«B.TX Солиқ солиш асослари» имтиҳонига қандай тайёргарлик кўриш керак

preview

14 июнда солиқ солиш асослари бўйича имтиҳон бўлиб ўтади. У АССА «Молия ва бизнесни бошқариш» халқаро дипломи ва ДиПНУз солиқлар ва ҳуқуқ бўйича миллий диплом дастурига киради.

Имтиҳонга қандай тайёргарлик кўриш кераклиги ва у қандай ўтиши ҳақида «Grossbook» МЧЖ бош бухгалтери Нигорахон АДИЗОВАдан сўрадик:

 

– Мен Grossbook аутсорсинг компаниясида бош бухгалтер бўлиб ишлайман. Бизнинг жамоамизда 60 нафардан ортиқ ходим бор. Ҳозирги вақтда 400 нафардан ортиқ мижозга хизмат кўрсатамиз ва ўз соҳамизда етарлича таниқли компания ҳисобланамиз.

Биз бухгалтерия ҳисобини юритиш, ҳисоботларни тайёрлаш ва топшириш бўйича тўлиқ хизматлар тўпламини тақдим этамиз. Бундан ташқари, бизда операцион фаолият мавжуд: ҳисобларни тўлаш, тўлов ҳужжатларини тайёрлаш. Шунингдек, биз кадрларни кузатиб бориш ва юридик хизматлар каби бухгалтернинг стандарт мажбуриятларидан ташқари чиқадиган қўшимча хизматларни кўрсатамиз. Яқинда биз аудиторлик компаниясини очдик ва солиқ маслаҳатчиси сертификатини олишни режалаштирмоқдамиз.

 

Солиқ солиш асослари бўйича имтиҳонга тайёргарлик ҳақида

«B.TX Солиқ солиш асослари» имтиҳонига тайёргарлик кўриш учун мен moliya.academy таълим платформасида Игорь Аипкиннинг курсида таҳсил олдим, шунингдек мустақил равишда Солиқ кодексини ўргандим. Гарчи мен ишимда СКдан мунтазам равишда фойдалансам-да, имтиҳон учун ҳар бир нормани мукаммал билиш зарур, чунки турли фаолият турларида ўзига хос нозик жиҳатлар мавжуд, қонунчилик эса тез-тез ўзгариб туради.

Менга таълим платформаси жуда ёқди – у қулай, ҳатто тунда ёки дам олиш кунларида ҳам исталган вақтда шуғулланиш имконини беради, шунингдек онлайн тестларни ечиш имкониятини тақдим этади. Бу ғоят қулай эди, бунинг устига материал жуда сифатли тақдим этилади. Ҳатто мураккаб мавзулар қулай ва тушунарли тарзда тушунтирилади. Тайёргарликка менда тахминан уч ҳафта кетди.

Имтиҳон Stars University қошидаги имтиҳон марказида ўтказилди. Қизиқ жойи шундаки, бу марказда шахсни аниқлаш ИИВнинг биометрик маълумотлари ёрдамида амалга оширилади, бу эса бошқа одам учун имтиҳон топширишни истисно қилади. Ҳамма нарса ҳалол ва шаффоф ташкил этилган: камералар доимий равишда ишлайди, барча ҳаракатларни қайд қилади. Агар талаба камеранинг кўриш доирасидан чиқса, тизим автоматик равишда блокланади. Онлайн режимда бир вақтнинг ўзида бир нечта ракурсдан кузатув амалга оширилади, шунинг учун шпаргалкалардан фойдаланиш ёки ташқаридан ёрдам олиш мумкин эмас.

Имтиҳонда Солиқ кодекси матнидан фойдаланишга рухсат берилганди. Мен жавобларимнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш учун бир неча марта унга мурожаат қилдим, лекин унга ҳаддан ташқари ишонмасликни маслаҳат бераман – бу кўп вақт олади. Кодексдан фойдаланиш имконияти борлиги имтиҳонга тайёргарлик кўриш шарт эмас дегани эмаслигини тушуниш муҳим. Агар сизда амалиёт бўлмаса ва интенсив ўрганишга камида бир ой вақт ажратмаган бўлсангиз, имтиҳонни топшириш жуда қийин бўлади – жавоблар учун вақт етмай қолади.

 

Мақсадлар ва режалар ҳақида

Мен бу имтиҳонни нафақат ўз-ўзимни ривожлантириш учун, балки ўз билимларимни ҳамкасбларимга етказиш учун ҳам топширишга қарор қилдим. Бош бухгалтер сифатида мен мунтазам равишда турли мавзулар бўйича тренинглар ўтказаман, энди эса солиқ солиш соҳасида ҳам билимларимни улашмоқчиман.

Биз ходимларимизнинг ҳам бу имтиҳонни топширишларидан манфаатдормиз, чунки бу уларнинг малакасини тасдиқлайди. Биз ишонч билан айта оламизки, бизнинг мутахассисларимиз нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам тан олинадиган сертификатга эга. Бу – компаниямиз учун муҳим устунлик ва кўрсатилаётган хизматлар сифатининг кафолати.

Келажакда мен ACFP таклиф қиладиган барча имтиҳонларни топширишни режалаштирмоқдаман. Менда рус тилидаги DipIFR дипломи бор, лекин у фақат молиявий ҳисобот соҳасидаги билимларни тасдиқлайди. Мен эса тўлиқ малакага эга бўлишга интилаяпман. ACFP имтиҳонларини рус ва ўзбек тилларида топшириш мумкин, бу мен учун қулай вариант, чунки инглиз тилида топшириш қийинроқ бўларди.

Эътибор беринг

«Norma» профессионал ривожланиш маркази сизни «B.TX Солиқ солиш асослари» имтиҳонига тайёргарлик бўйича қатнаб ўқиладиган Амалиётга таклиф қилади.

Ўрин банд қилишга шошилинг – улар сони чекланган.

Рўйхатдан ўтиш – бу ерда >>>

 

 

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text207286_b_tx_soliq_solish_asoslari_imtihoniga_qanday_tayergarlik_kurish_kerak