Бухгалтер чет элликнинг масофадан туриб ишлаши ҳақида нималарни билиши керак

preview

Корхона чет эл фуқаросини масофадан туриб ишлашга қабул қилишни режалаштирмоқда. У Ўзбекистондан ташқарида ишлайди.

Қандай қилиб чет элликни ишга қабул қилишни расмийлаштириш, иш ҳақи тўлаш ва унинг даромадларига солиқ солишни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси, “Assistance In Tax” СМТ директори Радмила КАРИМОВА тушунтирди:

 

Масофадан туриб ишлашни расмийлаштириш

Масофадан туриб ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари Меҳнат кодексининг 452-464-моддаларида белгиланган.

Масофадан туриб ишловчи ходимларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиши татбиқ этилади.

Масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси ва унинг шартларининг ўзгариши тўғрисидаги келишувларни умумий тартибда ёки электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали тузинг.

Ходимни масофадан туриб ишлашга қабул қилиш ёки ўтказишни тузилган меҳнат шартномаси асосида буйруқ билан расмийлаштиринг.

Агар чет эллик мутахассис хорижда туриб масофавий (онлайн) шаклда ишласа, у Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олиши шарт эмас .

 

Иш ҳақи тўланиши

Иш ҳақи миллий валюта – сўмда тўланади . Иш ҳақини чет эл валютасида тўлаш Ўзбекистон ҳудудида рухсат этилган ҳисоб-китоблар рўйхатига кирмайди .

Шу боис иш ҳақини миллий валютада тўланг, бундан чет эл валютасида тўловни амалга ошириш тўғридан-тўғри қонунчилик ҳужжатларида рухсат этилган ҳоллар мустасно. Мисол учун, “LG CNS Uzbekistan” ҚКга ишга жалб қилинган чет эл жисмоний шахслари иш ҳақини чет элда очилган ҳисобварақларига чет эл валютасини ўтказган ҳолда олиш ҳуқуқига эгадирлар .

Ходим унинг пластик картасига ўтказиладиган миллий валютадаги иш ҳақи суммасини чет эл валютасидаги банк картасини очган ҳолда мустақил равишда конвертация қилиши мумкин.

 

Чет элликнинг даромадларига солиқ солиш

ЖШДС

Норезидентнинг меҳнат шартномалари бўйича олинган даромадларига солиқ имтиёзлари қўлланилмаган ҳолда 12% ставка бўйича ЖШДС солинади .

Чет эл фуқароларининг даромадларига Ўзбекистоннинг иккиёқлама солиқ солишни олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномаларининг қоидалари қўлланилиши мумкин.

Эътибор беринг
Технопарк резидентлари билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича ходимлар томонидан 2028 йил 1 январгача олинган даромадларга ЖШДСнинг 7,5% ставкаси қўлланилади .

 

ШЖБПҲ

ШЖБПҲга бадаллар фақат Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, яъни яшаш гувоҳномаси (ID-картаси)га эга шахсларнинг даромадларидан амалга оширилади . Ушбу шахслар Ўзбекистоннинг фуқаролари билан тенг равишда жамғариб бориладиган пенсия таъминоти олиш ҳуқуқига эга .

 

Ижтимоий солиқ

Иш берувчининг чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳнатига ҳақ тўлашга доир харажатларига ижтимоий солиқ солинади .

 

 

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /uz/publish/doc/text190485_buhgalter_chet_ellikning_masofadan_turib_ishlashi_haqida_nimalarni_bilishi_kerak