Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Чет эллик ЯТТ хизматлари бўйича қандай солиқ оқибатлари юзага келади
«Чакана савдо корхонаси ЯТТ (якка тартибдаги тадбиркор ) шаклидаги чет эл компанияси билан импорт шартномасини тузди. У хизматлар кўрсатади, жисмоний шахс сифатидаги ўзининг резидентлик сертификатини тақдим этган. Бу ҳолда биз қандай солиқларни тўлаймиз?».
Саволга «Норма» эксперти Азизахон ТОШХЎЖАЕВА жавоб берди:
Экспертнинг керакли тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Якка тартибдаги тадбиркор – компания эмас, у – жисмоний шахс.
Чет эллик ЯТТлар Ўзбекистонда ҚҚС тўловчилар ҳисобланади . Агар чет эллик ЯТТ реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлган хизматларни реализация қилса, уларга солиқ агентида ҚҚС солинади. ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати СКнинг 37-бобига мувофиқ тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини беради .
Агар СКнинг 241-моддасига мувофиқ Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи бўлмаса, ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Чет эллик ЯТТ хизматларини сотиб олиш учун сиз у билан фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома тузасиз. Предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан иборат бўлган ФҲШга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар (бундан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар мустасно) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради . Бунда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар истисно ҳисобланади, сабаби улар ўз солиқларини мустақил равишда тўлайдилар. Чет эллик ЯТТ даромадларига эса оддий жисмоний шахснинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари каби ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинади. Тегишинча, чет эллик якка тартибдаги тадбиркорга ФҲШга мувофиқ даромадлар тўлаш чоғида ЖШДС ва ижтимоий солиқ тўланади .
Агар чет эллик ЯТТ Ўзбекистон билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома тузилган давлатнинг солиқ резиденти бўлса ва солиқ резидентлиги сертификатини тақдим этган бўлса, унинг даромадларига ушбу шартнома қоидаларини ҳисобга олган ҳолда солиқ солинади .