Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Кассада олдиндан тўлов қандай расмийлаштирилади
“ҚҚС тўловчи бўлган ташкилот электротехника товарларини улгуржи ва чакана реализация қилади. Касса аппарати мавжуд. Айрим ҳолларда буюртмаолди қабул қиламиз, бунда мижоздан олдиндан тўловни қабул қиламиз. Тўлиқ ҳисоб-китобни эса мижозга товарни бериш чоғида амалга оширамиз. Йирик суммадаги буюртмаларда мижозга олдиндан тўловни бир ой давомида бир неча қисмларга бўлиб тўлаш имконини берамиз.
Солиқ органи ушбу жиҳатни касса юритиш қоидаларини бузиш деб ҳисобламаслиги учун бундай вазиятларда қандай йўл тутиш лозим. Сабаби ҚҚС бўйича ҳисоботда банк бўйича тушум онлайн-НКМ маълумотларига мос келмаяпти?”
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг Сайёр солиқ текширувлари бошқармаси бошлиғи Неъматжон РАҲМОНОВ тушунтирди:
– Товарлар жўнатилган (берилган) сана товарларни реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган санадир . Шу нормадан келиб чиқиб, ҚҚС ҳисоб-китобларига фақат товарни харидорга бериш пайтида ёки хизматларни бажариш факти бўйича берилиши керак бўлган “Сотиш” тўлов турига эга чекларнинг фискал маълумотлари келиб тушади.
Олдиндан тўловни қабул қилиш чоғида “Бўнак/Олдиндан тўлов” тўлов турига эга чек бериш керак. Бўлиб-бўлиб тўлашни сўндириш ҳисобига тўловни қабул қилиш чоғида “Кредит/Бўлиб-бўлиб тўлаш” тўлов турига эга чек бериш лозим. Ушбу чеклар бўйича суммалар солиқ ҳисоботида акс эттирилмайди, бундай чекларни солиқ тўловчи кабинетининг интерактив хизмати махсус иловасида кузатиб бориш мумкин.
Олдиндан тўлов ёки бўлиб-бўлиб тўлаш билан ҳисоб-китоб қилишда “Сотиш” чекларида – тўлов суммаси сифатида мижоз томонидан шартнома бўйича тўланган (тўланадиган) тўлиқ суммани кўрсатиш лозим. Яъни у “Бўнак/Олдиндан тўлов” ва “Кредит/Бўлиб-бўлиб тўлаш” чеклари бўйича ўтказилган суммаларни ўз ичига олиши керак.
Мижоз якка тартибдаги дизайн билан чироқ ёқиш мосламаларини буюртма қилмоқда. Шартномага асосан у буюртма қийматининг 50 фоизини олдиндан тўлов билан тўлаши керак. Буюртманинг умумий қиймати – 2 млн сўм.
Буюртмани қабул қилиш чоғида сотувчи мижозга 1 млн сўмга “Бўнак/Олдиндан тўлов” тўлов турига эга чек беради. Чироқ ёқиш мосламаларини харидорга бериш пайтида якуний ҳисоб-китобда сотувчи 2 млн сўмга “Сотиш” тўлов турига эга чек беради.
Битта шартнома бўйича бўнак тўловлари бир нечта бўлиши мумкин.
Сизнинг вазиятингизда барча олдиндан тўловлар “Бўнак/Олдиндан тўлов” тўлов турига эга чек билан, мижозга ҳақиқатда товарни бериш пайтида эса шартномага асосан суммага бўнак тўловларининг барча суммаларини ўз ичига олган “Сотиш” тўлов турига эга чек билан расмийлаштирилади.
Маркетплейсда олдиндан тўловни расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида қуйидаги тавсияда ўқинг: