Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Бухгалтерия ва солиқ ҳисоби ҳужжатларини неча йил сақлаш керак
2024 йил 1 январдан бошлаб 28.12.2023 йилдаги ЎРҚ-891-сон Қонунга мувофиқ солиқ низолари бўйича даъво муддатлари ва айрим ҳужжатларни сақлаш муддатлари ўзгартирилди. Улар 5 йилдан 3 йилгача қисқартирилди . Бироқ бу барча бухгалтерия ва солиқ ҳисоби ҳужжатлари фақат 3 йил давомида сақланиши кераклигини англатмайди – баъзилари 10 йилдан кўпроқ сақланиши керак бўлади.
Buxgalter.uz солиқ тўловчилар ўртасидаги низоли вазиятларни ҳал қилишда катта тажрибага эга мутахассислардан тушунтириш сўраб, мурожаат қилди. Улар ҳужжатлардан халос бўлишга шошилишнинг ҳожати йўқлиги, бу масалага обдан ўйлаб ёндашиш зарурлиги борасидаги фикрда якдил.
❖
Янгиликларни ўқинг: солиқлар бўйича даъво муддати 3 йилгача қисқартирилди.
Иродахон Аббосхонова, солиқ маслаҳатчиси:
– Солиқ кодексининг 88-моддасида белгиланган 3 йиллик даъво муддати – бу барча бухгалтерия ва солиқ ҳисоби ҳужжатлари сақланиши керак бўлган минимумдир. Баъзилар узоқроқ сақлашни талаб қилади. Улар ҳақида Солиқ кодексининг 84-моддаси 2-қисмида гап боради.
Мисол учун, Солиқ кодексининг 270-моддаси «Асосий воситаларнинг айрим объектлари, кўчмас мулк объектлари ва номоддий активлар бўйича ҳисобга олиш учун қабул қилинган солиқ суммаларига тузатиш киритиш». Унда ҳисобга олинган ҚҚС объектлардан келгусида фойдаланилган тақдирда тузатиш киритилиши лозим бўлган вазиятлар рўйхати назарда тутилган, бундан тўлиқ амортизация қилинган ёки
эксплуатацияга туширилган пайтидан эътиборан ўн йилдан ортиқ вақт ўтган объектлар мустасно. Бу ушбу қоидани қўллаш билан боғлиқ барча ҳужжатлар кўрсатилган шартларнинг амал қилиш муддати тугайдиган йилдан кейин келадиган 10 йилга қўшимча яна 3 йил сақланиши кераклигини англатади. Жами бу ҳужжатлар камида 13 йил сақланиши керак.
Яна бир мисол – «Амортизация харажатлари» . Ушбу модда ва Солиқ кодексининг 84-моддаси қоидаларини ҳисобга олган ҳолда ҳужжатлар активнинг бутун амортизация муддати давомида у чиқиб кетишидан олдин ва ундан кейин 3 йил давомида сақланиши керак.
Ҳар бир ҳужжатга нисбатан қарор қабул қилишда қуйидагиларни белгилаш керак:
- қонунчиликда белгиланган сақлаш муддатлари;
- ушбу ҳужжатнинг сақланиши қонунчиликда белгиланган муддатдан қанчалик узоқроқ бўлса, сиз учун долзарб.
Қонунчиликда белгиланган муддатлардан узоқроқ сақланадиган ҳужжат муҳокама давомида талаб қилиниши даргумон, аммо у сиз томондан бирламчи маълумот манбаи сифатида талабгир бўлиши мумкин.
Светлана ГОЛОСОВА, «TRI-S-Audit» аудиторлик компанияси директори:
– Ҳозир қонуности ҳужжатлари нормалари Солиқ кодекси нормаларига мослаштирилмаганлиги сабабли кўплаб саволлар юзага келмоқда.
Мисол учун, солиқ солинадиган даромадлар ва товар операциялари регистрларини сақлаш муддатлари Солиқ кодекси ва 22.11.2021 йилдаги 707-сон ВМнинг «Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёлланган ходимларни Давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш ҳамда солиқ солинадиган даромадлар ва чегириладиган харажатлар ҳисобини юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тартибга солинади.
