Санаторий хизматларига ҚҚС солинадими

preview

“Санаторий тиббий ва туристик хизматлар билан шуғулланади, иккала фаолият тури учун лицензияга эга. Санаторий фаолияти учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Тиббиёт фаолияти учун лицензия” берилган бўлиб, унда бир қатор тиббий хизматларни амалга оширишга рухсат берилган. Туристик фаолиятдан ҚҚС тўланади, санаторий фаолияти бўйича СКнинг 243-моддаси 1-қисми 14-бандига биноан ҚҚС бўйича имтиёз қўлланилади.

СКнинг 243-моддаси 1-қисми 14-бандига биноан санаторий учун берилган тиббиёт фаолияти учун лицензия билан ҚҚС бўйича имтиёзнинг қўлланилиши ўринлими?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб берди:

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

– Тиббий хизматларни реализация қилиш бўйича айланма 2024 йил 1 апрелга қадар ҚҚСдан озод қилинган . Тиббий хизматларга, хусусан, қуйидагилар киради :

  • тиббий ёрдамга ва санитария хизмати кўрсатишга доир хизматлар;
  • ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш бўйича хизматлар;
  • стоматологик хизматлар, шу жумладан тишларни протезлаш бўйича хизматлар.

ҚҚСдан озод қилишни қўллаш учун мажбурий шарт – тиббий хизматлар кўрсатиш учун тегишли лицензияларнинг мавжудлиги .

Санаторий-курорт ва соғломлаштириш хизматларини реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод қилинган. Бундай хизматлар жумласига санаторийлар, шифохоналар, профилакторийлар, курортлар, пансионатлар, дам олиш уйлари ва зоналари, болалар дам олиш оромгоҳлари ҳамда бошқа дам олиш ташкилотлари томонидан уларнинг асосий фаолияти доирасида кўрсатиладиган хизматлар киради. Хизматлар юридик шахслар ёки уларнинг таркибий бўлинмалари томонидан кўрсатилишидан қатъи назар, озод қилиш амал қилади. Бунда хизматлар йўлланмалар ёки жойсиз даволаниш учун бериладиган ҳужжатлар билан расмийлаштирилади .

Бинобарин, агар корхонангиз асосий фаолияти доирасида қиймати йўлланма ёки жойсиз даволаниш учун бериладиган ҳужжат қийматига кирадиган санаторий-курорт ва соғломлаштириш хизматларини кўрсатса, сиз уларга нисбатан СКнинг 243-моддаси 1-қисми 14-бандига асосан ҚҚС бўйича имтиёзни қўллашга ҳақлисиз.

Агар корхонангиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги лицензиясига асосан йўлланмада (жойсиз даволаниш учун бериладиган ҳужжатда) назарда тутилмаган қўшимча тиббий  хизматлар кўрсатса, шунингдек аҳоли ва юридик шахсларга айрим пулли тиббий хизматлар кўрсатса, бундай хизматлар бўйича айланмага 2024 йил 1 апрелдан бошлаб ҚҚС солинади.

 

 

 

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text199709_sanatoriy_hizmatlariga_qqs_solinadimi