Онлайн-НКТ чекларида товар гуруҳини кўрсатиш мумкинми

preview

“Ташкилот озиқ-овқат маҳсулотларини чакана реализация қилади, ходимларнинг штати – катта эмас, ҳар бир ходим жуда банд. “Корзинка”даги каби харидга киритилган товарларнинг тўлиқ рўйхати билан чекларни расмийлаштиришнинг имконияти йўқ. Ушбу вазиятдан чиқиш йўли сифатида, ТХКМда бизга чекда “озиқ-овқат маҳсулотлари”ни ва қайсидир товарга битта МХИКни кўрсатишни тавсия қилишди. Шундай қилиш мумкинми?”.

Ишга бундай ёндашув нимага сабаб бўлиши ҳақида “Норма” ва buxgalter.uz илтимосига биноан “RIG” МЧЖ директори Рустам ЁҚУБОВ гапириб берди:

 

– Агар бундай маслаҳатга амал қилсангиз, харидор кешбэк олади албатта. Аммо сотувчи бунда қонун ҳужжатларини бузади ва жавобгарликка тортилиши мумкин.

Чекларда албатта товарнинг номи ва унга МХИКни кўрсатиш лозим . “Озиқ-овқат маҳсулотлари” эса – бу товарнинг номи эмас, балки товарларнинг гуруҳи.

 

Чекда товарни қандай тўғри белгилаш мумкин

Товарнинг номини шундай кўрсатингки, у бўйича товарни сизнинг ассортиментингиздаги бошқа маҳсулотлар орасида осон идентификация қилиш мумкин бўлсин .

Чекларда ҳануз бундай хатолар учрамоқда:

  • товарларнинг номи ўрнига товарларнинг гуруҳи кўрсатилган;
  • бир нечта товарларни харид қилишда чекда бутун харид қиймати билан фақат битта товар кўрсатилган;
  • харидга киритилмаган товарлар кўрсатилган.

Назорат қилувчи органлар нуқтаи назаридан барча ушбу мисоллар катта эҳтимол билан СКнинг 223-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар ҳақида далолат қилади:

1) ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги;

2) расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва реализация қилиш;

3) товарлар (хизматлар) реализация қилинганлигидан далолат берувчи ҳужжатларни алмаштириш, сохталаштириш ёки йўқ қилиш;

4) қалбаки бирламчи бухгалтерия ҳужжатларидан фойдаланиш.

Бундай ҳолатлар солиқ текширувини тайинлаш учун асос бўлиши мумкин. Агар ҳуқуқбузарликлар тасдиқланса, камида, тадбиркорлик субъекти яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима олади . Бундан ташқари, солиқ базаси яширилганлиги учун МЖТКнинг 174-моддаси ва ЖКнинг 184-моддаси бўйича жавобгарлик назарда тутилган.

Агар харидор бир вақтнинг ўзида бир нечта товар ва хизматларни харид қилса, чекда уларнинг ҳар бирини алоҳида ёзинг.

Мисол учун, мижоз қуйидагиларни харид қилди:

  • ёғлилиги 3%ли “Lactel” сути, тетра пак қадоғида, ҳажми 1 л;
  • 1 кг сокум мол гўшти;
  • ёғлилиги 15%ли “Доброе деревенское утро” сметанаси, стаканли идишда 400 г.

Онлайн-НКТ чекида бу шундай тарзда ёзилиши мумкин:

  • “Lactel” сути 3%, tetra, 1 л;
  • “Доброе утро” сметанаси 15%, 400 гр;
  •  г. сокум, оғирлиги.

МХИКни tasnif.soliq.uz сайти функционали ёрдамида танланг.  Буни анча олдин – товарни харид қилишга ЭҲФни имзолашда амалга ошириш лозим. Ҳисобварақ-фактурани унда МХИК tasnif.soliq.uzнинг жорий версиясига мувофиқ келтирилмагунча имзоламанг. Кейин эса МХИКни ЭҲФдан онлайн-НКТга ўтказинг.