Солиқ кодексининг 359-моддасида шундай дейилган: солиқ солинадиган даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари якка тартибдаги тадбиркорда охирги ёзув киритилган пайтдан эътиборан уч йил мобайнида сақланади, 22.11.2021 йилдаги 707-сон ВМҚга 2-илова 5-банд эса ушбу ҳужжатларни охирги ёзув киритилган пайтдан эътиборан беш йил сақланишини назарда тутади.
Агар масалага расман ёндашадиган бўлсак, унда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Солиқ кодексининг нормаларига риоя қилиш керак бўлади, яъни ушбу ҳужжатларни қўрқмасдан фақат 3 йил сақлаш мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг қарори вақт ўтиши билан Солиқ кодекси нормаларига мувофиқлаштирилади. Бу иш ҳозирча амалга ошмаётганини эса Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилганидан бери кўп вақт ўтмагани билан изоҳлаш мумкин.
Бироқ, амалиётдан келиб чиқиб 3 йил ўтиб ҳам, 5 йилдан кейин ҳам бирламчи ҳужжатлар ва регистрлардан халос бўлишни маслаҳат бермайман, балки уларни имкон борича сақлашни тавсия қиламан. Қонуний сақлаш муддати якунланганлиги ва даъво муддати тугаганлиги сабабли ҳужжатлар йўқ қилинган ҳолатларга бир неча бор дуч келганман. Аммо солиқ тўловчининг тўғрилигини исботлаш учун ушбу ҳужжатлар зарур бўлган, Солиқ, Фуқаролик кодекслари ва бошқа қоидаларда назарда тутилган ҳолатлар юзага келади. Солиқ тўловчи эса ўз позициясини ҳимоя қила олмаган.
Бундан ташқари, эътибор беринг, баъзи ҳужжатларга нисбатан Солиқ кодексининг 84-моддаси 2-қисмида сақлаш муддати 3 йилдан ортиқ қилиб белгиланган.
Гулнора ЭРГАШЕВА, солиқ маслаҳатчиси:
– Ҳа, даъво ва баъзи ҳужжатларни сақлаш муддати 5 йилдан 3 йилгача қисқартирилди. Бунда Солиқ кодексининг 88-моддасида шундай ёзилган: СК 84-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда даъво қилиш муддати солиқ тўғрисидаги қонунчиликка кўра солиқ тўловчи томонидан солиқ ставкаси, тўланадиган солиқ миқдори, солиқ имтиёзи ёки солиқ чегирмаси қўлланилиши ва (ёки) солиқни тўлаш муддати ўзгариши билан боғлиқ шартларнинг амал қилиш муддатига узайтирилади.
Солиқ кодексининг 84-моддаси солиқ ҳисоботларини сақлаш муддатларига бағишланган. Унда ёзилишича, «Агар солиқ тўғрисидаги қонунчиликка кўра солиқ тўловчи томонидан солиқ ставкаси, тўланадиган солиқ миқдори, солиқ имтиёзи ёки солиқ чегирмаси қўлланилиши ва (ёки) солиқни тўлаш муддати ўзгариши билан боғлиқ шартларнинг амал қилиш муддатига узайтирилса, у ҳолда ушбу солиқ тўловчи барча тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатилган шартларнинг амал қилиши тугайдиган йилдан кейин келадиган йилдан эътиборан камида уч йил сақлаши керак. Бундай тасдиқловчи ҳужжатларга хусусан ушбу солиқ ҳисоботи, унга илова қилинадигна ҳужжатлар, шунингдек кўрсатилган шарт ва мажбуриятларга риоя қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар». Ушбу қоидалар кўрсатилган шартлар ёки мажбуриятлар вақтинчалик тусга эга бўлса ва Солиқ кодексининг 84-моддасида кўрсатилганидек, уларга риоя қилишнинг ҳужжатли тасдиғи талаб қилинган ҳолда қўлланилади.
