Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Бўш ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини сотиб олишда ҚҚС юзага келадими
"Ташкилот онлайн-аукцион орқали бўш ер участкасини ижарага олди. Онлайн-аукцион баённомасида у ижарага берилгани кўрсатилган, шу билан бирга участка ижара ҳуқуқининг реализация қиймати кўрсатилган. Ушбу баённома асосида шаҳар ҳокимияти билан 10 йил муддатга ер участкасининг ижара шартномаси тузилган. Шартномага кўра ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилади ва ижарачи томонидан ер солиғи тўловчилари учун белгиланган тартибда бюджетга тўланади.
Ташкилот ер участкаси ижара ҳуқуқи қийматидан солиқ агенти сифатида ҚҚС ҳисоблаб, тўлаши керакми?".
Buxgalter.uz илтимосига кўра саволга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Умид ХАМРОЕВ жавоб берди:
– Ҳа, ер участкаси ижара ҳуқуқи қийматидан солиқ агенти сифатида ҚҚС тўлайсиз.
Аукционда нима учун тўлаймиз
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун мулк ҳуқуқи ёки ижара асосида электрон онлайн-аукцион орқали берилади. Участкаларни бериш тартиби махсус Низом билан белгиланган.
Бўш ер участкаси - давлат мулки ҳисобланган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган, бино ва иншоотлар жойлашмаган, бирон-бир мажбурият ёки тақиқлар билан юкланмаган ва қонунчиликка мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларга ажратиб берилмаган ер участкаси.
Ер участкасининг бошланғич нархи - аукционга қўйиш учун белгиланган ер участкасига мулк ҳуқуқи ва ижара нархи.
Ер участкаси ижарасининг бошланғич нархи қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
С = S х P х T + E,
бунда:
S - ер участкаси майдони, кв. м;
Р - ер участкасининг бир квадрат метри учун ижаранинг минимал қиймати, сўм/кв. м;
Т - ер участкаси ижара муддати, йил;
Е - ер участкасини танлаш бўйича материалларни тайёрлаш ишлари қиймати, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш харажатлари, сўм.
Ер участкасининг бир квадрат метри учун ижаранинг минимал қиймати ҳар бир туман (шаҳар) учун маҳаллий ҳокимият органлари қарорлари билан тасдиқланади.
Эътибор беринг
Бу ерда ер участкаси ижара ҳуқуқининг қиймати ҳақида гап бормоқда, ижара тўлови ҳақида эмас.
Аукцион натижалари бўйича баённома тузилади, у олди-сотди шартномаси кучига эга бўлади ва участка ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек ижара шартномасини тузиш учун асос бўлади.
Баённомада лотни (ижара ҳуқуқини) реализация қилиш нархи албатта кўрсатилади.
ҚҚС
Давлат мулкини реализация қилишда (топширишда) солиқ базасини солиқ агенти белгилайди - солиқни ҳисобга олмаган ҳолда шартномада белгиланган сотиб олинаётган (қабул қилинаётган) давлат мулки қиймати миқдорида. Солиқ агенти деб якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахслар бундан мустасно, кўрсатилган мулкнинг харидорлари (олувчилари) эътироф этилади.
Яъни бўш ер участкасини ижарага олган ташкилот солиқ агенти сифатида баённомада (у эса ижара ҳуқуқини олди-сотди шартномаси ҳисобланади) белгиланган ижара ҳуқуқи қийматидан ҚҚС тўлайди.
Масалан, агар ташкилот баённома бўйича ижара ҳуқуқи учун 150 млн сўм тўлаган бўлса, у бюджетга 18 млн сўм (150 х 12%) ҚҚС тўлаши керак.
ҚҚС ташкилот ҚҚС тўловчиси бўлишидан қатъи назар, унинг солиқ ҳисобида турган жойи бўйича тўланади.
Солиқ тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати ҳисобга олиш қоидаларига риоя қилинган ҳолда ташкилотга ҳисобга олиш ҳуқуқини беради.
СКнинг 256-моддаси бўйича солиқ агентлари учун ҚҚС ҳисоб-китобининг махсус шакли - 10011_2 назарда тутилган.
ҚҚС ҳисоб-китоби қуйидаги муддатларда тақдим этилади:
- агар ташкилот ҚҚС тўловчиси бўлса - ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай;
- агар ташкилот ҚҚС тўловчиси бўлмаса - солиқ тўланган ойдан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай.
Ижара шартномаси Ижара шартномаси аукцион натижалари бўйича баённома асосида тузилади. Намунавий ижара шартномасининг 2.2-бандига кўра ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилади.
Ер участкаларини ижарага олган шахслар бюджетга ер учун ижара тўловини ер солиғи тўловчилар учун белгиланган тартибга мувофиқ тўлайдилар.
Намунавий ижара шартномасининг банди СК нормасига мос келади:
Туман (шаҳар) ҳокими билан тузилган ер участкаси ижара шартномаси асосида берилган ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилади. Ер участкаларини ижарага олган юридик шахсларга юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўловчилар учун белгиланган солиқ ставкалари, солиқ имтиёзлари, солиқни ҳисоблаб чиқариш, солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартиби татбиқ этилади.
Ташкилот ижара тўловидан ҚҚС тўламайди.