёки хизматлар ҳақини олдиндан тўлаган бўлиб, уларни топшириш муддатларини унинг ўзи аниқлайди;
  • олинадиган қоплаш суммаси ёки муддатлари харидор ёки сотувчи назорат қила олмайдиган келгусидаги ҳодисанинг, масалан, сотувларга асосланган роялтининг вужудга келишига (ёки келмаслигига) қараб фарқланади.
  • харидордан олинадиган бўнак тўлови, ундан олинадиган молиялаштиришдан фарқли ўлароқ, бошқа мақсадларга, мисол учун, тўлов тўланмаслик хатарини камайтириш учун керак.

Пулсиз қоплаш назарда тутилган бўлса, битим баҳоси қандай аниқланади

Харидор пулсиз қоплаш суммасини ваъда қилаётган битим суммасини аниқлаш учун ушбу қоплаш суммасини адолатли қиймати бўйича баҳоланг .

Қоплашнинг адолатли қийматини асосли равишда аниқлаш имкони бўлмаганда, у ҳолда пулсиз қоплаш эвазига ваъда қилинган товар ёки хизмат мустақил объект сифатида сотиладиган баҳони қўлланг .

Мисол
Пулсиз қоплашда битим баҳосини аниқлаш

«АБ» фирмаси шундай автомобиллар реализацияси билан шуғулланувчи «ВГ» фирмасидан чакана қиймати 448 500 минг сўм (ҚҚС билан бирга) бўлган ўз маҳсулоти эвазига ҳамда 126 500 минг сўм миқдоридаги ўз пул маблағларини қўшиб, автомобиль сотиб олмоқда.

Битим ўз ичига пуллик ва пулсиз қоплашни олади.

Маҳсулот ушбу битимда 390 000 минг сўмга тенг шартнома баҳоси бўйича сотилган. Олинган автомобильнинг адолатли қиймати 500 000 минг сўмга тенг.

«АБ» фирмаси маҳсулотининг таннархи – 300 000 минг сўм.

«ВГ» фирмаси учун автомобиль таннархи – 400 000 минг сўм.

Қўшилган қиймат солиғи – 15 %.

«АБ» фирмасида операция ҳисоби 

  

Операция

Дебет

Сумма, минг сўм

Кредит

Сумма, минг сўм

1. Маҳсулот реализация қилинди

Дебиторлик қарзи

448 500

Маҳсулотни сотишдан тушум

390 000

Тўланадиган ҚҚС

58 500

Маҳсулот реализацияси таннархи

300 000

Захиралар (маҳсулотлар)

300 000

2. Автомобиль харид қилинди

Асосий воситалар

500 000

Кредиторлик қарзи

575 000

Қопланадиган ҚҚС

75 000

3. Ўзаро мажбуриятлар ҳисобга олинди

Кредиторлик қарзи

575 000

Пул маблағлари

126 500

Дебиторлик қарзи

448 500

 

«ВГ» фирмасида операциялар ҳисоби:

Операция

Дебет

Сумма, минг сўм

Кредит

Сумма, минг сўм

1. Автомобиль реализация қилинди

Дебиторлик қарзи

575 000

Товарлар реализациясидан тушум

500 000

Тўланадиган ҚҚС

75 000

товарларни реализация қилиш таннархи

400 000

Захиралар (товарлар)

400 000

2. «АБ» фирмасининг маҳсулоти харид қилинди

Захиралар (товарлар)

390 000

Кредиторлик қарзи

448 500

Қопланадиган ҚҚС

58 500

3. Ўзаро мажбуриятлар ҳисобга олинди

Кредиторлик қарзи

448 500

Дебиторлик қарзи

575 000

Пул маблағлари

126 500

Эътибор беринг

Агар шартнома шартларини бажаришга кўмаклашиш учун харидор сизга товар ёки хизматлар, масалан, материаллар, ускуналар ёки ходимларни тақдим этса, у ҳолда корхонангиз кўрсатиб ўтилган товарлар ёки хизматлар устидан назоратни қўлга киритган-киритмаганлигини баҳолашингиз керак.

Агар назорат мавжуд бўлса, у ҳолда харидор томонидан тақдим этилган товарлар ёки хизматларни пулсиз қоплаш сифатида ҳисобга олинг .

Харидорга тўланадиган қоплаш суммасини битим баҳосида ҳисобга олиш  

Харидорга тўланиши керак бўлган қоплаш суммасининг ичига ташкилот харидорга тўлаётган ёки тўлашни кутаётган (масалан, купон ёки ваучер) пул маблағлари суммалари киради. Бу суммаларни ташкилотга тегишли бўлган суммаларга қарши ҳисобга олиш керак .

Харидорга тўланадиган қоплаш суммаси нимани билдиришини аниқланг:

  • операция нархининг пасайтирилиши;
  • фарқли товар ёки хизмат учун ҳақ

ёки

  • бирйўла иккови.

Харидор фойдасига қилинаётган тўлов харидор томонидан ташкилотга берилаётган фарқли бўлган товар ёки хизмат эвазига бўлган ҳоллардан ташқари, битим баҳосини харидорга қопланадиган суммага камайтиринг.

Бунда қуйидаги ҳодисалардан қайси бири кечроқ содир бўлса, тушумнинг камайишини шу вақтда тан олинг  :

  • ташкилот тегишли товар ёки хизматларни харидорга топширишга нисбатан тушумни тан олмоқда

ва

  • ташкилот қоплаш суммасини тўламоқда ёки тўлашни ваъда қилмоқда. Бундай ваъданинг берилиши ташкилот оддий иш амалиётида кўзда тутилиши мумкин.
Мисол
Харидорга тўланиши керак бўлган қоплаш суммасининг тўланиши

Истеъмол товарларини ишлаб чиқарувчи ташкилот чакана дўконларнинг глобал тармоғи вакили бўлган харидорга товар сотиш ҳақида бир йиллик муддатга шартнома тузмоқда.

Харидор бир йил давомида 150 млн сўмдан кам бўлмаган маҳсулот сотиб олиш мажбуриятини олмоқда.

Шартнома шартларига биноан шартномани тузиш пайтида ташкилот харидорга шунингдек 15 млн сўм қопланмайдиган тўлов (пул маблағлари) ҳам тўлаши керак.

Харидорга ушбу сумма ташкилотнинг товарларини ўз дўконларида лозим даражада жойлаштириш учун баъзи ўзгартиришларни қилиш харажатларини қоплайди.

Шартнома шартларига кўра ташкилот харидор расталаридан фойдаланиш ҳуқуқи устидан назоратга эга бўлмайди. Шу сабабли харидорга қилинаётган тўлов харидорнинг фарқли бўлган товар ёки хизмати учун тўланмайди.

Тегишинча, 15 млн сўмлик тўлов битим баҳосини камайтирилиши ҳисобланмаслигини ташкилот аниқлади .

Тўланиши керак бўлган қоплаш суммаси битим баҳосининг камайтирилиши сифатида ташкилот товарни топширишга нисбатан тушумни тан олган пайтда ҳисобга олинади.

Тегишинча, ташкилот товарларни харидорга ҳар сафар берганда ҳар бир товар бўйича битим баҳосини 10 %га (15 млн сўм : 150 млн сўм) камайтириб боради.

Шундай қилиб, бир йил давомида (шартноманинг амал қилиш муддати) ташкилот 135 млн сўм (150 – 15) тушумни тан олади.

15 млн сўм сумма таннархнинг ёки компания маркетинг харажатларининг бир қисми эмас, балки тушумнинг камайтирилиши ҳисобланади.

Ушбу сумма харажатларга ҳисобдан чиқарилади:

Дт «Пул» – 150

Кт «Товарларни сотишдан тушум» – 135

Кт «Шартнома бўйича харажатлар» – 15

Эътибор беринг

Харидорга тўланадиган қоплаш суммаси турли қиёфа ҳосил қилиши мумкин. Қоплаш суммаларини ҳисобга олишнинг лозим тартибини аниқлаш мақсадида ҳар бир операцияни синчковлик билан баҳоланг.

Товар ёки хизмат фарқли ёки фарқли эмаслигини таҳлил қилинг. Агар харидорга тўланиши керак бўлган қоплаш суммаси ушбу харидор томонидан тақдим этилган фарқли товарлар ёки хизматлар учун ҳақ кўринишида бўлса, у ҳолда бундай қоплаш суммаларини ҳисобга олиш мақсадида етказиб берувчилардан товар ёки хизматларни харид қилишга оид бошқа битимларда қўлланиладиган тартибни қўлланг.

Харидорга қоплаш суммасини тўлашнинг намунавий мисоллари:

  • токчадаги жой учун тўлов. Истеъмол товарларини ишлаб чиқарувчилар чакана савдо ташкилотлари ўз дўконларида улар товарларини кўриниб турадиган жойга қўйишлари учун ҳақ тўлайдилар. Бу одатий дўкон ичидаги оддий расталар ҳам, шу билан бирга виртуал расталар (яъни, сотувчининг онлайн-каталогидаги жой) ҳам бўлиши мумкин. Одатда бундай ҳақ эвазига ишлаб чиқарувчига фарқли бўлган товарлар ёки хизматлар тақдим этилмайди ва бундай суммалар битим баҳосининг камайтирилиши кўринишида ҳисобга олинади;
  • қўшма реклама ҳақидаги келишув. Айрим келишувларда етказиб берувчи харидорга товарларини реклама қилгани учун у сарфлаган харажатларни қоплашга рози бўлади. Етказиб берувчи адолатли қиймат бўйича фарқли бўлган товар ёки хизматлар эвазига ҳақ тўлаш-тўламаслиги шартнома далиллари ва шарт-шароитлари синчковлик билан таҳлил қилинишига боғлиқ.
  • нарх ҳимояси. Чакана сотувчи етказиб берувчи томонидан муайян вақт даврида олган товарнинг сотилиш нархининг пасайгани сабабли етказиб берувчи унга маълум суммани қоплашга розилик бериши мумкин. Одатда бундай ҳақ эвазига ишлаб чиқарувчига фарқли бўлган товарлар ёки хизматлар берилмайди ва бундай суммалар битим баҳосининг камайтирилиши сифатида ҳисобга олинади;
  • купонлар ва чегирмалар. Сотувчининг билвосита харидори чакана сотувчига ёки ишлаб чиқарувчига шундай купонни тақдим қилиш орқали харид қилган товар ёки хизматининг сотиб олиш баҳосининг бир қисмини қайтариши мумкин. Одатда бундай ҳақ эвазига ишлаб чиқарувчига фарқли бўлган товарлар ёки хизматлар берилмайди ва бундай суммалар битим баҳосининг камайтирилиши сифатида ҳисобга олинади;
  • «шартномавий» келишувлар. Айрим келишувлар бўйича, янги шартнома тузиш имконига эга бўлиш учун, етказиб берувчи харидорга дастлабки тўловни тўлаб беради. Кўп ҳолларда бундай тўловлар харидордан олинадиган фарқли товарлар ёки хизматлар билан боғлиқ бўлмайди ва битим баҳосининг камайтирилиши сифатида ҳисобга олинади.
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг