Товар қопга солиб берилгани ЭҲФда қандай кўрсатилади

preview

«Ташкилот қурилиш учун қоришмаларни 25 кг лик қопларда импорт қилади. Бироқ, олиб кирилган товарни ички бозорда харидорларга сотиш чоғида маҳсулотни қопларда реализация қила олмаймиз, сабаби ЭҲФ шаклининг «Ўлчов бирлиги» устунида таклиф этилган ўлчов бирликлари орасида фақат кг кўрсатилган. Бу бухгалтер қўшимча ҳисоб-китоб қилишини талаб этиши сабабли ноқулайлик туғдиради. Ҳисоб-китоб бор жойда хатога ҳам йўл қўйилиши мумкин».

Давлат солиқ қўмитасида ушбу вазият юзасидан тушунтириш бердилар. Buxgalter.uz тафсилотларга аниқлик киритди:

 

– Ички бозорда ушбу маҳсулотни мамлакатимизга олиб кирган ўлчов бирлигида, яъни 25 кг лик қопларда беришингиз мумкин. Бунинг учун tasnif.soliq.uz сайтида айрим созланмаларни ўзгартириш керак, бунга бир неча дақиқа вақт ажратсангиз кифоя. Кейинчалик компаниянгиз «Ўлчов бирлиги» устунида «қоп = 25 кг» кўрсаткичини танлаб, ЭҲФни чекланмаган миқдорда тақдим эта олади.

Бунинг учун tasnif.soliq.uz сайтида:

1) ўзингиз фойдаланадиган МХИК кодини (масалан, «02520001006000000 Штукатурка») топиб, товар карточкасига киринг;

2) «Ўрамни шакллантириш» бўлимида ўзингиз учун керак бўлган истеъмол ўрамини бошқа фойдаланувчилар яратган мавжуд ўрамлар орасидан танлаб олинг ёки уни яратинг, масалан, – «қоп = 25 кг» (буни қандай қилиш ҳақида қуйида сўз юритамиз).

Шакллантирилган ўрам (ўлчов бирлиги) автоматик равишда каталогнинг «Танланган ўлчов бирликлари/ўрамлар» бўлимига киритилади. ЭҲФни расмийлаштираётганда уни «Ўлчов бирлиги» устунида кўрасиз.

 

Ўрам қандай яратилади

1) Ўрам керак бўлган юридик шахснинг ЭРИси билан tasnif.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетга киринг;

2) излаш сатрида керакли товарни топиб танланг;

3) «Ўрамлар» бўлимига кириб, «Ўрамни шакллантириш» тугмачасини босинг.

Бажарадиган функциясига қараб, тизимда 3 турдаги ўрам назарда тутилган:

  • истеъмол ўрами автоматик равишда шакллантирилиб, унга келгусида тузатиш киритилмайди;
  • ташқи ўрам истеъмол ўрами асосида шакллантирилади. Керакли бандларни тўлдиргач, «Ўрамни шакллантириш» тугмачасини босинг;
  • ташиш учун ўрам истеъмол ёки ташқи ўрам асосида шакллантирилади. Бунинг учун керакли бандларни тўлдириб, мос келадиган ўрам форматини танланг.
Эътибор беринг
Истеъмол ўрамини шакллантирмай туриб, ташқи ва ташиш учун ўрамларни шакллантира олмайсиз. Истеъмол ва ташқи ўрамларни шакллантирмай туриб, ташиш учун ўрамни шакллантира олмайсиз.

Истеъмол ўрамини шакллантириш учун:

1) ўрам турини танланг;

2) товар миқдорини киритинг;

3) ўлчов бирлигини танланг;

4) ўралган товар тасвирини юкланг.

Ташқи ва ташиш учун ўрамлар ҳам худди шундай тартибда шакллантирилади.

5) Жараённи якунлаш учун «Ўрамни шакллантириш» тугмачасини босинг.

Бу ердаги ва бу ердаги манбага қаранг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.


ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /uz/publish/doc/text186801_tovar_qopga_solib_berilgani_ehfda_qanday_kursatiladi