Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай қилиб комитент воситачининг ёрдамисиз чекни тузатиши мумкин
ДСҚ комитентларга онлайн-НКТ чекларига тузатиш киритишнинг техник имкониятини синов режимида тақдим этди. Бу қандай ишлашини, “Норма” ва buxgalter.uz учун махсус “Yangi texnologiyalar” ИАМ онлайн-НКТ бўлими бошлиғи Шерзод ТЕШЕБАЕВ батафсил гапириб берди:
– Илгари, агар чекдаги маълумотларни тузатиш керак бўлса, буни фақат онлайн назорат-касса машинаси чек берган тадбиркорлик субъекти амалга ошириши мумкин бўлган. Ва гап воситачилик шартномаси бўйича реализация қилинган товар тўғрисида борганда, комитент бу борада воситачидан илтимос қилишга мажбур бўларди. Амалиётда бу талай муаммолар туғдирарди.
Энди комитентлар чекни шакллантиришда йўл қўйилган хатоларни ўзлари тузатишлари мумкин.
Эътибор беринг: мазкур функционалдан фойдаланиш учун комитент воситачилик шартномасини my.soliq.uzдаги шахсий кабинетда “Ташкилотнинг воситачилари рўйхатини шакллантириш” интерактив хизмати ёрдамида рўйхатдан ўтказиши керак.
Шартнома рўйхатдан ўтказилганлигига ишонч ҳосил қилганингиздан кейин, тузатиш киритишга киришишингиз мумкин:
1. ЭРИ калити ёрдамида my3.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетга киринг.
2. “Барча хизматлар” иловасининг “Электрон ҳужжат айланиши” бўлимида “Юридик шахсларнинг онлайн назорат-касса техникаси тўғрисида ахборот” интерактив хизматини танланг.
3. “Воситачилар чеклари” иловасини танланг ва фильтрда сизга керакли чекни қидириш шартларини кўрсатинг:
- унинг ёрдамида чек шакллантирилган онлайн-НКТ тури (онлайн-НКМ, виртуал касса ёки маркетплейс);
- тўлов тури. Бизни сотиш чеклари қизиқтиради, сабаби айнан уларнинг маълумотлари тўғридан-тўғри ҳисоботларда акс эттирилади.
Тузатувчи чек урилган кассанинг фискал модули рақамини танланг.
Агар сиз чек урилган вақт оралиғини билсангиз, уни кўрсатинг, билмасангиз – керак эмас, дарҳол “Қидириш” тугмасига босинг. Шундан сўнг сўров сатридан пастроқда танланган давр учун танланган фискал модули бўйича ўзингизнинг барча чекларингизни кўрасиз.
4. Тузатиш киритмоқчи бўлган чекни топинг ва унинг ўнг қуйи бурчагидаги “Батафсил” тугмасига босинг.
5. Маълумотлар билан очилган чекда унинг барча маълумотлари остида “Чекка тузатиш киритиш” тугмаси бўлади. Унга босинг, сизнинг олдингизда чекнинг маълумотларига ўзгартириш киритиш учун шакл очилади.
6. Керакли тузатишларни киритинг. Сиз товарнинг қиймати ва унинг сони, ҚҚС суммаси, тақдим этилган чегирмалар, нақд/терминал бўйича тўланган суммалар, МХИКга ўзгартириш киритишингиз мумкин. Сўнгра фирма бланкасидаги, муҳр ва раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланган тушунтириш хатини бириктиринг.
Нотўғри МХИК ўрнига сиз киритаётган МХИК сизда tasnif.soliq.uzда танланганлар жумласида бўлиши керак.
7. CAPTCHA текшириш кодини киритинг ва “Сақлаш” тугмасига босинг
Сиз томондан берилган маълумотлар ДСҚ томонидан кўриб чиқилади ва маъқулланади, ҳисоботлардаги маълумотларга бир сутка давомида тузатиш киритилади. Жараённи жадаллаштириш учун my.soliq.uzдаги шахсий кабинетнинг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизматининг “Тушумлар бўйича маълумот” иловасининг “Янгилаш” тугмасидан фойдаланишингиз мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади