Бюджет субсидияларидан қандай фойдаланиш керак

preview

«2024 йилда корхонамиз мақсадли молиялаштириш доирасида субсидиялар олди. Улар 88-«Мақсадли молиялаштириш ва тушумлар» ҳисобварағида ҳисобга олинди ва солиққа тортилмади. Бунда субсидиялар билан қопланадиган фаолият доирасида амалга оширилган харажатлар солиқ солинадиган фойдани ҳисоблашда чегириб ташланадиган харажатлар таркибида тан олинди. Ҳозирда олинган субсидиялардан мақсадли фойдаланиш якунлангани сабабли 88-ҳисобварақни ёпиш режалаштирилмоқда. 88-ҳисобварақ ёпилаётган пайтда унда қоладиган сумма солиқ солинадиган даромад таркибига киритилиши керакми?»

Buxgalter Pro обуначисининг саволига «Norma» эксперти, «Жавоб берамиз!» хизмати мутахассиси Азизахон ТОШХЎЖАЕВА жавоб берди:

Экспертларга ўз саволларингизни бериш ва «Жавоб берамиз!» тайёр жавоблар базасини кўриш имкониятига эга бўлиш учун Buxgalter Proга киришни расмийлаштиринг

 

– Солиқ кодексининг 48-моддасида назарда тутилган талаблар бажарилган тақдирда, олинган грантлар, инсонпарварлик ёрдами ва мақсадли тушумлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда даромад сифатида ҳисобга олинмайди . Бюджет субсидиялари мақсадли тушумлар таркибига киради .

Эслатиб ўтамиз

Субсидия – товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ва уларни сотишни молиялаштириш ёки қўшма молиялаштириш ёхуд мақсадли харажатларни қисман қоплаш учун бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган пул маблағларидир .

Мақсадли маблағларни олувчи солиқ тўловчилар ушбу мақсадли маблағлардан фойдаланиш доирасида олинган даромадлар ва қилинган харажатларнинг алоҳида ҳисобини юритишлари шарт.

Солиқ тўловчилар, бюджет ташкилотлари бундан мустасно, солиқ даври тугаганидан сўнг ўзлари ҳисобда турган жойдаги солиқ органларига олинган мақсадли маблағлардан фойдаланилганлиги тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этадилар. Ҳисоботни тақдим этиш шакллари ва тартиби Солиқ қўмитаси томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади .

Субсидиялар билан қопланадиган харажатларни амалга оширишда корхона бу субсидиялардан мақсадли фойдаланишни тан олиши керак эди, уларни фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириладиган харажатларга киритмаслиги лозим эди.

Яъни, фойда солиғига тортиш мақсадида субсидия олиш даромад ҳисобланмайди, субсидиядан мақсадли фойдаланиш эса харажат сифатида қаралмайди. Улар солиқ миқдорига таъсир кўрсатмаслиги керак.

Кўриб чиқилаётган ҳолатда корхона субсидия олишда даромадни тан олмади, бироқ ушбу субсидиялар ажратилган харажатларни амалга оширишда корхона чегириладиган харажатларни тан олди, яъни солиқ суммасини камайтирди. Бу нотўғри ҳисобланади.

Солиқ солинмайдиган даромадларни олиш билан боғлиқ харажатлар чегириб ташланмайди .

Агар корхонага бюджетдан субсидиялар ажратилиб, улар мақсадли ишлатилса ва натижада фойдаланилмаган мақсадли маблағлар қолса, субсидия ажратиш ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, улар бюджетга қайтарилиши шарт.

Агар қолдиқ қайтарилмайдиган бўлса, у фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда бепул олинган мол-мулк сифатида жами даромад таркибига киритилади .

Корхона йўл қўйилган хатоларни тузатиши ва бюджет субсидиялари олинган ҳамда фойдаланилган тегишли даврлар учун фойда солиғи бўйича аниқлик киритилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши лозим . Хато тузатилганда корхона субсидиялар ҳисобига амалга оширилган харажатларни солиқ базасидан чегириб ташламаслиги сабабли, тўланиши лозим бўлган солиқ юзага келади. Қўшимча ҳисобланган солиқ ва пеня суммаси бюджетга тўланиши шарт.

Бундан ташқари, корхона ҳар бир календарь йили якунлари бўйича олинган мақсадли маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиши керак. Мy.soliq.uz сайтида ҳисобот коди – 41901_2.

Бюджет субсидияларининг бухгалтерия ҳисоби 10-сонли «Давлат ёрдамини ҳисобга олиш ва ушбу маълумотларни ошкор қилиш» БҲМСга (24.07.2024 й. АВ рўйхат рақами 3534-сон) мувофиқ юритилади. Ушбу стандартни ўрганиб чиқишни ва бухгалтерия ҳисобида йўл қўйилган хатоларни ҳам тузатишни тавсия этамиз.

 

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text210150_byudjet_subsidiyalaridan_qanday_foydalanish_kerak