2021 йил учун статистика бўйича ҳисобот қандай топширилади (йўриқнома)

preview

Февраль - бухгалтерлар учун осон ой эмас, бошқа ҳисоботлар қаторида улар 2021 йил учун статистика ҳисоботини топширадилар. Бу гал - stat.uz сайтининг “Электрон статистика ҳисоботи” махсус ресурси орқали eStat 4.0 дастурининг янги версияси ёрдамида топширадилар. 

Биз статистика органларига янги дастурда ҳисобот топширдик ва қадамма-қадам йўриқномани тайёрладик:

 

1-қадам - eStat 4.0 тизимига кирамиз

Дастурга http://hisobot.stat.uz/uz/login/ ҳаволаси орқали ёки stat.uz сайтининг “Электрон ҳисобот” тугмаси ёрдамида киринг:

 

Ҳисобот тизимининг ўзига кириш учун ташкилотнинг керакли ЭРИсини танланг ва паролни киритинг.

Ташкилотингиз номи ва реквизитлари - КТУТ, СТИР билан ойна очилади.

Ташкилот номига босинг ва “шахсий кабинет”га тушасиз.

 

2-қадам - статистика ҳисоботининг керакли шаклини танлаймиз ва тўлдирамиз

“Шахсий кабинет”нинг ўнг қисмида  - сизнинг статистика ҳисоботларингизнинг “ҳолати” - “жўнатилганлар”, “рад этилганлар” ва “қабул қилинганлар” тугмалари, шунингдек статистика органларининг ваколатли вакилларининг хабарномалари акс эттирилади.

Сиз статистика органларига 2021 йил учун тақдим этишингиз керак бўлган ҳисобот тоифасини танлашингиз лозим. Мисол учун, агар корхонангиз микрофирмалар ёки кичик корхоналар жумласига кирса, тегишинча, “Кичик бизнес ва тадбиркорлик” ҳаволасини танланг.

Сиз “1-kb shakli” статистика ҳисоботининг йиллик шаклини (ҳисоботлар рўйхатида 4-сонли) топширасиз, деб фараз қилайлик. Уни курсор билан танланг ва “Жўнатиш” тугмасига босинг. Хавотирланманг, сизда шакл дарҳол жўнатилмайди, у шунчаки тўлдириш учун очилади.

Шаклнинг барча бўлимлари ва варақларини кўрсаткичлар (статистика ҳисоботи шаклининг юқори панели) билан тўлдиргач, “Якуний қисм”да корхонангиз статистика ҳисоботини тўлдириш ва тақдим этиш учун масъул ходимнинг телефон рақамини кўрсатишни унутманг. Бусиз “Жўнатиш” тугмаси фаол бўлмайди.

Эътибор беринг
Статистика ҳисоботи шаклининг ҳар бир бўлими бўйича мантиқий назорат - кўрсаткичларни тўғри тўлдириш формуласи билан текшириш назарда тутилган . Шакл бўлимларига эса “Сақлаш” мажбурий тугмаси назарда тутилган. Унга босишни унутманг, акс ҳолда сизнинг бўлимлар бўйича тўлдирилган кўрсаткичларингиз сақланмайди ва қайтадан тўлдиришга тўғри келади.

Шунингдек, тўлдиришда йўл-йўриқлар - шакл бўлимларининг жадвал қисми остидаги изоҳларга эътибор беринг. Улар статистика ҳисоботи шаклининг у ёки бошқа бўлимида айнан қайси кўрсаткичларни акс эттириш зарурлигини аниқлаштиради.

Сиз ҳаммасини тўлдириб, “Жўнатиш” тугмасига босганингиздан кейин, ҳисоботингиз яна бир марта мантиқий назорат борасида қўшимча текширувдан ўтказилади. Агар тизим хато топса, аниқ бўлим ва варақни кўрсатган ҳолда бу ҳақда хабар беради.

Маълумотларга тузатиш киритиш учун “Таҳрирлаш” тугмасидан фойдаланинг. У ҳисоботнинг ҳар бир варағи остида мавжуд. Таҳрирлашдан сўнг, “Сақлаш” тугмасига босишни унутманг.

 

3-қадам - “Excel” форматида тўлдирилган шаклни сақлаймиз

Тизимда ушбу тугмадан ҳозирча “Жўнатилган ҳисоботлар” ҳолати тоифасида фойдаланиш имконияти мавжуд:

Статистика органлари техник мутахассисларининг  маълум қилишларича, яқин кунларда “Excel экспорти” тугмасидан ҳисоботнинг барча ҳолатларида - “тўлдирилган”, “жўнатилган” ва “қабул қилинган” ҳолатларида фойдаланиш имконияти бўлади. Бундан ташқари, ҳисоботни алоҳида варақлари бўйича эмас, балки бутунлигича юклаб олиш назарда тутилади.

 

4-қадам - ҳисоботнинг ҳолатини текширамиз

Жўнатилган, қабул қилинган ёки рад этилган ҳисоботларнинг ҳолатини тизимнинг тегишли ҳаволаларида кўринг:

“Хабарнома” ҳаволасида статистика ҳисоботининг “жўнатилган”, “қабул қилинган” ёки “рад этилган” ҳолатлари бўйича статистика органларининг хабарларини ўқиш мумкин.

“Шахсий кабинет”дан чиқиш учун унинг чап қисми юқорисида ташкилотингиз номига босинг ва кейин “Чиқиш” тугмасига босинг.

eStat 4.0. дастури ишида техник масалалар бўйича  (71) 202-81-45 телефон рақами орқали қўшимча маслаҳат олиш мумкин.

Сизга муваффақиятлар тилаймиз, ҳурматли бухгалтерлар!

Татьяна ЛИМАРЕВА, 

“Норма” эксперти


Бошқа тузилмаларда ҳисобот Бошқа тузилмаларда ҳисобот Бошқа тузилмаларда ҳисобот /uz/publish/doc/text178455_2021_yil_uchun_statistika_buyicha_hisobot_qanday_topshiriladi_yuriqnoma