Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ЭТТЮХни расмийлаштиришда саволлар туғилса, нима қилиш керак
Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар билан учрашувда Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ЭТТЮХ бўйича бир нечта муҳим баёнотлар берди. Хусусан, у электрон товар-транспорт юк хатларини нотўғри ёки белгиланган даражада расмийлаштирмаганлик учун жарималар қўлланилмаслигини, Солиқ қўмитаси эса ТТЮни электрон ҳисоб-фактуралар билан бирлаштириш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди.
Шу билан бирга, солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВАнинг фикрича, ЭТТЮХ тизимини янада ривожлантириш ташкилий-ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишни талаб этади. Акс ҳолда баҳсли ва низоли вазиятлардан қочиб бўлмайди. Buxgalter.uz унинг бу масаладаги позицияси ва таклифлари билан танишишни таклиф қилади:
Мутахассиснинг муҳим тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Тадбиркорлар билан учрашувда солиқчилар яна бир қизиқарли фактни маълум қилдилар: ТТЮ - янги ҳужжат эмас, у собиқ Иттифоқ даврларидан бери мавжуд. Ўзбекистоннинг мустақил ривожланиш даврида уни ҳеч ким бекор қилмаган. Аммо шуни тушуниш керакки, 21.12.2023 йилдаги ВМҚ-673-сонли қарор қабул қилинишидан олдинги ва кейинги товар-транспорт юк хати - бу икки хил нарса ва буни Солиқ қўмитаси вакиллари эътибордан четда қолдиришмоқда.
ВМҚ-673-сонли қарор қабул қилингунга қадар ТТЮ фақат асосий фаолияти юк ташиш бўлган компаниялар томонидан мажбурий тартибда расмийлаштириладиган ҳужжат эди. Юк ташиш билан шуғулланувчи компаниялар бу ҳужжатни доимо юк автомобиллари ва ташувчилар учун йўл варақалари, ТТЮларни тайёрлаш, ҳисобга олиш, тўлдириш ва қайта ишлаш бўйича Йўриқномага асосланиб расмийлаштиришган.
Бошқа тадбиркорлар учун ТТЮ мажбурий эмас эди. Шунинг учун ҳам улар ТТЮни расмийлаштиришмаган.
ВМҚ-673-сонли қарор қабул қилиниши билан товар-транспорт юк хатлари барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан ўз юкларини ўз машиналарида ташувчилар учун ҳам мажбурий ҳужжатга айланди. Шунингдек, энди ТТЮлар электрон шаклда расмийлаштирилади.
2024 йил 1 май ва 1 июлдан ЭТТЮХ расмийлаштириши шарт бўлган тадбиркорлик субъектлари рўйхатини кенгайтириш билан боғлиқ барча нарсалар 673-сонли Низомда унчалик аниқ ва тушунарли ёзилмаган. Худди шундай - ТТЮ мазмунига қўйиладиган бир қатор янги талабларда ҳам аниқлик йўқ. Агар бу бўшлиқлар ҳозир бартараф этилмаса, кейинчалик ҳал этилмаган масалалар ва баҳслар анча кўпаяди.
Аммо, энг асосий муаммо шундаки, 637-сонли Низом юк ташиш нима эканлигини аниқ тушуниш ва тасаввур қилиш имконини бермайди.
Агар Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг мавжуд тажрибасига мурожаат қилсак, юк ташиш - бу юк транспорти томонидан амалга ошириладиган ташишдир. Муҳокама қилинаётган Низомда бу тушунча ўзгартирилган, аммо аниқ ёзилмаган. Агар ЭТТЮХни расмийлаштириш функционалини очсак, у ерда юк машиналари билан бир қаторда енгил автотранспорт ҳам кўрсатилганини кўрамиз. Демак, қуйидаги масалаларни ҳал қилиш керак бўлади:
1) юк ташиш қайси транспортда амалга оширилиши мумкинлигини аниқ ёзиш;
2) ЭТТЮХни расмийлаштириш керак бўлган юкларнинг аниқ хусусиятларини бериш.
