Янги МИЗ ва саноат зоналари қандай шартларда ташкил этилади

preview

Энди янги ихтисослашган зоналар фақат махсус иқтисодий зоналар (МИЗ) ва саноат зоналари (СЗ) шаклида яратилади. Бу Президентнинг 04.03.2025 йилдаги «Махсус иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-41-сон Фармонида назарда тутилган.

Янги қоидаларга биноан «Наманган» МИЗ шу йилнинг ўзида ташкил этилади.

Янги МИЗ ва СЗлар фаолияти шартлари - buxgalter.uz шарҳида:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Махсус иқтисодий зоналар:

  • белгиланган чегараларга эга бўлган ер майдонларида экспортга йўналтирилган, юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошириш учун ташкил этилади, уларда махсус ҳуқуқий, солиқ ва божхона режими жорий этилиши мумкин;
  • махсус экспорт зонаси сифатида ўралган майдон билан, фақат экспортга йўналтирилган лойиҳаларга ихтисослашган ҳолда ҳам ташкил этилиши мумкин;
  • МИЗдаги ер участкалари (туризмга ихтисослашган ёки хусусий бошқарувда бўлган зоналар, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида Ҳукумат комиссияси томонидан энг яхши таклифни танлаш орқали тўғридан-тўғри ижарага берилади;
  • МИЗдаги ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқининг қиймати баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган бозор қийматига нисбатан коэффициентларда белгиланади;
  • МИЗда зона резидентларига хизмат кўрсатувчи сервис корхоналарини (имтиёзларни қўлламасдан) ер участкаларини онлайн-аукцион орқали сотиш йўли билан жойлаштиришга рухсат берилади;
  • МИЗ фаолияти муддатларига оид чекловлар бекор қилинади;
  • республиканинг маъмурий-ҳудудий бирликларига МИЗ мақомини бериш тақиқланади;
  • 2025 йил 1 июндан МИЗ иштирокчилари учун маҳсулотни ишлаб чиқариш ва экспортга сотиш учун фойдаланиладиган импорт қилинадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмларни «божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш» божхона режими остига жойлаштириш орқали божхона расмийлаштируви амалиёти жорий қилинади, бунда божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) тўланмайди;
  • МИЗ иштирокчилари учун қонунчиликда кўзда тутилган имтиёзлар белгиланган муддат тугагунига қадар сақланиб қолади.

 

Саноат зоналари:

  • саноат, ишлаб чиқариш корхоналарини бир жойга жойлаштириш, инфратузилма объектларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилади;
  • ер участкалари инвестиция мажбуриятлари бажарилганидан сўнг хусусийлаштириш ёки ижара муддатини узайтириш шарти билан камида 10 йил муддатга ижарага бериш учун онлайн-аукционга қўйилади;
  • онлайн-аукционда фақат юридик шахслар иштирок этиши мумкин;
  • ер участкаларини ижарага бериш бошланғич қийматини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимиятлари белгиланган тартибда ер солиғидан паст бўлмаган миқдорда белгилайди.

 

Умумий қоидалар:

  • янги МИЗ ва СЗлар фақат қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган, инфратузилма билан таъминланган (ёки унинг билан таъминлаш иқтисодий жиҳатдан асосланган деб топилган) ерларда ташкил этилади;
  • МИЗ ва СЗ ҳудудидаги ишлаб чиқариш бинолари тадбиркорлар ҳисобидан қурилиши, улар томонидан ижарага берилиши ёки саноат ипотекаси асосида ва бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилиши Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади;
  • МИЗ ва СЗда ўз фаолиятини бошлаётган инвесторларга ер участкалари 49 йилгача муддатга ижарага берилиши мумкин;
  • агар танланган иштирокчи 6 ой ичида узрли сабабларсиз инвестиция мажбуриятларини бажаришга киришмаган бўлса, ижара шартномаси бекор қилинади, бинолар, иншоотлар ва ер участкалари дирекция балансига қайтарилади;
  • инвесторларга уларга ижара ҳуқуқи асосида бошқаришга берилган ер майдонларини инвестиция битимида келишилган шартлар ва мезонлар асосида, лотларга бўлиб ва ижара муддатидан ошмайдиган муддатга субижарага бериш рухсат этилади;

«Наманган» махсус экспорт зонаси:

  • Наманган вилоятида ташкил этилади;
  • «Наманган» МИЗ иштирокчилари томонидан хориждан импорт қилинадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар «эркин божхона зонаси» божхона режими остига жойлаштирилади. Бунда божхона тўловларини тўлаш ва иқтисодий сиёсат чораларини қўллаш мақсадида ушбу ҳудудда жойлаштирилган товарлар божхона ҳудудидан ташқарида жойлашган деб ҳисобланади;
  • республика корхоналари томонидан етказиб берилган хом ашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва «Наманган» МИЗ иштирокчиларига кўрсатилган хизматлар экспортга тенглаштирилади. Бунда «Наманган» МИЗ иштирокчилари томонидан ички бозорда сотилган товарлар импортга тенглаштирилади, улар бўйича тегишли божхона ва солиқ тўловлари ундирилади.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text206966_yangi_miz_va_sanoat_zonalari_qanday_shartlarda_tashkil_etiladi