Ёдда тутинг, ЭҲФда ёки касса чекларида олинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига ёхуд фаолиятнинг турига мувофиқ бўлмаган МХИК акс эттирилганлиги ЭҲФда ёки касса чекида кўрсатилган реализация қилинган товарлар (хизматлар) қийматининг 1%и миқдорида жаримага сабаб бўлади .

Кассада товарлар билан ишлашни мақбуллаштириш ва вақт харажатларини максимал қисқартириш учун кассангизнинг ДТ ёрдамида сизнинг ассортиментингизга кирадиган барча товарлар рўйхатини шакллантиришни тавсия қиламан. Дастур чекда акс эттириш учун зарур бўладиган товар тўғрисидаги барча ахборотни йиғишга ёрдам беради. Албатта ўз компьютерингизда рўйхатнинг сақланган нусхасига эга бўлинг.

Агар ассортимент янги товарлар билан тўлдирилса ёки аксинча, ундан қандайдир товарлар чиқарилса, бундай товарлар рўйхатига заруратга қараб тузатиш киритиш мумкин.

Чекни расмийлаштиришда товарлардаги штрих кодлардан ва 2D-сканерлардан фаол фойдаланинг. Бу чекларни шакллантириш бўйича ишларни кўп марта жадаллаштириш ва осонлаштиришга ёрдам беради.

Буларнинг ҳаммаси нафақат сизни эҳтимолий жарималардан ҳимоя қилади, балки чиқимларни қисқартиришга ёрдам беради. Агар чекларда товарлар аниқ кўрсатилган бўлса, сиз уларнинг ҳар бири бўйича сотувлар тўғрисида бепул таҳлилий ахборот оласиз. Бунинг учун my.soliq.uzда “Онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга доир ахборот” интерактив хизмати ёки my3.soliq.uzда “Онлайн назорат-касса техникасига доир ахборот” интерактив хизматидан фойдаланинг. Аниқ ҳисобга олиш савдо шохобчаси ишини максимал равишда мақбуллаштириш имконини беради.

Эътибор беринг

Агар сиз онлайн-НКМ ёки виртуал касса билан ишлайдиган бўлсангиз ёки сиз ушбу техника билан ишлаётган бўлсангиз ва сизда ҳозир саволлар мавжуд бўлса – сизни  2023 йил 25 март куни соат 10:00 да “Онлайн-НКТ чекларига давлат талаблари: уларни қандай бажариш керак” вебинарига таклиф қиламиз.

Бу ерда ёзилиш мумкин.

Вебинарда биз қуйидагиларни батафсил кўриб чиқамиз:

  • онлайн-НКТ қандай кўринишга эга бўлиш керак – электрон шаклда ва қоғозга чоп этилган ҳолда;
  • чекда қандай маълумотни мажбурий равишда акс эттириш лозим ва нимани сотувчи ихтиёрига кўра кўрсатиш мумкин;
  • сотувчи ва онлайн-НКТ тўғрисидаги маълумот нимани ўз ичига олади;
  • чекда воситачилик шартномаси бўйича реализация қилинадиган товарлар қандай акс эттирилади;
  • харид тўғрисидаги умумий маълумот – ҚҚС суммаси, харид қиймати, тўлов тури ва шакли қандай акс эттирилади;
  • қандай реквизитлар чекни ноёб ҳужжатга айлантиради.

Шунингдек, сизни   “Чекда реализация қилинган товар тўғрисидаги маълумот қандай акс эттирилади” мавзусидаги амалий машғулот кутади. Бу ерда биз товар тўғрисида ёзувни шакллантиришнинг барча босқичларидан ўтамиз ва юзага келадиган барча саволларга жавоб берамиз.

Амалий машғулотда иштирок этиш учун дастлабки тайёргарликдан ўтиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун “Онлайн-НКТда товарлар билан қандай ишлаш керак” вебинари ёзувини кўринг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади