Фоизлар ва роялти (7-8-қисм)

preview

Трансферт нархлар нафақат солиқ солиш масалаларида, бухгалтерия ҳисоби ва бошқарув учун ҳам аҳамиятли ҳисобланади. MBA, ДипИФР, «SFAI Buxgalter-audit» МЧЖ Аудиторлик ташкилоти аудитори Иброҳим Аҳмадхонов Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) трансферт нархлар бўйича йўриқномасини қўллашга оид халқаро амалиётлар хусусида туркум мақоллар тайёрлаган. Бугун buxgalter.uz ўқувчилари учун мазкур туркумдаги мақолаларнинг 7-8-қисмини чоп этамиз.

 

ИҲТТ иккиёқлама келишувининг трансферт нархга алоқадор бўлган навбатдаги моддаси бу фоизлар  ва роялтига тегишли моддалардир.

Иккиёқлама келишув моделига кўра, одатда:

1. Фоиз тўловлари ялпи тўловдан 10% ставкада ушбу фоизни тўловчи давлатда (манба юзага келган давлатда) солиққа тортилиши (11-модда);

2. Роялти эса фақат уни олувчи давлатда солиққа тортилиши ва тўлов манбаида солиқ солинмаслиги белгиланган (12-модда).

Лекин, фоиз ва роялтини тўловчи ва олувчи ўртасида ўзаро алоқадорлик мавжуд бўлган тақдирда (бевосита ёки билвосита), юқоридаги моддалар қоидалари фақат ушбу томонлар мустақил томонлар бўлгандаги каби тарзда қўлланилади.

Масалан, А давлатда жойлашган АБВ ва Б давлатда жойлашган БВГ компаниялар битта бош компаниянинг шўъба компаниялари ҳисобланади. Демак, АБВ ва БВГ компаниялар ўртасида алоқадорлик мавжуд.

Ушбу компаниялар қарз шартномасини туздилар. Унга кўра, АБВ компания БВГ компанияга қарз учун 7% ставкада фоиз тўлайди. Бундан ташқари АБВ компания БВГ компанияга ўзининг сотувларидан 4% роялти ҳам тўлайди.

А ва Б давлат ўртасида ИҲТТ моделига мувофиқ тузилган иккиёқлама келишув мавжуд. Мазкур ҳолатда юқоридаги ҳолатга нисбатан ушбу келишувнинг 11 ва 12- моддалари қўлланилади. Лекин, бунда трансферт нархларни ҳисобга олиш керак.

А давлат солиқ органи АБВ ва БВГ компания ўртасидаги операциялар "Қўл узунлиги" тамойилига жавоб бермаслигини аниқлаган. Хусусан, тўланадиган 7%ли ставкадаги фоиз бозорда 4%дан ошмаслиги маълум бўлган (Яъни А давлатнинг ўзида шундай қарз 4% ставкада мавжуд бўлган). Шунинг учун юқоридаги келишувнинг 11-моддаси фақатгина тўланган фоизнинг 4%ли қисмига нисбатан қўлланилади. Бозордан ортиқча тўланган қисмига нисбатан умумий солиқ ставкаси қўлланилади (масалан, ЎзРда норезидентга бундай умумий ставка 20%ни ташкил қилади).  Қолаверса, А давлатдаги компаниянинг ўз фойда солиғини ҳисоблашда ҳам ушбу фоиз харажатларини чегириш мақсадларида чегараларни миллий солиқ қонунчилиги доирасида белгиланади (масалан, ЎзРда 310-модда талабларига кўра назорат қилинадиган қарзларни ўқиб чиқинг).

Худди шундай мантиқ роялтига ҳам қўлланилади. Яъни, 4%ли роялтининг бозордаги ставкаси айтайлик 2 фоиз бўлса, иккиёқлама келишувнинг 12-бандига мувофиқ солиқни Б давлатда тўлаш имконияти факат 2%га нисбатан белгиланади. Қолган қисми умумий солиқ ставкасига А давлатда тортилиши керак (масалан,  ЎзРда норезидентга бундай умумий ставка 20%ни ташкил қилади). Қолаверса, А давлатдаги компаниянинг ўз фойда солиғини ҳисоблашда ҳам ушбу фоиз харажатларини чегириш мақсадларида чегараларни миллий солиқ қонунчилиги доирасида белгиланади (масалан, ЎзРда СКда белгилганган трансферт нархлар бўйича қоидалар қўлланади).

ИҲТТ модели бўйича келишувдаги 11 ва 12-моддалар доирасидаги алоқадорлик тушунчаси "қариндошлик" ёки "турмуш ва оила" каби тарафларни ҳам ҳисобга олади.

 

Доимий муассасага нисбатан трансферт нархлар

ИҲТТ моделига мувофиқ бўлган иккиёқлама келишувнинг 7-моддаси бир давлатдаги компаниянинг бошқа бир давлатда ўз доимий муассасаси орқали фаолият юритганда қўлланадиган трансферт нархлар бўйича қоидаларни белгилайди. Мисол тариқасида, ЎзР ва Буюк Британия ўртасидаги иккиёқлама келишувнинг 7-моддаси келтирилади.

 

7-модда. Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда

1. Аҳдлашувчи Давлат корхонасининг фойдаси агар корхона Аҳдлашувчи бошқа бир давлатда жойлашган доимий муассаса орқали фаолият юритмаса, фақат шу давлатда солиққа тортилади. Агар корхона ўз фаолиятини юқорида айтилганидек амалга оширса, юқорида айтилгандек, корхона фойдасининг фақат доимий муассасага тегишли бўлган даромад 2-бандига мувофиқ бошқа Давлатда ҳам солиққа тортилиши мумкин.

2. Ушбу модданинг ва 22-модданинг мақсадлари учун, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлатда 1-бандида кўрсатилган доимий муассасага тегишли бўлган фойда, агар у бир хил ёки шунга ўхшаш шароитларда бир хил ёки шунга ўхшаш фаолиятни амалга оширишда, мулкка тегишли функцияларни ҳисобга олган ҳолда, корхонанинг доимий муассаса орқали ва корхонанинг бир қисми орқали юзага келадиган таваккалчиликларини ҳисобга олган ҳолда, алоҳида ва мустақил корхонага тегишли бўлса, корхонанинг бошқа қисмлари билан тузилган операциялардан олиниши кутилаётган фойда ҳисобланади.

3. Қачонки 2-бандга мувофиқ, Аҳдлашувчи Давлат Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг доимий муассасаси билан боғлиқ даромадларни ва шу корхонанинг ушбу бошқа Давлатда ҳисобланган фойдасига тегишли солиқларни аниқласа, бу бошқа Давлат, керак бўлганда, бу фойда учун икки марта солиқ солишдан қочади ва бу фойда учун ҳисобланган солиқ миқдорига тегишли тузатиш киритади. Бундай тузатишни белгилашда Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари керак бўлганда бир-бири билан маслаҳатлашадилар.

4. Агар фойда, мазкур Конвенциянинг бошқа моддаларида алоҳида айтиб ўтилган даромад элементларини қамраб оладиган бўлса, мазкур модданинг қоидалари ўша моддалар қоидаларига дахл қилмайди.

Мазкур модда бир компания ўз фаолиятини бошқа бир давлатда шўъба такшилот орқали эмас, балки доимий муассаса орқали амалга оширганда юзага келадиган солиқ оқибатларини тартибга солади. Доимий муассаса ташкилий ҳуқуқий шакл ҳисобланмайди ва унга юридик шахс мақоми ҳам берилмайди.

Мазкур модданинг мақсади доимий муассасага у юридик шахс бўлмаса ҳам, унга солиқ солиш мақсадларида алоҳида юридик шахс каби қараш имконини беради. Бу айнан "Қўл узунлиги" тамойилини бажарилишини таъминлаш мақсадида қилинган. Шунинг учун миллий солиқ қонунчиликлари ҳам доимий муассасанинг ўз фойдасидан у жойлашган давлатда солиқ тўлашини назарда тутиб ёзилади.

 

 

Трансферт баҳони шакллантириш Трансферт баҳони шакллантириш Трансферт баҳони шакллантириш /uz/publish/doc/text202244_foizlar_va_royalti_7-8-qism