Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
2021 йилда сиз билан солиқ органларининг қайси бўлинмаси шуғулланади
ДСҚ кўмагида buxgalter.uz шарҳ тайёрлади, у қайси пайтдан эътиборан сизнинг ташкилотингиз солиқ маъмурчилиги учун солиқ органларининг бошқа бўлинмасига ўтказилишини тушунишга ёрдам беради.
Маълумки, Ўзбекистонда барча тадбиркорлик субъектлари туман солиқ инспекциялари, вилоят ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармалари, шунингдек Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси ўртасида бўлинган. Ва хўжалик юритувчи субъект ушбу бўлинмалардан қайси бири унинг солиқ ҳисоботини қабул қилиши ва ишлов бериши, ШК юритиши, тўланиши лозим бўлган ва ҳақиқатда тўланган солиқлар ва йиғимлар суммасини ҳисобга олиши, солиқ текширувларини ташкил этиши ва ҳ.к.ни билиши муҳимдир. Бу солиқ солишда юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал қилиш имконини беради.
Туман ДСИ
Субъект фаолият кўрсатадиган (ҳисобга олинган) жойдаги солиқ инспекцияси жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатади. Ким айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ҳақли эканлиги ҳақида бу ерда ўқинг. Якка тартибдаги тадбиркорлар, резидентлар ва норезидентлар, шунингдек солиқ агентлари томонидан ЖШДС тўланиши ҳақида биз бу ерда батафсил ёзганмиз.
2021 йил 1 июндан бошлаб 16 ёшга тўлган шахслар ID-карта бериш чоғида бир вақтда солиқ тўловчилар сифатида солиқ органларида ҳисобга олинади. Жисмоний шахс бўлган солиқ тўловчиларни солиқ органларида ҳисобга олиш ушбу вақтдан эътиборан жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)дан фойдаланилган ҳолда юритилади. Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг.
Тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказишда солиқ ҳисобига олинади.
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ДСБ
Ушбу бўлинмалар ҚҚС тўловчилар билан ҳамкорлик қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун жавобгардир. ДСБ ҚҚС тўловчилар, шу жумладан - солиқ агенти сифатида тўлайдиган барча солиқлар маъмурчилиги билан шуғулланади. Мажбурий ва ихтиёрий ҚҚС тўловчилар ҳамда барча ҳамроҳ талаблар ва шартлар ҳақида бу ерда батафсил ўқинг.
Фақат аввалбошдан ҚҚС ва фойда солиғи тўлашни танлаган юридик шахслар автоматик тарзда ушбу бўлинмаларга ҳисобга тушади. Улар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан - белгиланган шаклда тақдим этилган аризага асосан рўйхатдан ўтказилади .
Қолган ҳолларда тадбиркорлик субъектлари Солиқ тўловчиларини қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига риоя қилишлари керак. Бу шуни англатадики, тегишли ҳолатлар рўй берганда қатъий белгиланган муддатларда солиқ тўловчи ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ҳақида ариза бериши керак.
Эътибор беринг!
Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси
Ҳудудлараро инспекцияга жойлашган жойи ва амалга ошираётган фаолиятидан қатъи назар, йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ маъмуриятчилигини амалга ошириш вазифаси юкланган .
Ҳудудлараро инспекция йирик солиқ тўловчи, шу жумладан - солиқ агенти сифатида тўлайдиган барча солиқлар маъмурчилиги билан шуғулланади.
Йирик солиқ тўловчилар рўйхати ҳар йили кейинги солиқ даври бошлангунга қадар 1 ойдан кечикмай ДСҚ томонидан тасдиқланади ва унинг расмий сайтида эълон қилинади.
Йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритилган ёки рўйхатидан чиқарилган юридик шахслар тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан 5 кун ичида ёзма равишда, шу жумладан - солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилинади .
Қуйидагилар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилади :
а) акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчилар;
б) тижорат банклари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари;
в) "Навоий КМК" ДК, "Олмалиқ КМК" АЖ ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;
г) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;
д) маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан олинган соф тушуми ўтган календарь йил якуни бўйича 100 млрд сўмдан юқори бўлган ёки кетма-кет келадиган 12 ойлик давр якуни бўйича ушбу миқдордан ошган юридик шахслар. Бундай солиқ тўловчилар ўтган календарь йил якуни ёки кетма-кет келадиган 12 ойлик давр бўйича солиқ органларига тақдим этган солиқ ва молиявий ҳисоботларидаги кўрсаткичларига асосан аниқланади ;
е) углеводород хом ашёси ва минерал ресурсларни қазиб олувчи, қайта ишловчи, етказиб берувчи ва сотувчи ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи юридик шахслар (бундан АЁҚШ мустасно);
ж) Ўзбекистоннинг ҳаво бўшлиғидан йўловчиларни ташиш мақсадларида фойдаланувчи, халқаро ҳаво алоқаларини амалга оширувчи ва уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар.
Сиз солиқ солиш масалалари бўйича кимга мурожаат қилишни билмасангиз ёки бу масалада шубҳа қилсангиз, 1198 телефон рақами орқали маслаҳат олинг.
Нафақат сиз билан кейинчалик ишлайдиган масъул шахсни, балки у билан ҳамкорлик қилиш тартибини ҳам аниқлаштиринг. Қандай қилиб ушбу мақсадларда солиқ тўловчининг шахсий кабинети функционалидан фойдаланишни ҳам.
Солиқлар ва ҳисобот бўйича белгиланган муддатларни ўтказиб юбормаслик учун маслаҳат олишни пайсалга солманг.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади