Ўзбекистонда 2025 йил 1 декабрдан нималар ўзгаради

preview

Тушунамизки, ҳар кунги «қонунчилик янгиликлари» катта эҳтимол билан бухгалтерларнинг ғашига тегади. Бошқа томондан – янги қоидалар бор ва уларга амал қилиш керак...

Сиз учун – 2025 йил декабрь ойи учун янгиликларга оид шарҳимиз. Эътибор учун яхши янгиликлар ҳам бор:

Муҳим маълумотларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Экология бўйича маълумотлар очиқланмоқда

Экология вазирлиги  атроф табиий муҳит давлат мониторинги маълумотлар базасининг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлайди  ва унга қуйидаги маълумотларни жойлаштиради:

  • давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома олиш учун аризалар (ариза берувчилар, дарахтлар сони, уларнинг турлари, жойлашган жойи) ва кесиш бўйича ўтказиладиган жамоатчилик эшитувлари (санаси, вақти, манзили, натижалари);
  • қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун ҳудудларга бириктирилган санитария-тозалаш корхоналари тўғрисида (корхонанинг номи, раҳбар ва унинг ўринбосарининг Ф.И.О., уларнинг телефон рақамлари, диспетчерлик хизмати ва мурожаатларни қабул қилиш хизмати тўғрисидаги маълумотлар, ҚМЧларни олиб чиқиб кетиш режа-жадвали);
  • чиқиндиларни қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш ва ёқиш орқали муқобил энергия ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар тўғрисида (корхонанинг номи, фаолият тури, телефон рақамлари, иккиламчи хом ашё, сараланган чиқиндиларни қабул қилиш пунктларининг манзиллари) ва бошқалар.

Чорвадор ва паррандачиларга субсидия ажратишнинг охирги ойи

2025 йил 31 декабрга қадар давлат томонидан баъзи ташкилотларга қуйидаги миқдорда субсидиялар ажратиш давом эттирилади :

  • чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга – хорижий давлатлардан импорт қилинган ҳар бир бош наслдор қорамол учун 2 млн сўм ва ҳар бир бош наслдор қўй ва эчки учун 400 минг сўм;
  • паррандачилик хўжаликларига – ҳар бир бир кунлик наслли жўжа учун импорт билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 15 минг сўм. 

Туризм соҳаси мутахассислари ўз малакаларини оширишлари мумкин бўлади

«Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети таркибидаги Халқаро туризм академиясининг Самарқанд кампусида 2025 йил 1 декабрдан бошлаб:

  • туризм соҳаси субъектлари мутахассислари ўз маблағлари, шунингдек, иш берувчилар ва буюртмачи ташкилотларнинг маблағлари (бюджетдан ташқари маблағлар) ҳисобидан шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтишлари мумкин ;
  • ҳар йили Жаҳон туризм ташкилотига аъзо давлатларнинг (шу жумладан Ўзбекистоннинг) 100 нафар иқтидорли мутахассисларига Академияда қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурлари бўйича ўқиш учун махсус грантлар ажратилади .

 

Истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқишнинг янги механизми ишга тушади

Истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш мақсадида 2025 йил 1 декабрдан бошлаб «истеъмолчи - тадбиркор - ННТ - давлат органлари» тизими жорий этилади. Янги тартиб қуйидагича ишлайди:

  • истеъмолчиларнинг барча мурожаатлари «Истеъмолчи мурожаати» ахборот тизими орқали қабул қилинади ва улар бўйича барча босқичларда мониторинг олиб борилади;
  • тадбиркорлик субъекти шикоят тўғрисидаги хабарномани ушбу тизимни Солиқ қўмитасининг ягона ахборот тизимига интеграция қилиш орқали олади;
  • агар тадбиркор 10 кун ичида ҳуқуқбузарликни бартараф этмаса, ННТ ушбу ҳолат бўйича тегишли ваколатли давлат органларига ёки судга мурожаат қилади.

«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ кредитлар ва лизинглар бўйича бизнесга кафолат ва кафиллик тақдим этади

Компания томонидан кафолатлар ёки кафилликлар қуйидаги шартлар асосида тақдим этилади:

  • йирик тадбиркорлик субъектларига – 10 млрд сўмгача, бироқ кредит, лизинг, банк кафолати ва аккредитивларнинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда;
  • ўрта ва йирик тадбиркорлик субъектларига ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва «яшил» иқтисодиёт бўйича йирик лойиҳалар учун – уларнинг айланмасидан келиб чиқиб – 10 млрд сўмдан ортиқ;
  • илгари кафилликдан ижобий фойдаланган ва яхши кредит тарихига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига – кафилликнинг амалдаги миқдорини 1,5 бараваргача оширган ҳолда;
  • юзага келган гаров таъминоти тақчиллигининг олдини олиш мақсадида барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар, лизинг, банк кафолатлари ва аккредитивлар бўйича – белгиланган миқдорлар доирасида.

Агропортал ерни иккиламчи ижарага бериш операцияларини расмийлаштириш имконини беради

2025 йил 1 декабрдан Агропорталда қишлоқ хўжалиги ерларини иккиламчи ижарага бериш хизматлари жорий этилади.

  • иккиламчи ижарага бериладиган ерларни аниқлаш, ижара шартномаларини тузиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва тўловларни амалга ошириш;
  • иккиламчи ижарага бериладиган ерларда маҳсулот етиштириш учун кредит олиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш.

 

Толлинг операциялари доирасида БЮДни соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш мумкин бўлади

Божхона маъмуриятчилиги амалиётига божхона ҳудудида ва божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимларида соддалаштирилган тартибда БЮДни расмийлаштириш имконини берувчи «Толлинг операциялари» модули жорий этилади .

 

Саноат ташкилотлари зарарли чиқиндиларни камайтириши шарт

Миллий экология қўмитасининг огоҳлантиришича, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқаришни икки баравар камайтирмаган хўжалик юритувчи субъектлар:

1) 10 иш кунидан кўп бўлмаган муддатга вақтинча тўхтатилишги;

2) Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг қарори билан «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонуннинг (ЎРҚ-363-сон) 22-моддасига асосан белгиланган тартибда тугатилиши мумкин.

Бундан ташқари, экологик мажбуриятларни бажармаган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан МЖтКнинг 85-1, 95 ва 197-6-моддаларига мувофиқ маъмурий чоралар қўлланилади.

Атмосфера ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлган корхоналар жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин. 

АИ-80 бензини айланмаси тўхтатилади

2025 йил 1 декабрдан бошлаб аҳолини янада сифатли экологик тоза ёқилғи билан таъминлаш мақсадида АИ-80 бензинини сотиш устидан қатъий назорат ўрнатилади .

Бундан ташқари, декабрь ойидан бошлаб Тошкентнинг айрим кўчаларида тиғиз вақтларда юк транспорти ҳаракати чекланади (аниқ локацияларни ИИВ белгилайди).

Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text212121_uzbekistonda_2025_yil_1_dekabrdan_nimalar_uzgaradi