Тадбиркорлар 10.11.2022 йилдаги ПҚ-419-сон қарорга таяниб ҳужжатларни сақлаш бўйича барча мажбуриятлар бекор қилинганлигини тасдиқлашмоқда. Президентнинг ушбу Қарори компаниялар ва бошқа ташкилотларнинг ходимларнинг 2022 йил 1 январдан кейин ҳисобланган иш ҳақи ва солиқлар бўйича архив ҳужжатларини сақлаш мажбуриятини бекор қилади. Ҳужжат, шунингдек юридик шахсларни 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат солиқ хизматлари ва статистика органларига электрон шаклда тақдим этган молиявий, солиқ ва статистик ҳисоботларни сақлаш ва архивга ўтказиш мажбуриятидан озод қилади. Бу қарорда якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқ солинадиган даромадлари ва товар операциялари регистрлари ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.
Шундай қилиб, 3 йилдан кейин солиқ солинадиган даромадлар ва товар операцияларининг дастлабки ҳужжатлари ва регистрларини ташлаб юбориш ёки сақлаш якка тартибдаги тадбиркорга боғлиқ. Агар Солиқ кодексининг 84 ва 88-моддаларида, Жиноят кодексида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлса, буни қилишни қатъиян тавсия этмайман, чунки бу регистрлар ҳали сизга далил манбаи сифатида керак бўлиши мумкин.
Агар тадбиркорлик субъекти тугатилаётган бўлса, ҳужжатнинг қонуний сақлаш муддати (3 йил) тугамаган бўлса, бирламчи ҳужжатларни мажбурий тартибда архивга топшириш шарт. Бошқа барча ҳолатларда ҳужжатлар корхонада ёки уни қабул қилувчида сақланиши керак.
Рустам Собиров, солиқ маслаҳатчиси:
– Солиқ кодексидаги даъво муддатини ўзгартириш – бу қонунчиликни бир хиллаштириш йўлидаги қадамдир. Эътибор беринг: Фуқаролик кодексида ҳам даъво муддати тушунчаси мавжуд ва у ҳам 3 йилни ташкил қилади.
Бунда Солиқ кодексининг 88-моддаси ва Фуқаролик кодексининг 159-моддасида даъво муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилиш шартлари назарда тутилган. Бундай қарорни қабул қилишда ҳар доим иштирокчиларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш заруриятидан келиб чиқадилар.
Яна бир муҳим жиҳат. Солиқ кодексининг 88-моддаси нормалари Фуқаролик кодексининг 12-боби билан чамбарчас боғлиқ. Унда шундай дейилган: «солиқ мажбурияти бўйича даво муддатининг кечиши Фуқаролик қонунчилигига мувофиқ тўхтатиб турилади, узилади ва тикланади».
Солиқ ва бухгалтерия ҳисобининг бирламчи ҳужжатлари солиқларни ҳисоблаш ва имтиёзларни қўллашнинг тўғрилиги билан бевосита боғлиқлигини ҳисобга олсак, қонунчиликда белгиланган сақлаш муддати тугаганидан кейин ҳам ҳужжатларни йўқ қилишга шошилишнинг ҳожати йўқ. Сиз солиқларни ҳисоблаш ва имтиёзларни қўллашнинг қонунийлиги билан боғлиқ даъволарга дуч келишингиз мумкин. Позициянгизни асослаш учун сизга ушбу ҳужжатлар керак бўлиши мумкин. Гарчи, албатта, бундай ҳолатларнинг даъво муддати ва ҳужжатларни сақлаш муддати тугаганидан кейин юзага келиши эҳтимоли сезиларли даражада камаяди. Лекин улар содир бўлиши мумкин. Бу ҳолат учун сизда, хусусан, бирламчи бухгалтерия ва солиқ ҳисоби ҳужжатларидан иборат бўлган зарур далиллар базаси бўлиши керак.
Buxgalter PROда бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш бўйича амалий тавсиялар Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архиви ва Тошкент шаҳар Архив иши бошқармаси мутахассислари ёрдамида ишлаб чиқилди.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади