Май ойида ҳар бир бухгалтерга асқотади:
12 май
• Қуйидаги ҳуқуқлар учун 2026 йил май ойи учун йиғимларни тўлаш (СК 460-м. 6-қ.):
– чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш;
– пиво ва пиво ичимликлари чакана савдоси;
– тамаки маҳсулотлари чакана савдоси.
• 2026 йил апрель ойи учун акциз солиғи ҳисоботини тақдим этиш ва тўлаш (СК 292–293-м.);
• Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси ва инвестиция воситачилари томонидан 2026 йил апрель ойи учун рўйхатга олинган акциялар билан боғлиқ битимлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш (СК 133-м. 12-қ.);
• айланмадан олинадиган солиқни тўламайдиган солиқ тўловчилар томонидан 2026 йил май ойи учун мол-мулк солиғи бўйича бўнак тўловларини йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида тўлаш (СК 417-м. 6-қ.).
Айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар мол-мулк солиғи бўйича бўнак тўловларини ҳар чорак учинчи ойининг 20-кунидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида тўлайдилар;
• айланмадан олинадиган солиқни тўламайдиган солиқ тўловчилар томонидан 2026 йил май ойи учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғи йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида тўланиши (СК 432-м. 1-қ.).
Айланмадан солиқ тўловчилар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқни ҳар чорак учинчи ойининг 20-кунидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида тўлайдилар.
• 16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига қўшимча дам олиш кунини тўлаш бўйича юридик шахснинг харажатларини қоплаш учун 2026 йил апрель ойида Пенсия жамғармасидан маблағ (нафақа) олиш учун ариза тақдим этиш (14.12.2023 й. 661-сон ВМҚга 1-илова 45-46-б.).