Агар етказиб бериш пиёда, велосипедда, скутерда, мотоциклда, жамоат транспортида, махсус техникада амалга оширилса, ЭТТЮХни қандай расмийлаштириш кераклиги ҳақида жуда кўп саволлар бўлган. Ҳозир буларнинг барчаси солиқчиларнинг бу ҳолларда ЭТТЮХни расмийлаштириш шарт эмаслигини тушунтириш доирасида ҳал қилинмоқда. Шуни 637-сонли Низомда ёзиш керак!
Низомда ЭТТЮХ товарни кирим қилиш ва ҳисобдан чиқариш, омбор ҳисобини юритиш учун асос бўлиши айтилган. Агар корхона бир нечта компьютер қисмларини сотиб олган бўлса ва уларни омбордан ходим ЭТТЮХни расмийлаштирмасдан қўлда олиб келган бўлса, мен уларни балансга ололмайман, сотувчи эса харажатни расмийлаштира олмайдими? Ахир бу ҳолда ҳисобда эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган анча катта суммалар ҳақида гап кетиши мумкин.
Ёки - бошқа вазият: икки корхона бир бинода жойлашган, бунда улардан бири иккинчисининг маҳсулотини сотиб олади. Бу ҳолда нима қилиш керак? ЭТТЮХни расмийлаштириш учун юк машинасини ёллаш керакми? Ва бундай вазиятлар жуда кўп.
Солиқчилар аллақачон ЭТТЮХ ва ЭҲФни "бирлаштириш" йўлидан бораётганларини, яъни ЭҲФ ЭТТЮХ маълумотлари асосида автоматик равишда шакллантириладиган тизим яратаётганларини айтишмоқда. Агар ЭТТЮХ бўлмаса, ЭҲФ ҳам бўлмайдими? Мен кирим, чиқимни расмийлаштира олмайманми?
Менимча, бундай ташишларни тақиқлаш нотўғри бўлади - бу тадбиркорларнинг имкониятларини кескин чеклайди. Бу вазиятлар учун аниқ бир маъноли қоидалар керак, акс ҳолда эртага оддий саволлардан ҳам каттароқ муаммолар бошланиши мумкин.
ЭТТЮХ шаклида дастлаб "қандай тўлдириш керак?" деган саволга "бу ҳозирча ишламаяпти", "тахминий қийматни қўйишингиз мумкин" ва шу каби жавоблар бериладиган бир нечта майдонлар бор эди. Бу - мутлақо нотўғри ёндашув. Агар шундай устун бўлса, демак, Низомда уни тўлдиришнинг аниқ қоидалари бўлиши керак. Акс ҳолда кўплаб саволлар пайдо бўлади...
ЭТТЮХда "Ташиш масофаси" устуни бор. Дастлаб бизга "тахминан тўлдиринг" дейишарди. Ҳозир кўплаб ЭҲА операторлари "А" нуқтадан "B" нуқтагача бўлган масофани автоматик ҳисоблайдиган функционални улашмоқда. Аммо бу технологиялар ЭТТЮХни расмийлаштириш босқичида йўлдаги вазиятни ҳисобга олмайди-ку! Агар ҳайдовчи автоматик белгиланган йўлдан четга чиқишга мажбур бўлса, авария, тирбандлик ва шу кабиларни айланиб ўтса нима қилиш керак? Ахир ҳужжат бўйича километраж - бир хил, амалда эса - бошқача бўлиб қоляпти-ку. Назорат органларида сарфланган ёқилғи-мойлаш материаллари бўйича мутлақо ўринли саволлар туғилади.
Худди шундай муаммоли бошқа устун - "Ташиш қиймати". Ҳозир, агар ташишни харидорнинг ўзи ёки сотувчи амалга оширса, "0" қўйиш мумкин. Агар юк ташувчини ёлласак, албатта ташиш қийматини кўрсатиш керак. Ташиш қиймати тижорат сири бўлган ҳолларда нима қилиш керак? Ташиш қийматини ҳисоблаш бўйича аниқ кўрсатмалар йўқ.
НҲҲни такомиллаштиришда амалиётда қўлланиладиган ечимларни бериш учун шаклланган амалиётни яна бир бор диққат билан ўрганиб чиқиш керак.
Масалан, агар товар халқ орасида юк олиш учун машиналар тўхтаб турадиган маълум бир нуқтагача етказиб берилса ва у ерда бошқа машинага ўтказилса, кўпинча - бошқа ҳудудда жойлашган манзил нуқтасигача юкни етказиб берадиган бўлса, ЭТТЮХни қандай расмийлаштириш кераклиги ҳақида кўп сўрашади? Солиқчилар бу ҳолда ҳар бир транспорт воситасига ЭТТЮХ расмийлаштириш кераклигини айтишмоқда. Буни амалда қандай амалга ошириш мумкин? Тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатлар ёзма шартномалар асосида қурилади. Агар юклар тўхташ жойларида бўш машинага қайта юкланса, юк хати қандай расмийлаштирилади? Яъни, юк жўнатувчи юкни ким олиб кетишини олдиндан билмайди. ЭТТЮХни расмийлаштириш учун интернетга уланган смартфон ёки компьютер керак. Машиналар тўхташ жойида интернет ёмон ишласа, нима қилиш керак?
ЭТТЮХ тўғрисидаги Низом қонунчиликнинг бошқа нормаларини бузмасдан ишлашга имкон берадиган қоидалар тўплами бўлиши керак. Чунки юк ташиш иштирокчиларида қарор қабул қилишда ҳеч нарсани эътибордан четда қолдирмаслик учун доим ҳам имконият ва етарли малака бўлавермайди.
Мана, масалан, хатолар ва муаммоларга олиб келадиган яна бир кенг тарқалган вазият.
Ўзини ўзи банд қилган шахс юк ташиш билан шуғулланиши мумкинми? 08.06.2020 йилдаги 4742-сонли ПҚ ва 07.07.2022 йилдаги 311-сонли ПҚга мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахс юк ташиш билан шуғуллана олмайди.
Ижарага олинган транспортда юк ташишни амалга ошириш учун E-ijara тизимида ижара шартномасини рўйхатдан ўтказиш етарли деб ҳисобланади. Аммо - йўқ! Юк транспорти ҳолатида бундай шартнома нотариал тасдиқланган бўлиши ҳам керак. Президентнинг 07.07.2022 йилдаги ПҚ-311-сонли қарорига мувофиқ, фақат юридик ва жисмоний шахслар ўртасида тузиладиган йўловчи транспортини ижарага олиш шартномаларигина нотариал тасдиқдан озод қилинган.
Шу билан бирга, бу нозик жиҳатларни Низомда ёзаётганда, нормаларни соддалаштириш, ортиқча чекловлар ва бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш мумкин.
Йўриқномада ЭТТЮХни расмийлаштириш қоидаларини бузганлар қандай жавобгарликка тортилиши аниқ ёзилиши керак. Бизга "Ҳозирча ҳеч кимни жаримага тортмаяпмиз" дейишмоқда. Аммо бу - ҳозирча! Амалдаги қонунчилик моҳиятидан келиб чиқиб, шу жумладан СКнинг 223-моддасига кўра эрта ёки кеч жарималар бошланади. Аммо бунинг учун ЭТТЮХ билан боғлиқ қоидабузарликларни аниқлаш қоидаларини ёзиш керак.
СКнинг 165-моддаси бу саволга жавоб бермайди. Бу ўзига хос мавзу... ЙҲХХ ходими автомобилни тўхтатди ва ЭТТЮХ билан боғлиқ қоидабузарликни аниқлади. У кейинчалик солиқчилар билан қандай муносабатда бўлиши керак? Ахир ҳозир қоидабузарликни қайд этиш учун солиқчилар кўп сонли қоидаларга риоя қилган ҳолда текширув учун маълум жойга чиқишлари керак. Юк тез бузиладиган, маълум вақтга етказиб берилиши керак бўлган шароитда, амалдаги қоидаларга риоя қилиш унинг эгаси учун катта зарарга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ЭТТЮХ расмийлаштириш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортишнинг оқилона ва амалий қоидаларини ишлаб чиқиш керак.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади