Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Моддий қимматликлар ёнғинда шикастланганда
Омборда ёнғин чиққанда товарларнинг аксарияти куйди.
Уни корхона харажатларига ҳисобдан чиқариш мумкинлиги, ҳисобга олинган ҚҚСни нима қилиш кераклиги хусусида buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Замира ЖЎРАЕВА тушунтириш берди:
– Бундай вазиятда корхона инвентарлашни ўтказиши , кўрилган зарарни аниқлаши, ёнғин хавфсизлиги хизмати билан ёнғин тўғрисида далолатнома тузиши керак.
Фойда солиғи
ТМҚни яроқсизлиги сабабли ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарарлар, бундан фавқулодда ҳолатлар (табиий офат, ёнғин, авария, йўл-транспорт ҳодисаси ва ҳ.к.) оқибатида кўрилган зарарлар мустасно, чегириб ташланмайдиган харажатлар ҳисобланади .
Бу ҳолда корхона омбордаги ёнғин сабабли зарар кўргани боис фойда солиғини ҳисоблашда уни чегириш мумкин.
ҚҚС
Илгари ТМҚни олиш чоғида ҳисобга олиш учун қабул қилинган ҚҚС суммасига улар бузилганда ёхуд табиий камайиш нормаларидан ортиқча йўқотилган тақдирда тузатиш киритилади. Ушбу норма фавқулодда ҳолатлар: табиий офат, ёнғин, авария, ЙТҲ ва бошқа шу каби ҳолатлар муносабати билан товарларнинг бузилишига ёхуд йўқотилишига нисбатан татбиқ этилмайди . Бинобарин, ёнғин ҳолати муносабати билан ҳисобга олиш учун қабул қилинган ҚҚС корхонада ҚҚС бўйича аванс тўловлари сифатида қолиб, унга тузатиш киритилмайди.