Солиқ қарзини қарздордан ундириш: суиистеъмол қилиш хавфи

preview

2026 йил 1 январдан бошлаб солиқ органлари солиқ қарзини солиқ тўловчининг дебиторлари ҳисобидан ундириш ҳуқуқига эга  .

Бунинг учун солиқ тўловчи ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш электрон далолатномаси билан мурожаат қилади. Далолатнома иккала тараф томонидан ёки фақат солиқ тўловчи томонидан имзоланиши мумкин. Агар қарздор солиқ органининг хабарномасини олгандан кейин 10 иш куни ичида асослантирилган рад жавобини тақдим этмаса, қарз тан олинган деб ҳисобланади .

Бундай тартиб суиистеъмол қилиш хавфини туғдиради: бошқа компания ходими билан тил бириктириб, мавжуд бўлмаган қарздорликни кўрсатиб, унинг ҳисобидан ўз солиқларини тўлашга ҳаракат қилиш мумкин.

Бундай тил бириктиришнинг шартли сценарийсини, шунингдек, тизим уни ўтказиб юбориши мумкин бўлган сабабларни аудитор, солиқлар ва бухгалтерия ҳисоби бўйича эксперт, «Arkad Audit» консалтинг компанияси асосчиси Наталья ТУРАЛИНОВА таҳлил қилади.

Эътибор беринг

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Материаллардан нусха олиш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

 

Схема қандай ишлаши мумкин

Шартли мисолни кўриб чиқамиз. Компания номлари ва миқдорлар ўйлаб топилган.

«Бета» МЧЖнинг солиқ қарзи 500 млн сўмни ташкил этади. «Альфа» МЧЖ билан ҳисоб-китоблар тўлиқ якунланган (ёки умуман мавжуд эмас), бироқ «Бета» МЧЖ директори «Альфа» МЧЖ бухгалтери билан ўз солиғини ушбу компания ҳисобидан тўлаш ҳақида келишиб олади.

1. «Бета» МЧЖ солиқ тўлаш муддатига қадар пулни аффилланган компания ҳисоб рақамларига ўтказади. Солиқ қарздорлиги юзага келганидан сўнг, «Бета» МЧЖ уни ўз ҳисобидан ундириб ололмайди.

2. «Бета» МЧЖ қарздорлиги бўлмаса-да, Didox тизимида 500 млн сўмлик солиштирма далолатномани шакллантиради. «Альфа» МЧЖ бухгалтери келишувга кўра далолатномани жавобсиз қолдиради.

3. «Бета» МЧЖ солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали мурожаат қилади, солиштирма далолатнома ID рақамини кўрсатади ва ҳужжатнинг ўзини илова қилади. Хизмат мурожаатни ҳам икки томонлама, ҳам бир томонлама ҳужжат билан расмийлаштириш имконини беради.

4. Солиқ органи «Альфа» МЧЖга билдирилган қарздорлик тўғрисида хабарнома ва ҳужжатларни юборади. Бухгалтер атайлаб жавоб бермайди. Хабарнома олинган кундан бошлаб 10 иш куни ўтгач, қарз тан олинган деб ҳисобланади .

5. Ундирув шартларига риоя этилганда солиқ органи инкассо топшириқномасини тақдим этади. «Альфа» МЧЖнинг банк ҳисобварағидан «Бета» МЧЖнинг солиқ ҳисобига 500 млн сўм ечиб олинади.

Келишув шартларига кўра, бухгалтер 150 млн сўм миқдорида мукофот олади.

«Альфа» МЧЖ директори банк ҳисоб-китобини кўриб турибди. Бухгалтер пул солиқларга кетганини тушунтиради, лекин компания бошқа корхонанинг солиқ қарзини тўлаганини айтмайди.

 

Нима учун бу схема амалга ошиши мумкин

СКнинг 121-1-моддаси фақат солиқ тўловчи томонидан имзоланган солиштирма далолатнома билан мурожаат беришга имкон беради. Агар қарздор белгиланган муддатда асосланган рад жавобини тақдим этмаса, билдирилган қарз тан олинган деб ҳисобланади.

Бир томонлама далолатномага қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак, бироқ уларнинг тўлиқ рўйхати СКда белгиланмаган.

Амалиётда мурожаат берилганда тизим таққослаш далолатномаси ID бўйича маълумотларни олади. Фойдаланувчи қўшимча равишда далолатнома файлини юклайди ва керакли сатрларни тўлдиради. Мурожаат берилгандан сўнг кўриб чиқиш учун келиб тушади. Шу билан бирга, бундай мурожаатларни кўриб чиқишнинг эълон қилинган регламенти ҳали мавжуд эмас, шунинг учун билдирилган қарздорликни текшириш тартиби ноаниқлигича қолмоқда.

Шундай қилиб, қарздорлик бўлмаса ҳам, асосланган рад этишнинг йўқлиги компаниянинг банк ҳисобварағидан пул ечиб олинишига олиб келиши мумкин.

 

Ноқонуний тўлов учун ким жавобгар

Тил бириктириш иштирокчиларининг ҳаракатларида фирибгарлик аломатлари бўлиши мумкин . Якуний ҳуқуқий квалификацияни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар белгилайди.

Солиқ органининг жавобгарлиги масаласи мураккаброқ. СКнинг 121-1-моддаси ундирувни бир томонлама далолатнома асосида ва қарздорнинг эътирози бўлмаганда амалга оширишга йўл қўяди. Бунда у солиқ органининг компаниялар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг ҳақиқий ҳолатини текшириш бўйича махсус мажбуриятини назарда тутмайди. Шунинг учун, агар солиқ органи белгиланган тартибга риоя қилган бўлса, мавжуд бўлмаган қарздорликни ундириш ўз-ўзидан унинг ҳаракатлари ноқонуний бўлганлигини англатмайди. Бундай ҳолда давлат ҳисобидан зарарни қоплаш учун асос бўлмаслиги мумкин.

Тавсия

«Альфа» МЧЖ ўз пулларини сақлаб қолиш учун нима қилиши керак эди

Тил бириктирган иштирокчилар жавобгарликка тортилса ҳам, пулни тезда қайтариб бўлмайди ва давлат ҳисобидан қоплаш учун асос бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ўзингизни эртароқ ҳимоя қилишингиз керак – бу ҳақда «Дебитор ҳисобидан солиқ қарзи: уни қандай тўлаш ва ҳимояланиш йўллари» мавзусидаги вебинарда батафсил суҳбатлашамиз.

 

Вебинар вақти: бугун, 2026 йил 20 ноябрь, соат 15:30 да рус тилида онлайн тарзда ўтказилади.

Вебинарни аудитор, солиқлар ва ҳисоб бўйича эксперт, «Arkad Audit» консалтинг компанияси асосчиси, Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Наталья ТУРАЛИНОВА олиб боради. Бош бухгалтер сифатида 20 йиллик иш тажрибасига эга, buxgalter.uz сайтидаги доимий тушунтиришлар муаллифи.

Вебинарга ёзилиш →

 

Бизнеснинг назорат учун қўшимча харажатлари

Бундай суиистеъмолчиликлардан ҳимояланиш учун компаниялар қўшимча назорат тартиб-қоидаларини жорий этишга мажбур: солиқ органининг билдиришномалари ва кирувчи солиштириш далолатномаларини ҳар куни текшириш, жавоб бериш муддатларини назорат қилиш, ходимларнинг ваколатларини тақсимлаш ва банкдан маблағ ечиб олиш асосларини текшириш керак.

Бу иш вақтини талаб қилади ва бизнес харажатларини оширади.

Солиқ ундиришнинг янги механизми ҳатто ўз контрагентларидан ҳеч нарса қарздор бўлмаган ҳалол компаниялар учун ҳам хавф-хатарлар ва қўшимча харажатларни келтириб чиқаради. Ўз пулларини ҳимоя қилиш учун улар нафақат ўзларининг солиқ мажбуриятларини, балки бошқаларнинг қарзлари бўйича эҳтимолий талабларни ҳам назорат қилишлари керак.

Мурожаатни расмийлаштириш тартиби, жавоб бериш муддатлари, асослантирилган рад этишни тайёрлаш ва ундирув устидан шикоят қилишни «Солиқ қарзини дебиторлар ҳисобидан ундириш тўғрисидаги мурожаатни қандай расмийлаштириш керак» тавсиясида батафсил кўриб чиқамиз.

Тавсия

Солиқ кодексининг 121-1-моддаси механизми қачон сиз учун ишлайди

Агар компаниянгизнинг солиқ қарзи бўлса-ю, харидор жўнатилган товар учун ҳақ тўламаса, худди шу тартибдан қонуний равишда фойдаланиш: солиқни ҳақиқий дебиторлик қарзи ҳисобидан тўлаш мумкин. Аммо сизнинг тўғри ҳаракатларингиз муҳим!

Buxgalter Pro «Солиқ қарзини дебиторлар ҳисобидан ундириш тўғрисидаги мурожаатни қандай расмийлаштириш керак» тавсиясида экспертлар ушбу тартибни босқичма-босқич тушунтириб беришди.

Шу ерда:

– ўз маблағлари мавжуд бўлганда солиқ қарзини ундириш мисоли;

– солиқни ҳеч қачон тўламасликка олиб келадиган хатолар – улардан қочиш муҳим;

– тайёр ўтказмалар.

 

Синов рухсатини расмийлаштириш

 

 

 

Солиқ ва божхона мажбуриятларини бажариш Солиқ ва божхона мажбуриятларини бажариш Солиқ ва божхона мажбуриятларини бажариш /uz/publish/doc/text218425_soliq_qarzini_qarzdordan_undirish_suiistemol_qilish_havfi