Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Хизматлар кўрсатишда норезидентнинг транспортидан фойдаланилганда, солиқлар қандай тўланади
«ҚҚС тўловчи бўлган корхона транспорт хизматларини кўрсатади, шунингдек автотранспортни ижарага беради. Ўзбекистонга Қозоғистон фуқароси бўлган таъсисчига тегишли махсус техника ва енгил автомобилларни олиб кириб, шартномалар бўйича ишларни бажариш учун фойдаланишни режалаштирмоқда.
Бу техникадан фойдаланган ҳолда бажарилган ишлар бўйича қандай солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлаш керак бўлади?».
Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб берди:
Экспертнинг керакли тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Ўзбекистон ҳудудига кирганлик учун йиғим
– Чет давлатлар автотранспорт воситаларининг эгаси ёки улардан фойдаланувчи Ўзбекистон ҳудудига кирганлиги учун йиғим тўлайди .
Йиғим чет давлатнинг автотранспорти Ўзбекистонга кираётганда ёки Ўзбекистоннинг божхона ҳудудида ундирилади .
Қозоғистон Республикаси юк автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва транзити учун йиғим 2024 йил учун битта автотранспорт воситаси учун 300 АҚШ долларини ташкил этади .
Эътибор беринг
Келтириб ўтилган вазиятда техника ва автотранспортдан қандай шартларда фойдаланилиши ҳақида маълумот мавжуд эмас. Улар Ўзбекистонга олиб кирилиб, оператив ижара шартларида фойдаланилади, деб тахмин қиламиз.
Хизматлар импортидан ҚҚС
Ўз мамлакатининг қонунчилигига мувофиқ тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ва Ўзбекистон ҳудудида реализация қилиш жойи деб Ўзбекистон эътироф этиладиган товарларни (хизматларни) реализация қилувчи чет эл жисмоний шахслари ҚҚС тўловчилар ҳисобланади . Яъни, агар чет эллик Қозоғистонда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, ижара бўйича хизматлар кўрсатганда у Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси ҳисобланади. Акс ҳолда ҚҚС тўланмайди.
Солиқ солиш объекти – реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлган хизматларни реализация қилиш бўйича айланма .
Хизматлар ижарага бериш пайтида Ўзбекистон ҳудудида бўлган транспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш билан боғлиқ бўлса, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади .
Агар хизматлар транспорт воситаларини узоқ муддатли ижарага бериш билан боғлиқ бўлса, транспорт воситаларининг жойлашган жойидан қатъи назар, хизматлар харидорининг фаолиятни амалга ошириш жойи бундай хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади.
Автотранспорт ижараси шартномаси 30 кунгача бўлган муддатга тузилса, қисқа муддатли деб ҳисобланади.
Хизматлар харидори – Ўзбекистон корхонаси бўлгани боис, Ўзбекистон ижара бўйича хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади.
Агар автотранспорт эгаси бўлган чет эл фуқароси Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтмаган бўлса, солиқни Ўзбекистон корхонаси солиқ агенти сифатида тўлайди . Солиқ базаси ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда ижара бўйича ушбу хизматларни реализация қилишдан олинган даромад суммаси сифатида аниқланади.
Бунда ҚҚС Ўзбекистон корхонаси тўловчи эканлигидан ёки тўловчи эмаслигидан қатъи назар, тўланади .
Агар шартноманинг шартларига мувофиқ ижара бўйича хизматлар чет эллик фуқаро томонидан солиқни ҳисобга олмасдан тақдим этилса, ушбу хизматлар бўйича солиқ базаси солиқ агенти томонидан кўрсатилган хизматларнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда, солиқни ҳисобга олмасдан аниқланади. Бундай ҳолда солиқ агенти тегишли ҚҚС суммасини мустақил тарзда ҳисоблаб чиқариши ва бюджетга ўтказиши шарт .
Солиқнинг тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати ҳисобга олиш шартларига риоя қилинганда тўланган солиқ суммасини ҳисобга киритиш ҳуқуқини беради .
Чет элликнинг даромадидан олинадиган ЖШДС
Чет эл фуқароси ЖШДС тўловчиси ҳисобланади . Унинг мол-мулкни ижарага беришдан олган даромади – бу 12% ставка бўйича солиқ солинадиган мулкий даромад .
Солиқ агенти бўлган корхона ҳисобланган ЖШДС суммасини чет элликка даромад тўлаш билан бир вақтда, лекин солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай тўлайди .
Ўзбекистоннинг норезиденти бўлган жисмоний шахснинг даромадига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида тузилган даромадлар ва мол-мулкка иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС солинади.
Ўзбекистон корхонаси хизматларидан олинадиган солиқлар
Ўзбекистонда хизматлар кўрсатишга доир шартномалар бўйича ишларни бажаришга, сиз қандай солиқларни тўлашингизга қараб, ҚҚС ва фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ солинади.
Бунда шуни инобатга олиш лозимки, Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали товарларни олиб кирадиган (импорт қиладиган) юридик шахсларга айланмадан олинадиган солиқ татбиқ этилмайди .
Хизматлар кўрсатиш:
- ЭҲФ ва бажарилган ишлар далолатномаси билан тасдиқланади;
- ҚҚС солинади ;
- фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда жами даромадга киритилади .
Божхонада ва автотранспорт ижарасидан тўланган ҚҚСни корхона ҳисобга олиш шартларига риоя қилинган тақдирда ҳисобга олиши мумкин .
Божхона тўловлари ва автотранспорт ижараси бўйича харажатлар фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланади .