Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Дастурий маҳсулотлар экспортида ҚҚС қандай тўланади
“Компания ўйинлар ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқади. Агар харидорлар Ўзбекистондан ташқарида турса, биз ҚҚСдан озод қилинамизми?”.
Саволга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:
– Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатувчи Ўзбекистоннинг юридик шахслари СКнинг 37-бобига мувофиқ ҳақиқатда олинган товарлар бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга. Бундай хизматларни реализация қилиш бўйича айланма солиқ солинадиган айланмага тенглаштирилади.
Агар бундай хизматларнинг харидори Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга оширса ёки турса, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади .
Агар харидор Ўзбекистонда бўлса ва юридик шахс сифатида (ёхуд - унинг филиаллари ёки ваколатхоналари) рўйхатидан ўтказилган бўлса, Ўзбекистон хизматлар харидорининг фаолиятни амалга ошириш жойи деб эътироф этилади.
Давлат рўйхатидан ўтказилмаган тақдирда, хизматлар харидорининг Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда ҳам бўлиши таъсис ҳужжатларида кўрсатилган жой, уни бошқариш жойи ёки унинг доимий муассасаси жойлашган ер (агар хизматлар ушбу доимий муассаса орқали олинган бўлса) асосида белгиланади.
СКнинг 241-моддаси 3-қисмида белгиланган ҳолларда ҳам Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Бироқ ўйинлар, дастурлар ишлаб чиқиш бўйича хизматлар ва уларни норезидентга реализаци қилиш ушбу қисмга киритилмаган.
Кўриб чиқилаётган ҳолда, агар хизматлар харидорида Ўзбекистон ҳудудида доимий муассаса ва ваколатхоналар мавжуд бўлмаса, Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайди.